Сузиш саломатликни мустаҳкамлайди

Кунлар совиши билан ота-оналар фарзандларининг тез-тез грипп ва ЎРВИ (Ўткир респиратор вирусли инфекциялар) билан оғришидан хавотирга тушади. Дори-дармонлар билан олиб бориладиган даволаш муолажаларидан сўнг, бир оз вақт ўтгач, болалар яна бетоб бўладилар.

Мактабгача таълим муассасаларига қатновчилар, бошланғич мактаб ёшидагилар эса, беихтиёр касаллик “ташувчилари”га айланади. Замонавий тиббиётда қўшимча тадбир сифатида чиниқтирувчи машғулотлар қаторига сув ҳавзасида шуғулланиш тавсия этилади. Шу боис, сузиш билан машқ қилишнинг тиббиётдаги кўрсатмаларига қизиқдик.

Спорт машғулотларига боланинг қизиқишининг ортиши кўп жиҳатдан мураббийига ҳам боғлиқ. Баъзи болакайлар сувга тушишга бироз чўчишади. Ота-онасидан узоқлашишни исташмайди. Фаол, ҳаракатчан, қизиқувчан болалар эса тезда машғулотларга мослашиб, сув ҳавзасига иштиёқ билан келишади. Хўш, мазкур спорт турига фарзандларини олиб келаётган ота-оналар нималарга аҳамият қаратишлари лозим?

 

Савринисо ҲАКИМОВА,

педиатр:

– Сузиш спорти ўзининг бир қанча ижобий жиҳатлари билан барчага манзур. Бу спорт билан мунтазам шуғулланувчилар нафақат чиниқадилар, балки таянч-ҳаракат, нафас олиш, юрак-қон томир тизими фаолияти, модда аламашинуви яхшиланади. Болалар баҳор ва ёз ойларида соғломлаштирувчи гуруҳларда машқ қилишни бошлаганлари, қишда ҳам шуғулланишни тўхтатмаганлари маъқул. Шу билан бирга сузишнинг иштаҳани очувчи, асаб тизимини тинчлантирувчи хусусиятини ҳам айтиб ўтиш мумкин. Невропатологлар кичик ёшдаги болаларда кузатиладиган турли хил қўрқув ҳолатлари, неврозларни даволашнинг қўшимча тадбири сифатида сузиш машғулотларини тавсия этишади. У билан қанчалик эрта шуғулланса, шунчалик фойдали бўлиб, боланинг қадди-қомати текис, қадам босиши расо бўлиб вояга етади. Бўйи яхши ўсади. Гуруҳларга болаларни 6 ёшдан қабул қилишади. Аммо ўзим катта ўғлимни 3 ёшида сув ҳавзасига мураббий билан якка тартибда шуғулланиш учун олиб келдим. Ярим йилдан бери машқ қилаётган болам ҳозирда мустақил сузишни ўрганган.

Аммо ҳар қандай муолажа ёки соғломлаштирувчи машқларнинг ҳам ўзига хос чекловлари бўлиши, табиий. Юракнинг туғма ёки орттирилган нуқсони ёки ҳарорати баланд бўлган болаларга, буйрак-ўпка етишмовчилиги билан хасталанганларга, юқумли касалликлар билан оғриганларга бу спорт тури билан машқ қилиш тавсия қилинмайди. Сурункали касалликларнинг ремиссия хуруж қилмаган даврида, бола мутлақо соғлом бўлиб, шифокор кўригидан сўнг спорт машғулотларига бориши тавсия этилгандагина шуғулланишни бошласа, мақсадга мувофиқ бўлади.

Яна ўқинг:  Жисмоний машғулотлар организмдаги яллиғланишдан сақлайди

 

Оксана БОРТНИКОВА,

мураббий:

– Соғломлаштирувчи машқлар одатда ҳафтасига уч маротаба бўлиб ўтади. Ҳавзадаги сув ҳароратининг мўътадиллиги қишин-ёзин сақланади. Биз, мураббийлар, боланинг кўзига қараб, унинг ҳолатини илғаймиз: чарчаганини ёки зерикканини пайқаймиз. Шунинг учун илк машғулотларини ўйин тарзида олиб борамиз. Бунда болалар сувга тезда кўникадилар ва қизиқиш билан машқ қиладилар. Сузиш билан шуғулланаётганда мунтазамлик муҳим аҳамият касб этади. Ана шундагина саломатликда ижобий ўзгаришларни кузатиш мумкин. Энг асосийси, ҳар қандай спорт турида бўлганидек, сузиш болани тартиб-интизомга, сабр-тоқатга, меҳнаткашликка ўргатади.

 

Юлдуз ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: