Тишлар нега “боғланади?”

Брикет билан даволаш усули ҳақида

Тишларнинг қинғир-қийшиқ ўсиши, жағларнинг нотўғри ўсиб ривожланишини ўрганувчи фан ортодонтия деб аталади. Жағ ва тишларнинг жипслашуви нуқсони пастки жағ бўғим касалликлари, бош оғриши, нафас олишнинг қийин бўлишига олиб келади.

Бу каби нуқсонлар ортодонт-стоматолог томонидан даволанади. Жағ нуқсони – нотўғри тишлам ёшликда тўғри тишлаш, чайнаш оқибатида келиб чиқади. Бола туғилганда табиий ҳолатда унинг пастки жағи бироз орқароқда, устки жағ эса бироз туртиб чиққан бўлади. Ушбу аъзоларнинг бу каби жойлашиши гўдак туғилаётганда уни онанинг туғриқ йўлларидан осон ўтишига ёрдам беради. Нуқсонли тиш жипслашуви, яъни нотўғри тишламда тиш қаторларининг ўзаро муносабати бузилади. Жағ юмилганда кўп тишлар қаршисидаги билан жипслашмайди. Бунда асосан бола юз скелетининг ривожланиш давридаги бошидан кечирган касалликлар, унинг туғилган вақтида жағининг шикастланиши, рахит, бурун-ҳалқумидаги аденоидлар натижасида оғиздан нафас олиш, сут тишларини эрта олдириш сабаб бўлади. Баъзан тишлам нуқсони болалардаги зарарли одатлар – сўрғич сўриш, қаттиқ нарсаларни доимий тишлаб юриши оқибатида ҳам пайдо бўлади. Нотўғри тишлам ривожланиши сабабли болада чайнашдан ташқари товушларни талаффуз этиш бузилади. Унинг нутқи ноаниқ бўлиб қолади ва чакка жағ бўғимида оғриқ пайдо бўлади. Кичкинтойнинг оғзи қурийди.

Тишлам (прикус) – юқори ва пастки тиш қаторларининг жипслаштирганда бир-бирига нисбатан эгаллайдиган ҳолати. Сут тишлари жипслашуви 6 ёшгача ва уларнинг доимий тишларга алмашинув давридаги тиш жипслашуви 6-13 ёш, доимий тишлар жипслашуви ҳамда физиологик-нуқсонли тишлар жипслашуви фарқланади. Иккала жағнинг ўсиб кетиши – бипрогнатия, юқори жағнинг ўсиб кетиши – пронития, пастки жағ ўсиши – прогения каби тишлам нуқсонлари учрайди. Тиш жипслашганда юқори кесувчи жағлар пастки тишларни чуқур қоплаб туради. Патологик тиш жипслашуви ўрта ва катта ёшларда учрайди.

Бузилган тиш жипслашуви боланинг 6-12 ёшида вақтинча тиш протезлари қўйиб даволанади. Катта ёшлиларда эса буни амалга ошириш мураккаб бўлганлиги учун улардаги тишлам операция қилиб тўғриланади. Жағ ва нотўғри тишлам оғиз бўшлиғига брикет қўйиш йўли билан даволанади. Бундан 20 йиллар илгари қийшиқ тишлар қатори тишларни олиб ташлаб тузатилган. Бунинг оқибатида лаблар ичкарига кириб, юзни хунук қилиб қўйган. Шунингдек, ушбу амалиёт тиш-милк ва оғиз бўшлиғи касалликларини келтириб чиқарган.

Болаларнинг нотўғри ривожланган тишламини брикет билан даволаш усуллари улар 12 ёшга киргандан бошлаб ўтказилади. Кўпчилик бу нуқсонни фақат ўсмирлик даврида даволаш мумкин, деб ўйлайди. 12 ёшга тўлмаган ўғил-қизларга брикет ўрнатиш мумкин эмас. Сабаби уларнинг доимий эмаль қавати ҳали шаклланмаган бўлади. Яна бу ёшдаги болалар оғиз бўшлиғининг тозалигига ҳар доим ҳам риоя қилмайди. Уларга брикет ўрнатилса тишларнинг эмаль қавати емирилиши, кариес (тиш чириши), милкларнинг яллиғланиши келиб чиқиши мумкин. Беморга брикет ўрнатилгач, оғиз бўшлиғининг тозалигига қатъий риоя қилиш талаб этилади. Брикетни шифокор белгиланган муддатда силжитиб туради. Симлар ёрдамида ўрнатилган металл ёй тишларни аста-секин бир хил қилиб текислайди. Ушбу мосламани тақиб юриш муддати жағ ёки тишлам нуқсони даражасига боғлиқ. Агар ушбу нуқсон енгил даражада бўлса кам, оғир даражада бўлса брикет узоқ муддат тақилади. Даволашнинг ўртача муддати 1,5-2 йилни ташкил қилади. Нотўғри ташхис қўйиш ва даволаш буни бир неча йилга чўзиши мумкин. Даволаниш муддати тугагандан сўнг брикет ечилиб, тишламни янада мустаҳкамлаш учун фиксатор (тишларни муайян ҳолатда маҳкамлаб қўядиган мослама) тақиб юрилади. Фиксатор брикет тақилган муддатидан икки баробар кўп вақт тақиб юрилади. Бу нуқсонни яна қайталанишининг олдини олади. Унинг икки хили ортодонтияда ишлатилади. Биринчиси – қўйилган брикет белгиланган муддатгача олинмайди. Иккинчиси беморнинг ўзи ухлашидан олдин уни қўйиб ётади. Брикетни сунъий тишларга қўйиб бўлмайди. Уни қўйганда бемор оғиз бўшлиғи гигиенасига риоя қилиб, қаттиқ маҳсулотларини истеъмол қилишдан сақланса ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди.

Яна ўқинг:  Чилим – кони зарар

 

Матлуба НАРЗУЛЛАЕВА,

пойтахтимиздаги 3-сонли болалар стоматология поликлиникаси бош шифокори ринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: