Дийдор ширин
Азал-азалдан халқимиз бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиб, кексани ҳурматлаган, кичикларни эъзозлаган. Куни кеча пойтахтимизнинг сўлим масканларидан бирида узоқ йиллар дийдор кўришмаган меҳнат фахрийларининг учрашувида қатнашиб, юқоридаги фикрларга яна бир бор амин бўлдим.
Олмазор туманида бундан қирқ йил муқаддам 299-мактабгача таълим муассасасида меҳнат фаолиятини бирга давом эттирган ишчи-хизматчилар орадан шунча вақт ўтиб, яна бир жойда жам бўлдик. Тарбиячилар – Озодаой Зоирова, Манзурахон Усмонова, Шоҳидахон Худойберганова, Фотимахон, Дилором, Донохон, Шарофатхон, Муаззамхон ва Ферузахон билан ўтган дамларни хотирладик.
Фарзандлари, набира-ю эваралари бағрида кексалик гаштини сураётган, бугунги дориламон кунлар шукронасини айтиб, қўллари дуода бўлган онахонларнинг гапларига тўймайсиз. Уларнинг даврасида бошдан ўтган барча қийинчиликлар унут бўлди. Улар қаторида эканимдан, бу ҳаётда меҳр-оқибат, қадр-қиммат, ўзаро бир-бирини йўқлашдек улуғ фазилатлар борлигига шукроналар келтирдим. Учрашувда мириқиб дийдорлашдик. Кўнгиллардан ғуборлар кўтарилиб, ёшликнинг бебаҳо дамлари хотирланди. Ибрат олса арзийдиган, энг эзгу фазилатларимиз ҳеч қачон йўқолмасин, дея ният қилдим.
Инсонлар орасидаги қадр-қиммат, меҳр-оқибатга кўз тегмасин!
Холида МИРСАЛИМОВА,
меҳнат файрийси