Юксак натижалар билан

XVIII Осиё ўйинларида иштирок этган бир гуруҳ спортчилар юртимизга қайтди

Мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган кенг имкониятлар натижасида спортчиларимиз нуфузли мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгаллаб келмоқда. Бунинг мисолини атлетларимизнинг XVIII ёзги Осиё ўйинларида қайд этаётган юксак натижаларидан ҳам кўриш мумкин.

Куни кеча мазкур мусобақанинг спорт гимнастикаси, слаломда эшкак эшиш, ушу, сузиш, таэквондо (WTF) бўйича ўтган баҳсларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида спортчиларимизни давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар, спорт мухлислари кутиб олди. Улар орасида таэквондо (WTF) бўйича ўтган 80 килограмгача вазн тоифасидаги беллашувларда барча рақибларини енгиб, Осиё ўйинлари ғолибига айланган Никита Рафалович, таэквондочиларимиздан кумуш медаль соҳиблари Дмитрий Шокин ва Мадинабону Маннопова, бронза медали соҳибалари Нигора Турсунқулова ва Светлана Осипова, ушу баҳсларида кумуш медаль соҳибаси Дарья Латишевалар бор.

Спортчиларимизнинг бу каби юксак натижаларни қўлга киритишида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисидаги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Айтиш керакки, Индонезиянинг Жакарта ва Пелембанг шаҳарларида ўтаётган Осиё ўйинларида оғир атлетикачиларимиз ҳам юқори натижаларни қайд этишди. Жумладан, сўнгги ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони, – 105 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Руслан Нуриддинов даст кўтаришда 191 кг, силтаб кўтаришда эса 230 кг тошни ўзига бўйсундириб, умумий 421 кг натижа билан рақибларидан устун келди. Руслан шу билан бирга Осиё ўйинлари рекордини ҳам янгилади. Шунингдек теннис бўйича баҳсларда Денис Истомин финалда хитойлик Йибинг Вуни 2: 6,6: 2,7: 6 ҳисобларида мағлуб этди ва Осиё ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди.

Бадиий гимнастика бўйича Сабина Тошкенбоева яккалик баҳсларида ярим финалда энг яхши натижани қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади. Аммо у финалда 65,850 натижа билан кумуш медаль олди. Ўзбекистонлик яна бир бадиий гимнастикачи Нуринисо Усмонова эса тўртинчи ўрин билан кифояланди.

Яна ўқинг:  ШИОРЛАР ШИВИРЛАБ АЙТИЛМАЙДИ

Осиё ўйинлари Ўзбекистон бокс жамоасининг рингга чиққан уч вакили ҳам ўз жангларида ғалаба қозониб, ярим финалга чиқди. Жасур Латипов (-52 кг), Шунқор Абдурасулов (-60 кг) ва Бобоусмон Батуров (-69 кг) 31 август куни ярим финал жангларида иштирок этишади.

2018 йилнинг 28 август санаси Ўзбекистон спорти тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилажак. Боиси, шу куни ёзги Осиё ўйинлари тарихида биринчи маротаба ўзбек кураши усталари ғолиблик учун гиламга чиқишди.

Аслида миллий курашимизни Осиё ўйинлари дастурига киритиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар анча олдин бошланган ва илк бор 2002 йили Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида бўлиб ўтган XIV ёзги Осиё ўйинларида кўргазмали чиқиш намойиш этилганди. Орадан тўрт йил ўтиб, Қатарнинг Доха шаҳри мезбонлик қилган XV ёзги Осиё ўйинларида курашимизни мусобақалар дастурига киритиш йўлида муҳим қадамлар ташланди.

Ўзбекистон кураш терма жамоасининг барча вакили Индонезияда турли даражадаги медалларга сазовор бўлди. Бу билан полвонлар Ўзбекистон ҳисобига энг кўп медаль келтирган жамоага айланиб олишди. Хусусан, – 66 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилтган Маъруф Ғайбуллоев саралашда индонезиялик Тимур Априлианда Адини, нимчорак финалда филиппинлик Ламас Ал Роланни, чорак финалда туркманистонлик Марат Ўразовни, ярим финалда эронлик Ганбари Ганбаралини мағлуб этиб, финалга чиқди. Унга финалда Ўзбекистоннинг шу вазн тоифасидаги бошқа вакили Руслан Бўриев қарши чиқди. Р. Бўриев финалга қадар мўғулистонлик Басандаш Жаргалсайхон, непаллик Тапа Упендра, афғонистонлик Муҳаммад Юсуф Шуайб ва хитой тайпейилик Чан Хаоченгни мағлубиятга учратганди. Ўзбекистонлик икки спортчининг ўзаро баҳсида М. Ғайбуллоевнинг қўли баланд келди ва курашдаги илк олтин ва кумуш медаль расмийлаштирилди.

+90 кг вазн тоифасида ҳам ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этишди. Нурбек Тўраев саралаш босқичида ливанлик Фадел Жадни, нимчорак финалда мўғулистонлик Баярсайхон Темулинни, чорак финалда афғонистонлик Абдулбосир Раҳмонийни мағлуб этди. Аммо у ярим финалда эронлик Жафар Паҳлавонийжагарҳга ютқазди ва бронза медаль билан кифояланди. Шу вазн тоифасидаги яна бир ўзбекистонлик спортчи Муҳсин Ҳисомиддинов эса олтин медалга эга чиқди. У иштирокини нимчорак финалда бошлаб, япониялик Татсуми Кавагучи, хитой тайпейилик Ли Пойен, афғонистонлик Мансур Сарварини мағлуб этиб финалга чиқди. Финалда эса у ярим финалда Нурбек Тўраевдан устун келган Жафар Паҳлавонийжагарҳга қарши гиламга чиқиб, ғалаба қозонди.

Яна ўқинг:  Эҳтиромнинг масъулияти бўлакча

Аёллар ўртасида – 52 кг вазн тоифасида Гулнора Сулаймонова ҳам олтин медалга сазовор бўлди. У финалгача индонезиялик Мая Сари Сембиринг, қозоғистонлик Акжўл Кайипхан ва мўғулистонлик Герелма Эрденетсогтни мағлубиятга учратганди. Финалда эса ҳиндистонлик Пински Балҳара таслим этилди. Шу вазн тоифасидаги Ойсулув Абдумажидова эса бронза медаль билан кифояланди. Баҳсларга нимчорак финалдан киришган Ойсулув Абдумажидова дастлаб туркманистонлик Анастасия Макеевани, кейин эронлик Таҳира Азарпайвандни енгди. Аммо ярим финалда ҳиндистонлик Пински Балҳарага мағлуб бўлди.

Айни вақтга келиб ўзбекистонликлар қўлга киритган медаллар сони 38 тага етган – 9 олтин, 15 кумуш ва 14 бронза.

 

Сарвар ИСҲОҚОВ,

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мутахассиси

 

Руслан НУРИДДИНОВ,

XVIII ёзги Осиё ўйинларининг олтин медаль соҳиби:

2010 йилги Осиё ўйинларида ғолиб бўла олмаган эдим. 2014 йилги қитъа биринчилигида эса жароҳатим сабаб қатнашолмагандим. Ғалаба қозонишим 2018 йилга насиб қилган экан. Олимпиаданинг шукуҳи бошқача, лекин айни дамдаги ҳиссиётларимни сўз билан таърифлаб беролмайман.

Ишонасизми, баҳс олдидан мураббийлар билан озгина тортишиб қолдик. Қайси маънодаки, 222 кг. тош кўтарганимдан кейин чемпионлик нақд бўлгач, улар 230 кг. оғирликни кўтариб нима қиласан, олдинда жаҳон чемпионати ҳам бор, ўзингни асрагин, дейишди. Мен эса бунга рози бўлмадим ва айнан мана шу оғирликни кўтаришни истадим. Очиғини айтсам, тош кўтарганимдан сўнггина Осиё ўйинлари тарихида оғир атлетика бўйича рекорд ўрнатганимни билдим ва бундан жуда хурсандман. Олимпиададан сўнг орада анча танаффус бўлди, шу сабабми бугунги мусобақада бироз ҳаяжон бўлди, аммо барча режалар уддаланди.

 

Никита РАФАЛОВИЧ,

XVIII ёзги Осиё ўйинларининг олтин медаль соҳиби:

Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, Президентимиз ва халқимизнинг ишончини оқлаганимдан хурсандман. Мусобақада ҳар бир жанг мен учун жуда қийин ўтди. Бироқ, мураббийим Акмал Эргашевнинг маслаҳатлари ва ғалабага бўлган интилишим ушбу қаршиликларни енгиб ўтишда менга ёрдам берди. Мақсадим Олимпия ўйинларида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишдир.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: