Узум
Бугунги кунда юртимизда узумнинг оқ кишмиш, кишмиш ботир, пушти кишмиш, хушрўй кишмиш, қора кишмиш, май қораси, Ўзбекистон мускати, Ризамат ота, сояки, султоний, Китоб сурхоки, пушти тойифи, тарнов, қизил хурмоли, оқ ҳусайни ва бошқа кўплаб навлари экилади.
Абу Райҳон Берунийнинг таъкидлашича, узум поясини кесганда оқиб тушадиган сув кўп шифобахш хусусиятларга эга. Айниқса, узумнинг маълум муддат олиб қўйилгани танани яхши озиқлантириб, қувватлантиради. Узум меваси шарбатидан кўра фойдалироқ. Узум тошларни майдалаб, сўгал, қонталаш, темираткини даволайди.
Халқ табобатида узум шарбати, унинг нордон навлари иштаҳа очувчи ва овқат ҳазм қилишни яхшиловчи восита сифатида қўлланади. Маълумки, узумнинг қора нави камқонликни даволашда ва камқувват беморларга мадор беришда энг яхши восита. Шунингдек, қора майиз турли зарарли ўсмаларни даволаб, тана қувватини оширади. Хом узумдан тайёрланган сирка иштаҳани очиш билан бирга стоматит ва ангинани ҳам даволайди. Болалар иситмалаганда узум қайнатилган сув билан бадани артилса тезда иситма тушади.
Шифокорлар узум еб, устидан совуқ сув ичиш ичкетар ва иситмага мубтало қилиши мумкинлигини айтишади. Шунингдек, узум ўта семиз кишиларга, ўткир юрак етишмовчилиги, меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраси бор ва қандли диабетга чалинганларга тавсия этилмайди.
Манбалар асосида СОЖИДА тайёрлади.