Одам қадрини ҳунар оширар

Халқимизда «Ҳунар – ҳунардан ризқинг унар» деган мақол бор. Дарҳақиқат, ҳунар инсонни улуғлайди. Уни одамлар орасида ҳурматини оширади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб ёшларимизнинг ҳунар ўрганишларига катта эътибор бериб келинмоқда. Хусусий тадбиркорликка яратилаётган улкан имкониятлар юртимизда оилавий тадбиркорликнинг кенг ривожланишига туртки бўлмоқда. Бунинг натижасида ёшлар иш ўринлари билан таъминланиш баробарида, ҳунар ўрганишга муваффақ бўлишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши эса соҳа ривожи йўлида муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳунармандлар ўзи ишлаб чиқарган халқ ҳунармандчилиги ҳамда амалий ва бадиий санъат буюмларини сотишдан олинган тушумлар бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилиниши юртимизда ҳунармандчилик ривожига давлат аҳамияти даражасида эътибор қаратилаётганининг юксак наъмунасидир.

Оилавий корхоналар фаолияти турлари рўйхатига ҳунармандчилик фаолияти ҳам киради. Оилавий тадбиркорлик ҳамда хунармандчилик фаолиятини ривожлантириш ҳисобига яратилаётган янги иш ўринлари сони ҳам йилдан йилга юксалмоқда.

Оилавий корхоналар учун солиқ ва коммунал хизматлар тўловларида ўзига хос имконият ва имтиёзлар берилди. Шунингдек, оилавий бизнеснинг иккинчи бир томони ҳам бор. У фарзандлар тарбиясига муносиб ҳисса қўшади. Болалар ҳам кичиклигидан тадбиркорлик сирларини ўрганади. Қолаверса, ота-оналарнинг кўз олдида улғаяди, яъни доим назоратда бўлади.

Бугунги мақоламизда ана шундай оилавий тадбиркор-ҳунармандлар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Шогирдларига ўрнак

Якка тартибдаги ҳунарманд Наргиза Далабоева Қорақалпоқ миллий каштачилиги билан ўз туманида жуда машҳур. У тикаётган келинлик либослари – жизилжегда, женгса каби кийим-кечаклар жуда харидоргир.

Н.Далабоева «Ташаббус – 2013» танловининг Корақалпоғистон Республикаси босқичида ғолиб бўлиб, якуний босқичда учинчи ўринни эгаллади. У ўзининг гилам, миллий чопон, нимча ва кўйлаклар тикиш ва тўқишдаги маҳорати билан эл орасида обрў қозонди.

Наргиза Нукусдаги 32-мактабда муаллимлик қилади. Ўзи ўқитувчилик қилаётган билим даргоҳида «Камолот» ЁИҲ етакчиси сифатида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университетининг инглиз филологияси факультетини тамомлаган қаҳрамонимиз талабалик йилларидаёқ, устози Ойзода Нуримбетовадан тикувчилик маҳоратини ўрганди. Университет миқёсида ўтказилган турли танловларда иштирок этиб, муносиб ўринларни эгаллади.

Наргиза изланувчан ва янгиликка интилувчанлиги билан тенгдошларидан ажралиб туради. У тез-тез музейларни айланади. Музейлардаги миллий нақшларни диққат билан ўрганади. Сўнгра уни ўз ишларида акс эттиради. Сопол, мис идишлардаги қадимий нақшларни замонавий талқинда сумкаларга кўчиради. Бундан таш­қари Наргиза миллий қорақалпоқ кийимларини замонавий йўналишда тикиш билан ҳам шуғулланади. Унинг меҳнатлари бесамар кетмади. Миллий чопон, нақшли сумкалар, қуроқ қўйилган кийимлар ва ётоқхона жиҳозлари билан турли танловларда иштирок этиб, ғолиб бўлди.

Яна ўқинг:  BOLA TARBIYASIDA MUSIQANING O‘RNI

Талабалик йилларида якка тартибдаги ҳунарманд сифатида иш бошлаган қизнинг бугун кичик корхонаси мавжуд. Бу ерда ҳозирда 10 нафар шогирди иш ўрганяпти.

Қўллари гул Дилфуза

Дилфуза Оллабергановани уч авлод ҳунармандлар оиласининг фарзанди. Дилфуза қўғирчоқ ясаш ва уларга кийим-кечаклар тикишни болалигидан жуда яхши кўради. Унинг интилишини сезган онаси Зулфия Ражабова қизини шу йўналишдаги тўгаракка берди. Бундан ташқари тўртинчи синфдан бошлаб, таътилда тикув ва тўқув ишларини ўргана бошлади. Ўз устида тинимсиз ишлаши, маҳоратини узлуксиз ошириб бориши моҳир ҳунарманд бўлиб етишишига кўмаклашди. Олий тоифадаги ўқитувчи Зулфия Ражабова қизига ҳунар ўргатиб адашмади. Дилфуза онаси ва яқинларининг ишончини оқлаб, шу йўналишда обрў-эътибор топди. У қирқдан ортиқ фахрий ёрлиқлар ва сертификатлар билан тақдирланган:

– Агар эътибор берсангиз Кайковуснинг «Қобуснома»сида ҳамда «Темур тузуклари»да ҳам болаларга ҳунар ўргатишга алоҳида урғу берилган. Даврлар ўтиши билан ҳунарларнинг тури бироз ўзгарган. Моҳият эса ўша, ўша! Шунинг учун ютуқларим аввало онамнинг тўғри йўл кўрсата олганлигида, қолаверса, Ватан истиқлоли шарофати туфайли дегим келади. Чунки, мустақиллик йилларида ҳунармандлар учун кўплаб танловлар эълон қилинди. Бу ўз навбатида соҳанинг ривожланишига кенг йўл очди. Ана шу танловлар мени ҳам тоблади, – дейди Дилфуза.

Дарҳақиқат, 2006 йил Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ўтказган болалар ўйинчоқлари ва қўғирчоқлари фестивал-танловида иштирок этган Дилфуза ўз маҳсулотлари билан кўпчиликнинг эътиборига тушди ва у мусобақа ғолибига айланди. 2009 ва 2012 йилларда «Қўли гулдир ўзбек аёлин» танловида қатнашиб, туманда биринчи ўринни эгаллади. «Ташаббус – 2011» танловининг туман бўйича ўтказилган босқичида иккинчи ўрин насиб қилди. «Йил аёли – 2012» танловининг туман босқичида ҳам биринчи ўринни эгаллади. «Ташаббус – 2013» танловининг туман бўйича ўтказилган босқичида ҳам муваффақиятли қатнашиб биринчи ўринга сазовор бўлди. У қўғирчоқлар ясаш билан бирга корақалпоқча ва қозоқча кийимлар, миллий либосларни ҳам бисерлар қўйиб тикишни хуш кўради. Сармишсойда бўлиб ўтган «Асрлар садоси» фестивалида ҳам Дилфузанинг миллий қўғирчоқ ва ўйинчоқлари чет элликларда катта қизиқиш уйғотди.

Айни кунда Дилфуза Хўжайли Педагогика коллежида чизмачилик ва меҳнат фанларидан ўқувчиларга сабоқ беради. Унинг 17 нафар шогирди бор.

Яна ўқинг:  КИЧИК ЧЕМПИОННИНГ ОРЗУСИ

Юртбошимизнинг «Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар куни қилиш керак», деган сўзларини ўз олдига шиор қилиб олган Дилфуза, ўтган йил Наврўз байрамида ўзи тиккан миллий дўппиларни «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларига совға қилди. Шунингдек, буюртма асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига ўқувчилар кийим-кечагини бепул тикиб тарқатди.

Тадбиркор қиз

«Ақл ёшда эмас бошда» дейди доно халқимиз. Тўрткўллик Феруза Нуримбоева ана шундай ақлли, тадбиркор ёшларимиздан. Тўрткўл педагогика коллежида меҳнат дарсидан сабоқ берадиган ушбу тадбиркор қиз «Ташаббус – 2013» танловининг туман босқичида ғолибликни қўлга киритди. Йигирма икки ёшли бу қизнинг ғалабасини кўриб ўқитувчилар ҳам унинг ҳунарига қизиқиб қолишди. Ҳозир Феруза касбдошлари учун ҳам курс очиб, 17 нафар муаллимага ҳунар сирларини ўргатаяпти. Унинг қўл меҳнати маҳсули бўлган кўйлак, рўмол, нимча ва рўзғор жиҳозлари киши диққатини тортади. У тўқиш санъатини онаси Ражабгул Собировадан ўрганган. Бу ҳақида шундай деб эслайди: онам тикувчилик билан шуғулланаётганида ёнимда туриб, “игнага ип ўтказиб бериб тур, мадад бўлади, янада пишиқ ва пухта ишлайман. Шундагина тиккан нарсаларим кўнгилдагидек чиқади”, деб айтарди. Энди билсам, шу аснода бизни меҳнатга, ҳунарга ўргатиб, ҳаётга тайёрлаб борган экан. Кўзи пишган бола ҳеч бўлмаса тўқув-тикув ҳақида тасаввурга эга бўлиб боради-да.

Ҳунарманд ва педогог қиз Ф.Нуримбоева эндигина ҳаётга, ҳунар оламига кириб келяпти. Келажакда ўзига муносиб шогирдлар тайёрлаб, кичик бизнесни, тадбиркорликни йўлга қўйиш ниятида меҳнат қилмоқда. Давр билан ҳамнафас қиз албатта ниятига эришишига ишонамиз.

Раъно ЗАРИПОВA,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: