ИСТИҚБОЛЛИ ҲАМКОРЛИК САМАРАЛАРИ

Ўзбекистон Президентининг Озарбойжонга ташрифига доир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 2012 йил 11-12 октябрь кунлари расмий ташриф билан Боку шаҳрида бўлади.

Олий даражадаги музокаралар чоғида ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича фикр алмашиш режалаштирилмоқда.

Расмий ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган бошқа ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланмоқда.

Ўзбек ва озарбойжон халқлари ўртасидаги асрлар давомида мустаҳкамланиб келаётган яқин дўстлик ва биродарлик алоқалари, маданият, тил, дин ва анъаналарнинг муштараклиги мамлакатларимизнинг кенг ва ўзаро манфаатли ҳамкорлиги учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Тошкент ва Бокуда ўзаро ишонч, дўстлик ва бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш тамойилларига асосланган алоқалар юксак қадрланади. Мунтазам равишда олий даражадаги учрашувлар ўтказиб келинаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2008 йилнинг сентябрь ойида Озарбойжон Республикасига расмий ташрифи, шунингдек, Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг 2010 йилнинг сентябрида Ўзбекистонга расмий ташрифи асносида имзоланган ҳужжатлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги мазмун билан бойитишга хизмат қилаётир.

Мамлакатларимиз мустақилликка эришганидан кейин анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари янги замон руҳида ривожлана бошлади.

Ўзаро муносабатларни ривожлантиришдан Ўзбекистон ҳам, Озарбойжон ҳам манфаатдор. Бугунги кунда Ўзбекистон билан Озарбойжон ўртасидаги дўстона алоқалар савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий йўналишлар қатори маданий соҳада ҳам фаол ривожланмоқда.

Ўзбекистондаги Республика Озарбойжон миллий маданият маркази ҳам икки биродар халқнинг дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлашга, маданий алоқаларни изчил ривожлантиришга хизмат қилаётир. Ушбу марказ Ўзбекистонда Озарбойжон маданияти, тили, анъана ва қадриятлари, урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришга, шунингдек, мамлакатимизда миллатлараро алоқаларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётир.

– Бугунги кунда Ўзбекистонда қирқ мингдан зиёд Озарбойжон диаспораси вакили яшайди, – дейди Республика Озарбойжон миллий маданият маркази бошқаруви раиси Мобил Мамедов. – Улар Ўзбекистоннинг ижтимоий, маданий ва иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этаётир. Илм-фан, таълим ва спорт жабҳаларининг ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда. Айтиш жоизки, мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларининг ўз миллий урф-одат ва анъаналари, қадриятларини тиклаш ва ривожлантириши учун қулай шароит ва кенг имкониятлар яратилган. Бундай муҳит, самимий ва дўстона муносабат Ўзбекистонда яшаётган турли миллат вакилларининг аҳил-иноқ, тинч-тотув, бир оиладек яшашига хизмат қилмоқда.

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар

Ўзбекистон ва Озарбойжон вакиллари икки мамлакатда ўтадиган турли маданият ва санъат фестивалларида, форум ва кўргазмаларда мунтазам иштирок этиб келадилар. Жумладан, озарбойжонлик санъаткорлар ҳар икки йилда Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг доимий ва фаол қатнашчилари бўлиб, унда бир неча бор совринли ўринларни эгаллаган.

Ўзбек ва озарбойжон халқларининг адабий мероси умумий, маданият ва санъати муштаракдир. Озарбойжонда Навоий ёхуд Бобур, Ўзбекистонда Низомий ёки Фузулий асарларини ўқимаган кишини топиш қийин. Бокуда Навоий ҳайкали, Тошкентда Низомий ҳайкали бунёд этилгани икки мамлакатнинг бир-бирининг маданиятига бўлган юксак эҳтиромидан далолатдир.

Ўзбекистонда истиқомат қилувчи озарбойжонликларни бирлаштирувчи ташкилотимизнинг асосий вазифалари мамлакатимизда озарбойжон маданиятини сақлаш ва ривожлантириш баробарида ўзбекистонликларни Озарбойжон тарихи, тили ва маданияти билан таништириш, юртимизда тинчлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга ҳамда ўсиб келаётган ёш авлодни инсонпарварлик ва бағрикенглик каби умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга кўмаклашиш, шунингдек, икки халқнинг маданий алоқаларини тараққий эттиришга ҳисса қўшишдан иборат.

Марказимиз озарбойжон маданияти, тили, адабиёти, халқ амалий санъати, миллий спорт турлари ва миллий таомларини ўрганишга ихтисослашган тўгараклар ҳамда мусиқий ва ижодий студиялар ташкил этиш билан ҳам шуғулланади. Бундай тўгаракларга мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат вакиллари қатнашиши мумкин. Марказ турли семинар ва тадбирлар, кўплаб танловлар, илмий ва маданий анжуманлар, конференциялар ўтказиш, иқтидорли ёшларни Ўзбекистонда ва хорижда олий таълим олиши учун кўмаклашиш, озарбойжон тилидаги адабиётлар кутубхонаси жамғармасини ташкил этиш борасида ҳам қатор саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Жорий йилнинг Ватанимизда Президент Ислом Каримов томонидан “Мустаҳкам оила” йили деб эълон қилингани муносабати билан ташкилотимиз ва унинг ҳудудий бўлинмалари озарбойжон диаспораси вакилларининг оилавий муносабатларини ва қадриятларини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталари, ўзаро дўстона алоқалар бугунги кунда изчил мустаҳкамланиб бораётир. Ўзбекистон билан Озарбойжон ўртасидаги муносабатлар барча соҳалар қатори маданий йўналишда ҳам жадал тараққий этиб бораётгани бизни ғоят қувонтиради. Марказимиз бу борадаги ишларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшаётганидан мамнунмиз. Ўзбекистон билан Озарбойжон ўртасидаги ўзаро манфаатли, ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган ҳамкорлик алоқалари бундан кейин ҳам изчил ривожланиб бораверишига ишонамиз.

Яна ўқинг:  Жамғарма фаолиятидан (2013-47)

Ирода УМАРОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: