“Она тили”мизни тилшунослик исканжасидан қутқарайлик!

Ҳаммамиз мактабда физика, кимё, математика предметларини ўқиганмиз. Улардан қойиллатиб беш баҳо олганмиз. Аммо кўп ҳолларда оддийгина электр чироғи патронини ўрнатишни ҳам, бирор нарсанинг ҳажмини ҳисоблашни ҳам эплай олмаймиз. Нега? Жавобини ўзингиз беринг. Муаммоми? Унда ечими ҳақида Сиз ҳам ўйланг. Энди ўзимизнинг “Она тили”мизга келайлик. Мактабда она тилимизнинг аҳволи қандай? Боши ҳам, адоғи ҳам йўқ, бунинг устига дарсликдан дарсликка ўтиш, синфдан синфга кўчиш билан ўзгариб турадиган сон-саноқсиз илмий (лингвистик) қоидаларни ёдлаганмиз – сув қилиб ичганмиз. Матннинг, берилган гапларнинг “авра-астар”ини чиқариб, ипидан игнасигача таҳлил қилганмиз. Бироқ, бу “билим”лар оғзаки ва ёзма нутқимизга қай даражада таъсир қилганлиги ҳақида ўйлаб кўрайлик. Нутқимиз қандай?

Тутиламиз, дудуқланамиз. “Анақа”, “ҳалиги”, “нима десамикин”, “ўшаде” кабиларни ҳар икки сўз орасида гўё “боғлама” сифатида қўллаймиз ва бундан [ижолат ҳам бўлмаймиз. Аризани қойиллатиб ёзиб, фикримизни лўнда ва аниқ тушунтириб бера олмаймиз. Давраларда микрофон тутқазиб қолишса бирор сўзни ёлчитиб айта олмаймиз. Лекин унли товушнинг тил олди ва тил орқалиги, лабланган-лабланмаганлиги, қуйи кенг, ўрта кенг, юқори торлиги, тил ундошнинг лаб-лаб, лаб-тиш, тил олди, тил ёни, тил ўрта, тил орқа товушининг яқин, чуқур тил орқалиги ҳақидаги билим шахснинг тилдан фойдаланиш малакасини қандай ва қанчалик таъминлаши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Яқинда бир қўшнимнинг инглиз тили чуқурлаштирилган синфида ўқийдиган 11 ёшли ўғли ёнимга келиб, сўради:

 

Амаки, ойимyнинг айтишича сиз профессор экансиз?

– Ҳаа, нима учун сўраяпсан.

– Қайси фан бўйича профессорсиз?

– Ҳмм… Она тили бўйича.

– Амаки, она тили қийинми?

– Нега ундай деяпсан?

– Чунки устозим менга она тилини яхши билмайсан, дейди. Ахир, мен она (ўзбек тили демоқчи) тилимизда яхши гапираман-ку?

– Масалан, устозинг сўраганида сен нимани билмай қолдинг?

– Келишикларни. Тушум келишигининг қўшимчасини билмай қолдим, кейин ундош ҳарфларни ҳам санаб беролмадим. Лекин гапирганимда уларни ишлатаман-ку. Шу билганим эмасми?

–…

– “Она тили”дан натижам 28, лекин инглиз тилидан 78 балл бўлди.

– Инглиз тилида яхши гаплашасанми, ўзбек тилида?

– Вой, амаки, нима девоссиз, ўзбек тилимизда-де! Уйда ҳаммамиз ўзбекча гаплашамиз-у!

 

Боланинг гапларида ўзи билмаган улкан табиий мантиқ бор эди. У ҳаётни ҳам, таълимни ҳам, тилни ҳам мусаффо кўрар эди. Бу суҳбат бизни узоқ вақтлардан бери қийнаб юрган нарсани ёзишга мажбур қилди. Чунки мавжуд ҳолатга зиёли, мутахассис сифатида бефарқ бўлиш мумкин эмас. Мурғак болалар шундай фикрга келяптими, демак, муаммо пишиб етилган. Аслида таълим олувчини она тилининг беқиёс имкониятларидан баҳраманд қилиш мақсади йиллар ўтиши билан иккинчи ўринга сурилиб, назарий билимлар билан қуроллантириш эса биринчи ўринга чиқиб олди. Шунинг учун мутахассислар сифатида “Она тили”мизни тилшунослигимиз кишанларидан халос этиш керак” деган қарорга келдик. Нимадир қилиш керак, муаммони бундай қолдириб бўлмайди.

 

Она тили таълимида қаерга келиб қолдик ўзи?

Бугунги “Она тили” аслида соддалаштирилган тилшунослик фанининг ўзи. Аммо ҳар қандай муаммонинг илдизлари, сабаблари бўлади. Муаммони “зарурият ва унинг анъанавийлашуви” қонунияти асосида тушунтириш мумкин. Бир нарса бир вақтлар зарурат мақомида бўлиб, кейинчалик унинг зарурат эканлиги унутилади – зарурат бўлмай, аммо анъана сифатида сақланиб қолади. Зарурат ва унинг анъанавийлашувига ҳамма учун тушунарли бир мисолни келтирамиз.

Маълумки, ХIХ асрнинг кейинги ярмида Европа ва Ғарбда саноатлашув даври бошланди. Саноқли кишилар ишлайдиган кичик цехлар, артеллар, устахоналар, дўкон-дастгоҳлар, кичик манифактуралар ўрнини катта-катта, замонавий завод ва фабрикалар эгаллай бошлади. Уларда мамлакатнинг турли бурчакларидан келган ҳар хил шева вакиллари бўлган минг-минглаб ишчилар ишлашар, табиийки, уларнинг ўзаро мулоқотларида, замонавий техника билан “тиллаша” олишларида, албатта, муаммолар мавжуд эди. Меҳнат унумдорлигига эришиш учун ишчилар саводли бўлишлари, лойиҳаларни ўқий олишлари, дастгоҳларнинг техник йўриқномаларидан фойдалана билишлари, зарур ҳолларда техник таълим олабилишлари керак эди. Шу тариқа саноат ишлаб чиқаришидаги шиддатли юксалиш миллий тилларнинг адабий меъёрларини ишлаб чиқиш, ягона адабий тилларни шакллантириш ва унинг таълимини ташкил этиш заруратини кун тартибига қўйди.

Яна ўқинг:  Ҳарбийлар оиласи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди

Бу ҳолат Ўзбекистонимиз учун ҳам бегона эмас эди. Ўтган асрнинг илк чорагида ҳали ҳозирги ўзбек адабий тили (аслида тили эмас, балки нутқи) шаклланмаган, меъёрлари ишлаб чиқилмаган, бусиз эса на таълимни, на иш юритишни йўлга қўйиб бўлар эди. Адабий тил тараққиёт учун сув ва ҳаводек заруратга айланди. Маълумки, адабий тил умумхалқ тилининг меъёрлаштирилган кўриниши бўлиб, бу меъёрлар орфоэпик (талаффуз), орфографик (имло) ва грамматик (гап қурилиши) ҳамда услубий (сўз танлаш ва қўллаш) турларни ўз ичига олади. Адабий тил илмий асосланган меъёрлардан иборат бўлади. Шунинг учун илк бошланғич синфлар ташкил этилиб, ўқувчиларга адабий тилнинг зарур қоидалари сингдирила бошлаган. Яъни ҳарф ва товушлар, ундош товушнинг турлари ва ўзгариши, имлоси, бўғин ва урғу, сўз маънолари, сўз туркумлари, шакл ясовчи қўшимчалар ва уларнинг имлоси, гап бўлаклари, содда ва қўшма гап, тиниш белгилари, талаффуз ва имло қоидалари, тил бирликларининг услубий хусусиятлари кабилар. Адабий нутққа ўргатиш учун шунинг ўзи, унинг таълими учун бошланғич синф етарли эди. Бу билимлар тўла маънодаги ЗАРУР ВА ИШЛАЙДИГАН БИЛИМ эди. Кейинчалик етти йиллик таълимга ўтилди. Ана шу вақтдан адабий тил таълимидаги заруратнинг анъанага айланиши юз бера бошлади. Юқори тўрт (4-7) синф учун янги талаб ва мақсад қўйилмасдан, ўзига хос таълим мазмуни ишлаб чиқилмасдан, бошланғич синфлар учун белгиланган зарурий билимлар нозарурлари билан чуқурлаштирилаверди. Таълимидаги миқдор ўзгаришлари натижасида сифат ўзгаришлари юз бера бошлади – адабий тил таълими тилшуносликнинг назарий асосларига айланиб кетаверди. Адабий нутқ таълими лингвистик билимлар соясида қола бошлади. Ўн, кейинчалик ўн бир, бора-бора ўн икки йиллик ўрта таълимга ўтилгач, илк зарурат бутунлай унутилди – она тили таълими ўзининг асл моҳиятини йўқотиб, натижада тўла-тўкис тилшуносликка айланиб қолди.

Ортиқчадек туюлса-да, яна бир бор эслатиб ўтамиз. Масалан, соф лингвистик билим бўлган ундош товушларнинг нутқ аппарати қайси қисмида ҳосил бўлишини билишнинг нутқ амалиёти учун қанчалик фойдаси бор? Унлиларнинг лабланган-лабланмаганлиги, юқори тор, ўрта кенг ёки қуйи кенг эканлиги, ундошларнинг портловчи ёки сирғалувчи эканлигини билиш ўқувчига нима беради?

Сўз туркумларини фарқлаш нутқ учун зарур. Отларнинг турдош ёки атоқли эканлигини билиш имлода керак. Лекин отнинг якка ёки жамловчи, аниқ ёки мавҳум эканлигини билиш, фарқлаш (буни, керак бўлса, манаман деган тил-адабиёт ўқитувчиси ҳам охиригача фарқлай олмайди) ўқувчига қандай наф беришини ақлимизга сиғдира олмаймиз. Олий ўқув юртига кирувчилар учун тест топшириқларида юзлаб сўз ясовчи қўшимчалар бўйича минг-минглаб саволлар бор. Лекин биз аслида сўз ясаймизми ёки тайёр (туб-ясама) сўзлардан фойдаланамизми? Бошқаларни қўя турайлик, атоқли сўз санъаткорларидан кимлар қандай янги сўз ясаган? Иккиланмасдан айтиш мумкинки, нутқимизда сўз ясаш назарияси бўйича эгаллаган билимларимиз қўлланиши мумкин бўлган янги сўз ясаш амалиётимиз йўқ ва бўлмайди ҳам. Янги сўз ясамас эканмиз, сўз ясалиши ҳақидаги амалий татбиқдан холи чексиз билимлар ўқувчи учун нимага керак? Бундай далилларни “Она тили”нинг “Грамматика” бўлимидан яна истаганча топишингиз мумкин.

Яна ўқинг:  Сулоланинг муносиб давомчиси

 

“Мактаб” ва мактаб

Она тили бўйича умумий билимларимиз аслида икки гуруҳга бўлинади. Яъни, мактабдан ташқаридан ўзлаштириладиган билимлар (фонетик, грамматик, лексик билимлар) ва мактабда ўзлаштириладиган билимлар (тўғри талаффуз, имло, услуб, сўз санъати (янги сўзларни ўзлаштириш, сўзларни танлаш, сўзларни тўғри қўллаш).

Биз нутқ товушларини, грамматик қўшимчаларни, кундалик мулоқот учун ўта зарур бўлган сўзларни таълимдан ташқаридан ўрганамиз. Тил жамияти ўзига хос она тили “мактаб”идир. Бунга мактаб кўрмаган ва кўрган кишиларнинг нутқини қиёслаш асосида амин бўлиш мумкин. Аммо она тили таълимида бериладиган билимлар силсиласида жуда катта вақт бюджети мактабдан ташқаридан, тил жамиятидан эгалланган билимларнинг илмий асосларини ўргатишга сарфланади.

Ҳар бир синфда бир мавзу бир неча марта такрорланади, ҳар бир туркумдаги сўзларнинг грамматик маъно турлари талқинига жуда катта миқдордаги соатлар ажратилади. Лекин ўқувчининг нутқида бу билимлар асосида юз берган бирор сезиларли ўзгаришни кузатмаганман.

Бир ўйлаб кўрайлик, қуйидагиларни “билиб олиш” ёки “билиб олмаслик”нинг она тили имкониятларидан фойдаланиш, сўзни ҳис этиш, таъсирчан нутқ сўзлаш, саводхон бўлишга фойдаси қай даражада:

 

Билиб олинг. Нисбат ва бўлишсизлик шакллари етакчи феъл таркибида ҳам, кўмакчи феъл таркибида ҳам келиши мумкин. Замон, шахс-сон қўшимчалари, феълнинг вазифа шакллари фақат кўмакчи феълларга қўшилади.

 

Буни “билиб олмаган” ўқувчи мазкур қўшимчаларни қўшишда адашадими?

 

Билиб олинг. Қаратқич келишиги шаклидаги сўз – қаратқич, қаратқич боғланиб келган сўз эса қаралмиш дейилади. Қаратқич келишиги қаратқични қаралмишга тобелаштириб боғлаб келади ва қаралмишда ифодаланган нарса-ҳодиса, белги-хусусият, ҳаракат-ҳолатларнинг қаратқич шаклидаги исмларга қарашли эканлигини билдиради.

 

Бу билимни эгаллагач, ўқувчининг нутқий малакасида, майли, айнан шу грамматик шаклни қўллашида қандай “юксалиш” содир бўлади? Ўқувчи она тили таълими мобайнида мингга яқин ана шундай қоида ва таърифларни ўзлаштириши керак. Бундан тахминан ярми унинг тил жамияти “мактаб”идан эгаллаган малакаларининг қайта тавсифи, самарасиз илмий тус берилган кўриниши, холос.

Ўқитувчи бундай оғир лингвистик юкламани ўқувчига етказишга, унинг билимига айлантиришга уринар экан, фақат мактаб таълими учун хос бўлган асосий вазифа – ўқувчида тўғри талаффуз, имло, услуб, сўз санъати (янги сўзларни ўзлаштириш, уларни танлаш, тўғри қўллаш)га доир кўникма ва малакаларни шакллантириш, кўникмани малакага, малакани одатга, одатни табиатга айлантириш муаммосига ўз-ўзидан кейинги даражали масала сифатида қарайдиган бўлиб қолди. Бу қуйидагиларда кўринади: Аввало, энг аълочи ўқувчи ҳам шахснинг сўз бойлигини кўрсатувчи, ўзи ўқиётган, ҳатто, мактаб дастурига киритилган бадиий асардаги жунбушга келмоқ, чапдаст, рутубат, жароҳат, яра, оҳанрабо, ҳабиб, ҳассос, қуралай, мегажин, ғаввос, тунамоқ каби минглаб сўзларнинг маъноларини тушунмай ўтиб кетаверади. Ўқувчиларнинг янги сўзларни эгаллаши, сўз бойлигини ошириб бориши зарурати унутилиб кетганлигини ҳатто, она тилидан луғат дафтари юритилмаслигининг ўзи ҳам кўрсатади. Она тили машғулотларида луғатлар билан ишлашга йўналтирадиган машқ ва топшириқлар деярли йўқ. Ўқувчиларнинг ёш хусусиятларига мос, ўзбек тилининг ҳар бирдаврдаги хусусиятларини ўзида акс эттирадиган ва вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув луғатлари чоп этилмаган. Мактаб дарсликларининг иловасида эгалланиши, ўзлаштирилиш лозим бўлган сўзларнинг эмас, балки лингвистик терминлар луғатларининг илова қилиб келинаётганлиги ҳам она тили машғулотларининг тилшунослик дарсларига айланиб қолганлигини кўрсатади.

Яна ўқинг:  Бу ютуқ зиммамга катта масъулият юклайди

Сўз, ибора, мақол, маталлар, уларнинг қўлланиши, имлоси каби масалалар мактаб она тили таълими мазмунининг асоси, ўзагини ташкил этиши лозим.

 

Муаммоли вазиятдан чиқиш йўли

Муаммоли вазиятдан чиқиш учун қуйидагиларни йўлга қўйиш лозим. Аввало, адабий оғзаки ва ёзма нутқ учун зарур, ўқувчи тўла маънода ишлатадиган лингвистик минимум ажратиб олиниши керак ва бу лингвистик билимлар зинҳор чуқурлаштирилмаслиги, амалдаги дарсликлардан энг зарурлари оғзаки ва ёзма мантиқий нутқни ривожлантириш мақсади нуқтаи назаридан қатъий мезонлар асосида танлаб олиниши керак. Масалан, “Келишик қўшимчалари” мавзуси остида ўқувчиларнинг қуйидагиларни билиши етарли. Келишик қўшимчаларини, уларнинг ёзилиши ва ундаги товуш ўзгаришлари, белгисиз қўлланиши сабаблари ҳамда уларининг маънодошлиги ва маъно фарқлари. Ўқувчидан келишик ҳақида талаб қилинадиган умумий маълумот бундан ортиқ бўлиши керак эмас. Келишикларнинг таърифи, маънолари, қайси гап бўлакларини шакллантириши, қандай сўз туркумлари билан келиши каби билимлар зарур эмас.

Бу масалалар бошланғич синфлардан кейин дарсларнинг мавзусига олиб чиқилмаслиги, қуйида таклиф этиладиган тавсиялар доирасидаги сарлавҳалар замирига сингдириб юборилиши лозим.

Бошланғич синфдан кейин асосий эътибор, таълим мазмуни сўз билан ишлаш (луғатлардан сўз қидириш, уни танлаш, маъноларни аниқлаш ва изоҳлаш, имло ва талаффуз, оғзаки ва ёзма нутқ, луғатлар билан ишлаш, сўз бойлигини ошириш, нутқ ва мулоқот маданияти, нотиқлик) га қаратилиши лозим.

Ўқувчини сўз салтанатига олиб кириш учун тил ва адабиёт фанлари интеграцияси масаласини мутлақо қайта кўриб чиқиш лозим. Ҳар бир синф учун она тили таълимининг умумий моҳиятини хусусийлаштириш, таълим мазмуни, усули ва воситаларини “Ўқувчиларнинг ижодий, мантиқий, образли ва ассоциатив тафаккур қилиш, унинг маҳсулини оғзаки ва ёзма шаклларда нутқ шароитига мос равишда тўғри ва равон ифодалаш компетенцияларини ривожлантириш” бош мақсадидан келиб чиққан ҳолда изчил ва тизимли, аниқ амалий натижаларни олиш нуқтаи назаридан ташкил этиш таълим самарадорлигини таъминлашнинг кечиктириб бўлмайдиган долзарб муаммосидир.

Ўқув луғатлари зарурлиги ҳақида кўп гапириб ва ёзиб келинмоқда. Ўқув луғатлари яратилмас, ўқувчиларнинг столида она тилидан унинг ёшига мос кўплаб ўқув луғатлари турмас, бунинг учун ўқув лексикографияси назарий ва амалий соҳа сифатида тизимли йўлга қўйилмас экан, она тили таълими ўзининг ҳақиқий моҳиятидан бегоналигича қолаверади.

Мамлакатимизда ўқув луғатчилиги соҳаси энг оқсоқ соҳалардан. Унинг етарли даражада шаклланмаганлиги луғатларни тайёрлаш ва нашр қилиш билан боғлиқ илмий ва молиялаштириш тизими яратилмаганлиги билан боғлиқ.

Кўринадики, бугунги она тили таълимида унинг асл мақсад ва моҳияти унутиб юборилган. “Она тили” бутунлай тилшунослик исканжасига тушиб қолган. Уни зудлик билан бу кишанлардан халос қилиш, давлатимизнинг бу соҳада мақсадсиз сарфланаётган маблағларини сақлаб қолиш ва ундан оқилона фойдаланиш мутлақо кечиктириб бўлмайдиган вазифаларимиздан.

Она тили таълимидаги фарзандларимизнинг кучли, билимли, доно, юксак маънавиятли, мустақил фикрли бўлиб вояга етишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ҳақидаги бу таклиф ва мулоҳазаларимизга ҳамда уларнинг ечимига бевосита ёки билвосита дахлдор соҳа мутасаддилари, мутахассислари, умуман, таълим фидойилари бефарқ бўлишмайди. Шунингдек, улар ўзларининг холис муносабатларини билдиришади деган умиддамиз.

 

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,

Алишер Навоий номидаги ТошДТАУ Ўзбек филологияси факультети декани, филология фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: