Болаларни қандай тарбиялаган маъқул?

Оиламизда бир ўғил, икки нафар қиз фарзандимиз бор. Ўғлимиз кичик ёшда бўлгани учун унга кўпроқ эътибор берамиз. Қизларимиз бундай муносабатимиздан хафа бўлиб қолишади.

Умуман уларнинг тарбиясини қандай олиб борсак, мақсадга мувофиқ бўлади?

Интизор ХЎжаева,

Тошкент шаҳри

Сиз қизларингизга ҳамма фарзанд ота-она учун бирдай азиз эканини, кичик ёшдалигида уларга ҳам бундан-да эътиборлироқ бўлганингизни тушунтиришга ҳаракат қилинг. Масалан, болаликдаги суратлар орқали.

Оилада қиз ва ўғил болаларнинг тарбиясига ҳар доим ўзига хос ёндошилган ва алоҳида масъулият талаб қилинган. Аммо, ўғил ва қизлар тарбиясида баравар шакллантирилиши лозим бўлган сифатлар мавжудки, булар болаларни меҳнатни қадр­лашга, кексаларни иззат-ҳурмат қилишга, ҳалолликка, меҳнатсеварлик ва кичикларга ғамхўрлик кўрсатишга ўргатишдир. Ота-оналар ўғил-қизларининг хатти-ҳаракатларидан доимо огоҳ бўлиб туришлари, ҳатто кичик бўлиб кўринган хато ва камчилик учун ҳам муросасиз бўлиб, уларни тез орада бартараф этиш чораларини кўришлари айни муддаодир.

Оилада қиз ва ўғил тарбиясини тўғри йўлга қўйишда ўзаро муносабатлардаги маданий нормалари, яъни, саломлашиш, кўришиш қоидаларига амал қилиш жуда муҳимдир. Бу каби кўникмаларни халқ маънавияти манбалари бўлмиш: «Отанг боласи бўлма – одам боласи бўл», «Ишнинг омади – ўз вақти», «Дарё сувини баҳор тоширар, одам қадрини меҳнат оширар», «Тўғри бўлсанг, ўсиб-ўсиб гул бўласан, эгри бўлсанг бора-бора кул бўласан» каби мақоллар мазмуни орқали мустаҳкамлаш аҳамиятга моликдир.

Айниқса, оилада қизларнинг меҳнат тарбиясига алоҳида эътибор берилиб, ёшлигиданоқ саранжом-саришталикка, меҳнатни севишга одатлантириб келинган. Қизларнинг оналари ва бувилари уларга бош-қош, сирдош бўлиб, турмуш юритиш синоатларини ўргатиб, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаган.

Ўғил болаларда эса болаликдан жавобгарлик ҳисси, иродавий сифатлар, ишбилармонлик, мустақил фикрлаш сифатларини шакл­лантириш муносиб оила бошлиғини тарбия­лаш демакдир.

Албатта, бу сифатларни болаларда шакллантириш аниқ тартиб ва тизимни талаб қилади. Тартиб асосида иш қиладиган ўғил бола берилган топшириқларни ўз вақтида пухта бажаришга, жамоат орасида ҳам ўзини муносиб тутишга ва имкон қадар обрў қозонишга одатланиб боради.

Тўғри, ўғил ва қиз болаларнинг тарбияси ўзига хос бўлиб, улар бир-биридан фарқ қилувчи хусусиятга эга. Мактабларда ҳам ана шундай хусусиятларни ҳисобга олиб, қиз ва ўғил болалар тарбиясига зарур бўлганда алоҳида ёндошиб, уларни тўғри ҳаётга йўналтира бориш мақсадга моликдир.

Яна ўқинг:  Қуёшда сочга зарар етмаслиги учун нималарга эътибор бериш лозим?

Мирмуҳсин АКРАМОВ,

Низомий номидаги ТДПУ «Амалий психология» кафедраси ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: