Шифоталаб болаларнинг зафарли сафари

2018 йил 19 август. Эрта тонг. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 12 нафар бемор бола даволаниш учун “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мутахассислари ҳамроҳлигида Германия давлатига жўнаб кетди…

Отабек ўшанда 8 ёшда эди. Онаси теваракни саранжомлаб юрарди. Ҳар куни ойисининг газда овқат пиширишини кўрган болакай, уни ёқиб кўрмоқчи бўлди. Газ дастагини айлантирди, аммо гугурт эсидан чиқиб, уни қидиришга тушди. Бу орада ошхона ис газига тўлди. Гугуртни ёққач эса…

Фарзандининг “дод-вой”ини эшитган она ошхона томон югурди. Эшикни очиши билан боласини олов ичида кўрди. Жон ҳолатда эшик дастагига илинган сочиқ билан алангани ўчиришга уринди. Бир амаллаб ёнғинни ўчиргач, Отабекни зудлик билан шифохонага олиб борди. Шифокорлар боланинг танаси 70 фоиз куйганлигини, беморнинг аҳволи эса оғир эканлигини айтишди.

Яратганнинг марҳамати билан Отабек тирик қолди. Ота-она фарзандини нуфузли шифохоналарда даволатишди. Бироқ боланинг бутунлай соғайиб кетишининг имкони бўлмади.

Бир йилдан сўнг “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан болажон Германияга юборилди. Операциядан сўнг, унинг кўзлари кўра бошлади. Тери кўчириб ўтказиш амалиёти билан кўзнинг қовоқ қисмига тери ўрнатилди.

Отабек оиласи бағрига қайтганида ота-онаси фарзандининг аҳволи яхшиланганини кўриб, жуда-жуда севинди. Болакай энди синглиси билан бемалол ўйнай оларди. Куни кеча у бемор дўстлари билан навбатдаги жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун яна Германияга жўнаб кетди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди 25 йилдан буён 12 ёшгача бўлган бемор болаларни ҳорижлик ҳамкор ташкилотлар кўмагида бепул даволаб келмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оила фарзандларига кўрсатилаётган ёрдам самарасида кўплаб болалар соғлом ҳаётга қайтмоқда. Шу ўринда айтиш керакки, 2002-2017 йиллар давомида 338 нафар ўзбекистонлик бемор бола терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниб қайтишди.

Аҳоли ўртасида ёнғин ҳолатларини олдини олиш билан боғлиқ тушунтириш ишлари изчил олиб борилаётганига қарамай, ҳали ҳам бу кабисалбий ҳолатлар учраб турибди. Фонд томонидан даволаш учун жўнатилган болаларнинг аксарияти айнан ёнғин оқибатида оғир жароҳат олган. Наманган вилоятида яшовчи 7 ёшли Шамшод ҳам бепарволик сабаб аянчли аҳволга тушиб қолди. Аниқроғи, болакай 5 ёшлигида енгил автомашинанинг газ баллони портлаши натижасида оғир куйиш тан жароҳатини олади.

Яна ўқинг:  Эътиборни эътироф этиб

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Афсуски, орамизда фалокат остонадан кирмагунча пинак бузмайдиган одамлар бор. Катталарнинг эътиборсизликлари жабрини эса кўпинча мурғак болажонлар тортади.

Ёнғин ҳолатлари билан боғлиқ қонунбузарликлар ҳам айнан белгиланган қоидаларга амал қилмаслик орқали содир этилмоқда. Шу боис, муайян шахснинг жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун у риоя қилиши лозим бўлган қоидалар ва кўрсатмаларга мурожаат қилиш зарур.

Фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 84-(ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш), 124-(транспортда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ҳамда 211-(ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддаларига мувофиқ жавобгарлик қўлланилади.

Ёнғинлар билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликнинг турлари ва муддатлари Жиноят кодексининг 173-моддаси 2–3-қисмлари ҳамда 259-моддаси 1–2-қисмлари билан белгиланади.

 

 

Инсон фарзандининг бахт-у камоли учун яшайди. Унинг ўсиб-униши, хонадонни тўлдириб кулиши ҳаётнинг барча ташвишларини аритади. Онамнинг бир сўзи ёдимга тушди, “Мен боламни десам, болам боласини дейди” дердилар. Митти фаришталар ҳаёт мазмуни бўлиб қолмай, юртнинг эртанги умиди ҳамдир…

 

Аэропортнинг кутиш залида ўтирган болалар нигоҳидаги ҳисларни тасвирлашга сўз ожиз. Алам, интиқлик ва яна алланечук туйғуларнинг барчаси жажжи кўзларга сингган. Улар соғломлатириш жараёнидан сўнг оила даврасига анча тетик ҳолда қайтади, бироқ орадаги ойлар, йиллар, ота-она бағридан олис тунлар, шифохона деразасидан энтиккан кўзлар… Икки, беш, етти ёш, умуман барча мурғак жуссаларга оғирлик қилади. Уларнинг она Ватанимизга аввалгидек соғлом ва шодон қайтишини тилаймиз!

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: