Туйғу ҳаётлиги
ёхуд ҳаётий туйғулар шаффоф сатрларда намоён
Йигирма икки йилдирки, истиқлол даври адабиёти забардаст ижодкорлар қаторида ёш истеъдодлар билан бойимоқда. Яқинда Нигора Йўлдошеванинг «Янги аср авлоди» нашриётида чоп этилган «Онамдай кенг дунё» номли шеърий китоби кишида ана шундай тасаввур уйғотади. Тўплам ҳажман кичик бўлишига қарамай, ундаги ёрқин сатрлар ёш ижодкорнинг юксак туйғуларга ошно эканидан дарак беради.
Айниқса, шоира ўзидаги кечинмалар, орзу-армонлар, Ватан туйғуси, севги-муҳаббат изтиробларини самимий ифодалайди.
Унинг «Кумушбиби ноласи» шеъри чуқур лиризм, енгил истеҳзо руҳида ёзилгани билан ўқувчини соҳир туйғулар сари етаклайди.
У шундай ёзади.
Сиз қочоқсиз.
Марғилоннинг йўлларидан
Қочган бегим,
Бизга шунча бегонами
Тошкан бегим.
Нетай сизнинг
кўзларингиз очилмади.
Бу гулшаннинг боғларида
Шошган бегим.
Ушбу сатрларда аёл қалби, ундаги дард-изтироблар, эркалик ва ноз енгил юмор, нозик қочирмаларга ўраб, шеърият муҳибларига армуғон этилган. Гул дардини гул билар деганларидек, Нигора Йўлдошева шеърларида аёлни, онани улуғлайди. Унинг дардлари, қувончу ташвишларини чиройли ташбеҳлар орқали тараннум этади.
«Юрагимда онам яшайди» шеъри ҳам ўзининг ҳаётийлиги билан юракка яқин:
Иқболимни кўрса яйрар,биламан,
Ахир, онам учун ҳамон боламан.
Гарчи бугун ўзим, ўзим онаман,
Менинг юрагимда онам яшайди.
«Онамдай кенг дунё» китоби Нигоранинг адабиёт оламига ўз овози, ўз йўли билан кириб келаётганидан нишона. Унинг шеърларидаги мушоҳада, фалсафий нигоҳ ўқувчини ҳаёт ҳақида ўйлашга ундайди.
Тўпламдаги «Йўқотиш», «Мендан кет», «Синфдошларимга», «Туш», «Эрка малак», «Отамнинг боғи» каби кўплаб шеърларида ёшликка хос жўшқинлик ўз аксини топган. Мазкур тўплам китобхонларни покиза туйғулар сари чорлайди.
Рустам МАННОПОВ