Ғолиб фарзандларинг шарафла, Халқим!

Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтаётган III ёзги Олимпия ўйинлари қизғин паллага кирди. Мусобақада дунёнинг икки юздан ортиқ мамлакатидан келган тўрт мингга яқин ёш атлет спортнинг 36 тури бўйича ўзаро баҳс олиб бормоқда. Мамлакатимиз шарафини 37 нафар спортчи 16 та спорт тури бўйича ҳимоя қилмоқда.

Ўсмирлар Олимпия ўйинлари илк бор Осиё қитъасидан ташқарида ўтказилмоқда. Боиси, аввалги иккита тадбирга айнан осиёликлар мезбонлик қилган. 2010 йили илк мусобақа Сингапурда ташкил этилган бўлса, навбатдагиси 2017 йил Нанкинда бўлиб ўтган. Сингапурда Ўзбекистон спорт делегацияси 21 нафар атлет билан иштирок этган ва якунда 3 та кумуш ва 6 та бронза медаллари қўлга киритилган эди. Аммо медалларнинг энг аълоси насиб этмаганди. Нанкинда эса ҳарқалай натижалар яхшиланган – 28 нафар спортчимиз ўнта медалга сазовор бўлган – тўртта олтин, учтадан кумуш ва бронза.

Кечаги кунги мусобақаларда спортчиларимиз эркин кураш, енгил атлетика, слаломда эшкак эшиш ҳамда бокс бўйича иштирок этди. Эркин кураш баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Умиджон Жалолов олтин медални қўлга киритди. Ушбу натижа орқали Ўзбекистоннинг ўсмирлар Олимпия ўйинларидаги рекорди янгиланди. Бунгача ёш атлетларимиз Олимпиададаги энг яхши натижани 2014 йилги Нанкин Олимпиадасида (4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза) қайд этган эди. Умиджон Жалоловнинг олтин медалидан сўнг Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар сони 12 тага етди. Ҳамюртларимиз айни пайтда 4 олтин, 4 кумуш ва 4 бронза медали билан тақдирланди. Шунингдек, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган дзюдочи Жайхунбек Назаров, оғир атлетикачи Кумушхон Файзуллаева, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Гулбаҳор Файзиева делегациямиз умумий ҳисобига олтин медалларни кўшиб қўйишди.

Беллашувларда финалга қадар муваффақиятли иштирок этган таэквондочи Улуғбек Рашидов, оғир атлетикачи Муҳаммадқодир Тоштемиров, байдарка ва каноэда эшкак эшувчи Ислом Абдусаломов, аёллар кураши бўйича Шоҳида Аҳмедова кумуш медални қўлга киритди. Нилуфар Ермагамбетова (дзюдо), Индира Ўлмасова (гимнастика, микст), Долера Давронова (оғир атлетика), Муҳаммадрасул Раҳимов (эркин кураш) каби спортчиларимиз тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида бронза медали билан тақдирланди.

Кеча спортчиларимиз бокс, енгил атлетика, слаломда эшкак эшиш бўйича баҳсларга киришди.

 

Кумушхон ФАЙЗУЛЛАЕВА,

олтин медаль соҳиби:

Яна ўқинг:  Эзгу ишга камарбаста

Ўсмирлар Олимпиадасига узоқ вақт тайёргарлик кўрдик. Мана, меҳнатларимиз самараси ўлароқ, олтин медални қўлга киритдим. Терма жамоамиз ҳисобига ушбу медални қўшганимдан бениҳоя мамнунман.

Бундай нуфузли мусобақада ғолиб бўлиш спортчидан жуда катта матонат талаб қилади. Ушбу муваффақият замирида улкан меҳнат ва мураббийларимнинг беминнат саъй-ҳаракатлари ётибди. Фурсатдан фойдаланиб, барчага ўз миннатдорлигимни билдираман.

 

Исломжон АБДУСАЛОМОВ,

кумуш медаль соҳиби:

Тўғрисини айтсам, финалдаги мағлубият жуда аламли бўлди. Аммо совриндорлар қаторига кира олганимдан хурсандман. Биринчи навбатда, ота-онам, мураббийларимга мени яқиндан қўллаб-қувватлаганликлари учун ташаккур айтаман. Келажакдаги режаларим бисёр. Насиб бўлса, ўз маҳоратимни янада ошириб, катталар ўртасида Олимпия ўйинлари чемпиони бўлмоқчиман.

 

Индира ЎЛМАСОВА,

бронза медаль соҳиби:

Микст мусобақалари қуръасидан хурсанд бўлдим. Чиқишим давомида кўплаб қийинчиликларга дуч келдим. Шу билан бирга ўсмирлар Олимпия ўйинлари мен учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлди. Беллашувлар давомида бошқа спортчиларнинг иштирокини ҳам диққат билан кузатиб бордим. Энди машғулотларни янада кучайтириб, 2020 йили Токиода бўладиган Олимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритмоқчиман.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: