Абадий дўстлик ва яхши қўшничилик сари

Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлар ҳисобланади. Ўзбек ва тожик халқлари бир-бирига жуда яқин бўлиб, тўй-маросимлари, урф-одатлари, ҳатто, либослари, таомлари, куй-қўшиқ ва рақслари ўхшаш. Икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик, қуда-андачилик ришталари билан мустаҳкам боғланган. Шу боис, уларни “икки тилда сўзлашувчи бир халқ” ҳам дейишади.

Икки мамлакат ўзаро муносабатларида кузатилаётган ушбу ижобий ўзгаришлардан, биринчи навбатда, оддий одамлар манфаат кўрмоқда. Айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги бир қатор назорат постларининг қайта очилганлиги ўзбек ва тожик жамоатчилиги, хусусан, чегараолди ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши ҳам одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Президентимизнинг Тожикистонга ташрифи ўзаро муносабатларда том маънода тарихий аҳамиятга эга бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси Президентини минглаб тожикистонликлар, Душанбе халқаро аэропортидан то Тожикистон Президентининг Сомонийлар саройигача, икки давлат байроқчалари билан “Хуш омадед!” сўзлари билан самимий кутиб олганликлари ҳали-ҳануз ёдимиздан чиқмайди. Ушбу ажойиб воқеани нафақат Президентимизга, балки бутун ўзбек халқига бўлган чуқур ҳурматнинг ёрқин ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур тарихий ташрифи Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Томонлар энг мураккаб масалаларни ҳам ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида, ҳар икки мамлакатнинг манфаатларини бирдек ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш мумкинлигини амалда исботлаб бердилар.

Президентимизнинг мазкур ташрифига жавобан жорий йилнинг 17-18 август кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг учрашуви давлатлараро алоқаларни янги стратегик даражага олиб чиқиши ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги истиқболларни очиб бериши, шубҳасиздир.

Шуни эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг ташаббуси ва бевосита саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилди. Бизнинг вазифамиз, қайта жонланган ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришдан иборат. Зеро, ўзбек-тожик биродарлиги Марказий Осиёда яхши қўшничилик, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, Олий Мажлиснинг Тожикистон парламенти билан ҳамкорлик қилиш бўйича гуруҳи аъзоси

Яна ўқинг:  Тадбиркорлик асослари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: