Шарқона этика тарбияда катта аҳамият касб этади

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг фикрича, одам ёмон хулқ билан туғилмайди. Муайян шароитдаги тарбия натижасида уларда салбий иллатлар пайдо бўлади ва ривожланиб боради. Инсондаги қобилиятни камолга етказиш тарбия билан амалга ошади.

Шу боис, Шарқ маърифатчилиги бола тарбиясига ҳамиша катта эътибор билан қараган ва бу даврни уч гуруҳга бўладилар:

биринчиси – ҳануз оқ билан қорани танимайдиган бола. Унинг табиати ҳали ёмонлик ғубори билан қопланмаган, юраги эса ботил ишлар билан қораланмаган бўлади. Бундай болага насиҳат тез таъсир қилади ва уни тўғри йўлга осонлик билан солиш мумкин.

Иккинчиси – оқ билан қорани ажратадиган бола. Улардан баъзилари ўз нафсининг ғалабаси билан яхшилик томон эгилолмай қолган бўлади. У қилаётган ишининг ёмонлигини билади. Нуқсонларини эса эътироф этади. Бундай одамни биринчисига нисбатан қийинроқ, аммо доимий тарбия, насиҳат ва танбеҳлар билан ёмонликдан қайтариш мумкин.

Учинчиси – оилада ботил хаёл ва фосид фикрлар билан ўсиб, улғайган киши. У умр бўйи ноҳақ ишларни ҳақ деб билиб келган ва шунга астойдил эътиқод қўйган бўлади. Ёмонлик қилса ҳам уни ўзича яхшилик деб ўйлайди. Унинг тарбиясига киришиш игна билан қудуқ қазиш ёки ҳали қизиб чўққа айланмаган темирни болғалаш билан баробар.

Улуғ мутафаккир ва шоир Алишер Навоий ўз асарларида баркамол авлод тарбиясига оид кўп ибратли фикрларни битган. Жумладан, “Маҳбуб ул-қулуб” асари бу жиҳатдан катта аҳамият касб этади. Хусусан, асарнинг 89-танбеҳида тарбия тўғрисида шундай дейилади: “Қобилға тарбият қилмоқ зулмдир ва ноқобилға тарбият ҳайф. Ани одами тарбият билан зое қилма ва бунга тарбиятингни зое қилма”.

Донолар яхши ёки ёмон хулқли бўлишни оилага боғлайдилар. Уларнинг айтишича, ёмон хулқли аёлдан туғилган ва разил ота қўлида тарбияланган фарзанддан яхшилик кутиш қийин. Чиройли хулқ офтобга ўхшайди. Офтоб музни эритгани каби чиройли хулқ ҳам барча ёмонликларни эритиб юборади. Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жомийнинг фикрича, бола етти ёшга етгач, уни илм олишга ва жоҳиллик ботқоғидан қутқаришга ўргатилади, агар унга илм беришнинг иложи бўлмаса, бирор яхши ҳунарга ўргатилади. У шундай деб таъкидлайди: “Агар молинг қанча кўп бўлса, уларни фарзандингнинг илм ва ҳунар олиши йўлида сарфла, чунки молу давлатга ишониб бўлмайди, ҳунар эса ҳеч қачон ўлмайди. Илм ва ҳунар ўрганмай ўтирувчи кишилар ё зоҳид, ё танбал ёки такаббур кишилардир. Агар у зоҳид бўлса, тез кунда таъна балосига гирифтор бўлади. Танбал бўлса, гадолик кўйига тушади. Такаббур бўлса, ночорликдан охири ўғирлик кўчасига киради. Кимки касб-корига эга бўлса, бундай иллатлардан узоқда бўлади”.

Яна ўқинг:  Дилга ором гуллар жилоси

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, баркамол инсонни тарбиялашда Шарқ маърифатчилигида катта тажрибалар жамланган. Улар ҳеч бир замон ва маконда ўз аҳамиятини йўқотмаслиги билан эътиборли. Мағзи тўқ, доно фикрлар ва уларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган хулосалар ҳар бир кишига асқотади.

 

Одил БЕГИМОВ,

филология фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: