Масала
– Ая, – дея ўғли китобини кўтариб, сериал кўраётган онасининг олдига келди. – математика фанимдан масаламга қарашворинг…
– Ўчириб тур, – ўғлини жеркиб солган она кўзларини экрандан узмасдан қулоқларига қистирилган телефонига шанғиллади: – Кўрдингми, Шаххи, тўғри қилди ёлғон айтиб… айтувдим-ку буям эрига қасдма-қасд хиёнат қилади деб… Ажаб қилди…
Ўғил телефон титкилаётган отанинг тепасига борди:
– Дада…
Ота бошини ҳам кўтармасдан қўл силтади. Митти экранда куннинг энг муҳим воқеалари тасвирлари ўта бошлади: Японияда зилзила, АҚШда довул, Индонезияда вулқон, Афғонистонда портлаш…
Масала яна ечилмади.
Шундоққина қўшни хонада китобини улоқтириб ухлашга ётди – улғаяётган ёлғон… хиёнат… зилзила… вулқон… довул… бомба…
Нуриддин ЭГАМОВ