Она ва бола саломатлиги – доимий эътиборда

“Соғлом она ва бола йили” давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар шифокорлар олдига янада масъулиятли вазифаларни қўйди.

Андижон вилоят перинатал марказида ҳам йил бошидан буён ушбу йўналишда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бу ерда она қорнидаги ҳомиланинг 22 ҳафталигидан бошлаб, туғилгандан кейинги 6 кунлик даври тиббий муолажалари, она ва бола соғлиғи назорат остига олинади. Шифохонада асосан муддатидан олдин туғилган чақалоқлар, турли бемор ҳомиладор аёллар даволанади.

210 ўринли марказда 5 та бўлим фаолияти йўлга қўйилган. Ҳар бирида малакали шифокорлар энг замонавий тиббиёт жиҳозлари ёрдамида оналар ва болалар саломатлигини назорат қилиб келмоқда. Яқинда чақалоқлар бўлимига яна бир янги ускуна келтирилди. Юқори нафас йўлларидаги доимий мусбат босимни ҳосил қилиш ва ушлаб туришга мўлжалланган ушбу тиббий жиҳоз чала туғилган чақалоқларни даволашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

– Шифохонамизнинг жонкуяр ходимлари вилоятимизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам бўлиб, она ва бола саломатлигини назорат қилиб борадилар, – дейди аёллар касалликлари бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Дилдорахон Насирдинова. – Айниқса, ҳомиладор аёлларда учрайдиган турли хасталикларнинг олдини олиш, тиббий маданиятни ошириш, репродуктив саломатлик ҳақидаги билимларни оширишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Она соғлом бўлсагина, туғилажак фарзанд саломат дунёга келади. Бунинг учун аёллар доимо шифокор назоратидан ўтиб борса, турли юқумли касалликлар, яллиғланиш, хатарли ўсмаларнинг олдини олган бўлади. Бунинг учун перинатал марказда барча имкониятлар муҳайё.

Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. Республикамизда амалга оширилаётган оналар ҳамда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш миллий модели Минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришишнинг самарали стратегияларидан бири сифатида дунёда ўз эътирофини топаётганлиги ҳам бежиз эмас.

Тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилишдек улкан йўналиш мана шундай кўламларга эга эканини, жаҳонда ўз қадамини тобора дадил ташлаётган Ўзбекистон турли соҳалар билан бир қаторда, буларни ҳам изчил амалга ошира олганини фахр билан айтиш даркор.

 

Муҳаббат ОТАМИРЗАЕВА,

Андижон вилояти

Яна ўқинг:  Бир оғиз сўз ёхуд оила бахти кимга боғлиқ?!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: