Боласини бағрига босган онадан бахтиёр инсон йўқ

Ҳар қандай давлатнинг пойдеворини Конституция ва унга тенглаштирилган ҳуқуқий ҳужжатлар ташкил этади. Унда халқ манфаати, фаровон ҳаёти, ёруғ келажаги, ҳуқуқ ва имкониятлари акс этади. Билим олиш, эркин ижодий фаолият билан шуғулланиш, эл-юрт равнақи йўлида меҳнат қилиш, ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини юксалтириш учун барча шарт-шароитлар кафолатланади.

Хусусан, 25 йилдирки, мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг фаровон турмушини Бош қомусимиздан айри тасаввур этолмаймиз. Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик тушунчалари, ўзаро инсонпарварлик, болапарварлик ва ватанпарварлик хислатлари Асосий қонунимиз сабаб шаклланган десак, муболаға бўлмайди. Боиси, Конституциямиз қамрови шу даражада кенгки, унда бирор соҳа ёки фуқароларни мушкул вазиятга солиб қўядиган ҳолат ҳуқуқий ҳимояга олинган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати моддама модда белгиланган.

Шу йилнинг 7 декабрь куни мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги тантаналарига бағишланган тадбирда сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, “Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир”.

Дарҳақиқат, ушбу нутқда Президентимиз бир йил давомида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлади. Шунингдек, мамлакат тараққиёти, халқимиз тинчлиги, турмушимиз фаровонлиги йўлида қилиниши керак бўлган долзарб ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Қонун устуворлигини қатъий таъминлаш, адолатли жамиятни барпо этиш, ёшларнинг таълим олиши, келажакда маънан ва жисмонан соғлом авлод бўлиб вояга етиши хусусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида қимматли маслаҳатларни берди. Шунингдек, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг оғирини енгил қилишдек эзгу ва масъулиятли иш йўқлигини яна бир бор таъкидлади. Айниқса, Президентимизнинг “Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур” деган даъвати халқимизнинг кўнглидаги орзу-умидларининг тараннумидай янгради.

Мазкур маъруза ўзининг халқчил, кишиларнинг орзу-мақсадлари билан уйғун экани билан янада аҳамиятлидир. Биз ҳам ушбу маърузадан келиб чиқиб, ўз олдимизга масъулиятли вазифаларни белгилаб олдик.

Халқимиз бугунига шукур қилиб, эртасига умид билан боқади. Бу бизга аждодлардан мерос бўлиб келаётган ўлмас анъанага айланган. Ҳар бир ўзбек борки, болаларим соғ-саломат бўлса, улар биздан-да кучли, бизданда билимли, биздан-да бахтли бўлса, деган орзу-ўй билан яшайди. Шу йўлда тиним билмай меҳнат қилади. Халқимиз истакларини инобатга олиб, биз ҳам уларга эзгу йўлида кўмакчи бўлишга тайёрмиз. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди 2018 йилда ўз мақсад ва вазифаларини янги босқичга олиб чиқишга тайёр.

Яна ўқинг:  Нонуштага шарбат ичиш мумкинми?

Ўз боласини соғ-саломат бағрига босиб турган онадан бахтиёрроқ инсон йўқ. Боласининг камолидан севинмайдиган отани эса топиш жуда мушкул. Дарҳақиқат, ўзбек халқи болам деб яшайди. Ўзининг келажагини боласи сиймосида гавдалантиради. Буни дилдан ҳис қилган Президентимиз мамлакатимизда она ва бола саломатлигини асраш, жажжи авлоднинг таълим-тарбияси йўлида жонбозлик кўрсатиш учун барча имкониятларни яратиб берди. Таълим сифати ошди. Инсонлар саломатлигини асраш мақсадида тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди. Аммо бу борада қилиниши керак бўлган ишлар ҳали талайгина эканини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш биринчи даражали вазифамиз бўлиб қолади. Жамиятда соғлом турмуш тарзини ва тиббий маданиятни оммалаштириш бўйича ҳам жиддий иш олиб боришимиз зарур”.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳар йили инсонлар саломатлигини сақлаш, кам таъминлаган, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилаларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларни зарурий дори-дармон воситалари билан таъминлаб келмоқда. Мамлакатимизнинг чекка ва экологик ноқулай ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолини ижтимоий муҳофазага олиш мақсадида ташкил этилган “Саломатлик поезди” ҳам ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда Навоий вилоятларида бўлиб, олис ва яшаш ноқулай ҳудудлар аҳолисини ногиронлик аравачалари, уй-рўзғор буюмлари, керакли тиббиёт воситалари билан таъминламоқда. “Меҳрибонлик” уйлари билан доимий ҳамкорликда тасвирий санъат, спорт ва санъат йўналишларида турли кўрик-танловлар ташкил этилиб, иқтидорли болалар рағбатлантирилмоқда.

Шунингдек, фонд халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ҳам яхши йўлга қўйган. Хусусан, туғма юрак нуқсони, куйишдан қолган асорати бор болаларни чет элда даволаш ишлари яхши йўлга қўйилган. Хорижнинг ривожланган тиббиёт муассасаларида жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган кўплаб юртимиз болалари бугун соғ-саломат таълим олмоқда, спорт билан шуғуланмоқда. Эркин ижодий фаолият юритиб, эл-юрт манфаати йўлида камарбасталик қилиб келмоқда.

Ушбу эзгу ишларни 2018 йилда ҳам давом эттириб хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини мустаҳкамлашдек масъулиятли ва амалий ишлар йўлини давом эттирамиз. Зеро, эл-юрт манфаати, уларнинг саломатлиги, юрт тинчлиги ва истиқболидан ортиқ бахт йўқ, дунёда.

Яна ўқинг:  ИНТЕРНЕТ

Бунга эса фақат ва фақат халқ билан елкама елка туриб, уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиб, оғирини енгил қилиб эришиш мумкин. Ана ўшанда ҳар бир фуқаро фарзандлари тақдири, келажак режалари, оиласи фаровонлиги ҳақида атрофлича ўйлашга, мушоҳада юритишга вақт топади. Ўзига бўлган масъуллик ҳисси ортади. Бунинг учун эса руҳ ва тан соғлом бўлмоғи лозим.

Шундай экан, Президентимиз таъкидлаганидек, биз учун энг катта бойлик бўлган аҳоли саломатлигини сақлашга оид конституциявий нормалар ижросини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиши лозим.

Светлана ИНАМОВА,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: