“Инсон ўз ОНА тилини яхши билмай туриб, бошқа тилни мукаммал ўргана олмас экан…”

*Салом. Бизани учебний сентримизада хама инглис тилини уривенлари бор. Ҳоласез келиб қатнашишиз мумкин. Келишдан олдин тел қисез болди адресси чунтирворамза.

*Кечирасиз, cиз ҳам шу марказда ишлайсизми?

*Ҳм ман шу сентрри рахбариман. Инглис тилидан дарс бераман. Эртага кесез бемалол гаплашволамза. Вохтиз бўладими?

*Узр, бора олмайман…

Қитъа миқёсидаги нуфузли спорт мусобақаси якунлангач, ғолиблар сафидан ўрин эгаллаган спортчи билан “Устоз ва мураббийлар куни” арафасида учрашиб, интервью олишга келишиб олдим. Бўлажак суҳбатга жиддий тайёргарлик кўрдим. Ҳар ҳолда суҳбатдошим зиёли, ўзбек оиласида дунёга келган. Дунё кўрган… Интервью бўладиган кун ҳам етиб келди. Спортчига биринчи савол билан юзландим:

– Устозингиздаги қайси жиҳатларни қадрлайсиз?

Ўртага жимлик чўкди.

Саволни бироз ўзгартирган бўлдим.

– Устозингиздаги қандай хусусиятлар сизга ёқади?

Бир неча дақиқа ўтди.

– Чота сизни чунмадим, жиҳат, хусусият бу – характер. Шунақами?

–…

 

Олийгоҳда ўқиб юрган кезларим ўқитувчимиз талабаларга ўрта асрлар Европа маданияти ҳақида маълумот йиғиб келиш вазифасини топширди. Кейинги дарсда тўплаган янгиликларимизни чет тилида гапириб бера бошладик. Дабдурустдан, устоз сўзимизни бўлиб, маълумотларни ўзбек тилида гапириб беришимизни сўради.

– Устоз, тилнинг нима аҳамияти бор? Ахир сиз ҳам, гуруҳимиздагилар ҳам сўзларимизни тушунишаяпти, муҳими шу эмасми? – дедик таажжуб билан.

Ўқитувчимиз истеҳзоли кулганча, бизга юзланди:

– Ўз она тилининг тараққий этиши ёхуд унинг ер юзидан буткул йўқ бўлиб кетишида ўзини ўша миллат фарзанди деб ҳисоблайдиган ҳар бир инсоннинг улуши бор. Унутманг, тилни қадрлаш миллатчилик эмас, балки ватанпарварликдир.

Бир неча йил Европа мамлакатларида таълим олган, бир пайтлар хорижнинг энг етакчи компанияларида фаолият олиб борган, илғор фикрлайдиган устозимиздан бу сабоқни олиш биз учун чиндан-да кутилмаган ҳодиса эди…

 

Инглиз тили машғулотларига қатнай бошлаган кезларим гуруҳимиздаги ўқувчилар билан ҳар куни ким қанча сўз ёдлаш бўйича мусобақалашар эдик. Қизиғи, сўзларни ўрганиш, уларни ёд олишда алоҳида ажралиб турувчи Шерзод негадир гап тузишда, сўзларни ишлатишда жуда қийналарди. Келишиклар, қўшимчалар жойлашувини формула сингари ёзиб олса-да, уларни ажрата олмасди. Бу ҳолат бир неча бор такрорланганидан кейин у дарсларда фаол қатнашмайдиган, аста-секин машғулотларни қолдирадиган одат чиқарди. Гуруҳдошлар олдида вазифаларни бажаролмай мулзам бўлавергач, охир-оқибат дарсларга умуман келмай қўйди.

Яна ўқинг:  Маънавият – энг кучли ва таъсирчан восита

Яқинда уни кўчада учратиб қолдим, қўлида бир талай ўзбек тилига оид китоблар. Ҳол-аҳвол сўрашгач, қўлидаги китобларга савол назари билан қараётганимни тушунди шекилли, аста гап бошлади:

– Биласизми, инсон ўз она тилини яхши билмай туриб, бошқа тилни мукаммал ўргана олмас экан…

 

Ижтимоий тармоқдаги саҳифамга хабар келди: “Бизнинг ўқув марказимиз ёрдамида инглиз, корейс ва рус тиллларини тез ва осон ўрганинг. Маълумот олиш учун ушбу манзилга мурожаат қилинг”. Белгиланган ҳаволани босдим, у ерда ўқув марказининг ижтимоий тармоқдаги канали жойлашган бўлиб, мурожаат учун барча саволларни шахсийга ёзиш сўралган. Дарсларни ўтиш тартиби ва аниқ манзилни билиш мақсадида берилган манзилга ўзимни қизиқтирган саволларни ёзишга киришдим:

– Ассалому алайкум. Мен инглиз тили дарсларига қатнамоқчи эдим. Марказда ушбу тилнинг В2 даражада билувчи гуруҳлар ҳам борми? Синов дарсларига киритилишдан олдин босқичлар ўқув маркази томонидан аниқлаб олинадими?

– Салом. Бизани учебний сентримизада хама инглис тилини уривенлари бор. Ҳоласез келиб қатнашишиз мумкин. Келишдан олдин тел қисез болди адресси чунтирворамза.

– Кечирасиз, сиз ҳам шу марказда ишлайсизми?

– Ҳм ман шу сентрри рахбариман. Инглис тилидан дарс бераман. Эртага кесез бемалол гаплашволамза. Вохтиз бўладими?

– Узр, бора олмайман…

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: