Осиё ўйинлари: биз фақат ғалаба кутамиз
Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида 18-бор ўтказилаётган ёзги Осиё ўйинларининг расман старт олишига саноқли кунлар қолди.
Айни пайтда деярли барча спорт делегациямиз мусобақа жойига етиб борган. Айрим спорт турлари бўйича вакилларимиз эса сўнгги кун ва соатларга қадар бошқа шаҳарларда ташкил этилаётган мусобақа ва ўқув-машғулот йиғинларида қатнашишни, Осиё ўйинларидаги муддатига яқин белгиланган жойга етиб боришни режалаштиришган. Мисол учун, гимнастикачиларимиз – Сабина Тошкенбоева ва Нуринисо Усмоновалар 17-20 август кунлари Минскдаги Жаҳон кубогида қатнашадилар. Айни пайтда улар масъулиятли мусобақага Россиянинг Новогорскдаги ўқув-машғулотлар базасида тайёргарлик кўрмоқда. Бадиий гимнастика бўйича Осиё ўйинлари беллашувлари 27-28 август кунларига белгиланган.
Мазкур қитъа беллашувларида Ватанимиз спорт шарафини ҳимоя қилувчи спорт делегациямиз вакилларини фикрлари билан ўртоқлашдик:
Ҳасанбой ДЎСТМАТОВ (бокс):
– Яқинда халқаро мусобақада ҳиндистонлик боксчига ютқазиб қўйгандим. Осиё ўйинларига ўша боксчи келмас экан. Қозоғистон ва ҳиндистонлик боксчилар менга асосий рақиб бўлади. Шунга қарамай, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан. Чунки Осиё ўйинлари кичик Олимпиада ҳисобланади. 23 август куни қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Рақибларни билиб олгач, шунга қараб тайёргарлик кўрамиз. 24 августдан бокс баҳслари старт олади.
Дмитрий ШОКИН (таэквондо):
– Жакартадаги Осиё ўйинлари мен учун иккинчиси бўлади. Инчеондаги мусобақада терма жамоамиз ҳисобига олтин медаль қўшиб қўйиш учун бир очко етмай қолганди. Мусобақа якунида кумуш медаль билан кифоялангандим. Мусобақага жиддий тайёргарлик кўрдик. Бу сафар ғолиб бўлиш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Бу оилам, терма жамоамиз ва Ватанимиз учун жуда муҳим. Фурсатдан фойдаланиб, спортчиларимизга биринчи навбатда соғлик, куч ва машғулотларда сабр тилайман. Осиё ўйинларида ғалабаларимиз кўп бўлсин. Олға, Ўзбекистон!
Сабина ШАРИПОВА (теннис):
– Яқинлашиб келаётган Осиё ўйинлари ўз салоҳиятимни намойиш этиш учун ажойиб имкониятдир. Мусобақада совриндорлар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламан. Турли мусобақаларда иштирок этиб, бу мусобақага жиддий тайёргарлик кўрдим. Индонезиядаги баҳсларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқчиман.
Т. ОРТИҚОВА