Чавандоз
Муқим акани оғайнилари кўпкарига айтиб кетишибди. Қорақулбой невараси Мамарайимга тўй қилиб, кўпкари бераётганмиш…
Муқим ака Тўлқин деб ном қўйган отини обдон безади. Ёлларини таради, гиламдан жобувлар солди, сувлиқларининг тозасини ишлатди. Юганнинг тоза ултондан қилинганини танлади…
Буни кузатиб турган Зулайҳо опа отнинг манглайига қатронғидан кўзмунчоқ тақиб қўйди…
– От устида қандай одам ўтирганини, қандай кайфиятда эканлигини билади. Шу боис зотдор от ҳаммани ҳам миндиравермайди. Асовланади, йиқитиб кетади…
Қозоқ дўстлари совға қилган от Муқим аканинг руҳини сезарди. Қўлига қамчи олишга мажбур қилмасди… Манзилга кетаётганда жадалларди, қайтаётганда эгасининг хаёл суришига халақит бермаслик учун бир текис юрарди. Шунинг учун чавандоз от миниб, олган ҳордиғини ҳеч жойда чиқаролмасди…
Кўпкари яхши бўлди. Айниқса қиш, чавандозлар терлаб кетмайди. Оёғига нағал урилган, тойиб кетмайди… Муқим ака ўзича, кўпкари қишнинг зийнатида, деб қўяди…
Пардабой ТОЖИБОЕВ