Орзуларинг қаршингда, болажоним!

Фарзандим Маликахон болалигиданоқ зийрак ва қобилиятли қиз бўлиб улғайди.

Ўқишга иштиёқи баланд бўлгани боис, баъзида бобоси-ю бувиси, дадаси ва мени ўзининг кутилмаган саволлари билан шошириб қўярди. Айниқса, спортнинг сузиш ва бадиий гимнастика турлари билан шуғулланиш унинг энг катта орзуларидан бири эди.

Аммо вақт ўтиши билан қизим қувватдан қола бошлади. Ранглари оқариб, ҳолсизланадиган бўлиб қолди. Қўғирчоқларини қучоқлаганича ўрнига ётиб олар, бора-бора сузиш ҳавзаси-ю, гимнастика машқлари ҳақида ҳам сўз очмай қўйди. Сергап қизалоғим оғир табиатли, кўриниши эса хорғин бўлиб қолди.

Унинг юрагида хасталик аниқлангач, шифокорлар маслаҳати билан мунтазам даво чораларини қўлладик. Маликахоннинг аввалги серҳаракат ва қувноқ ҳаётини қайтариш учун турмуш ўртоғим билан барча имкониятларни ишга солдик. Қизалоғим 5 ёшида пойтахтимизда мураккаб жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Ўшанда энди барча хавф ортда қолиб, жигарбандим буткул соғайиб кетади, деб ўйлагандим. Аммо шифокорлар ушбу жарроҳлик амалиёти вақтинча бўлиб, Маликахонга яна бир мураккаб операция зарурлигини, афсуски, бундай амалиёт фақат хорижда қилиниши мумкинлигини айтишди. Бунинг учун оддий қишлоқ оиласида моддий маблағ қаерда, дейсиз. Шулар ҳақида ўйлаб, қаттиқ тушкунликка тушдим.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди жонкуяр ходимларинингтелефон қўнғироғи мен учун умримнинг энг бахтли лаҳзаларидан бирига айланди. Кейинчалик Маликахон давлатимизнинг юксак эътибор ва ғамхўрлиги туфайли Ҳиндистоннинг нуфузли клиникаларида ҳеч қандай моддий тўловларсиз бепул даволаниб қайтди.

Қизим реанимация бўлимидан оддий палатага ўтказилганда унинг илк саволи “Энди сузиш билан гимнастика тўгарагига борсам бўладими?”, деган гапи бўлди. Ўша бахтли лаҳзаларда кўз ёшларимни тутиб туролмадим. Қизимни маҳкам бағримга босиб, севинчдан йиғлаб юбордим.

Ҳозирда Маликахоннинг аҳволи анча яхши. Мунтазам шифокорлар назоратида. Иштаҳаси ҳам жойида. Бу йил ёз келиши билан уни ўзи орзу қилгандек сузиш ҳавзасига олиб бораман. Болагинамнинг ниятлари ушалишига кўмак берган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондига ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни изҳор этаман.

 

Шарифахон МУҲИДДИНОВА,

Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри

Яна ўқинг:  Баҳорий таом

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: