Саломатлик сабоқлари

Яқинда «Le Grand Plaza» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси билан ҳамкорликда «Мактабларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Уч кун давом этган семинарда Республика таълим маркази ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида «Саломатлик ва экология» тарбия ўқув дастури юзасидан тавсиялар кўриб чиқилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги малака ошириш институтларининг ўқитувчилари, услубчилар иштирок этди.

Мазкур лойиҳа мамлакатимиз таълим тизимида саломатлик дарсларини ўқитишнинг замонавий услубларидан кенг фойдаланиш, янгича ёндашувларга мурожаат қилган ҳолда таълим сифатини янада юксалтиришга қаратилган. Ўқув қўлланмаси умумтаълим мактабларининг 1-4, ҳамда 5-9 синфлари ўқитувчи ва ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, ёш авлоднинг экологик ҳамда тиббий саводхонлигини ошириш, ёшларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш асосий вазифа этиб белгиланган.

Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур лойиҳа асосида барча ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш, замонавий ахборот технологиялари ва ўқув анжомлари билан жиҳозлаш босқичма-босқич амалга оширилаётганини қайд этдилар.

– Ушбу ўқув дастури ва методик тавсиялар Тошкент шаҳар умумтаълим мактабларида тажриба сифатида мазкур ўқув йилидан жорий этилишини режалаштирганмиз, – дейди Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси методик маркази табиий фанлар методисти Шаҳрибону Бозорова.

Семинарда тиббий маданият, болалар ва ўсмирлар саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича саводхонликни шакллантиришда санитария-гигиена таълими бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар, мактабда соғ­лом санитария муҳитини йўлга қўйиш юзасидан педагоглар касб маҳоратини юксалтириш каби мавзуларда иштирокчилар ўзаро фикр алмашдилар.

– Мазкур фанларнинг бошқа предметлар билан интеграциялашган тарзда ўқитилиши фанларни янада оптималлаштириш, ўқитувчи ва ўқувчининг вақтини тежаш, машғулотларни янада самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси педагог кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти доценти Зуҳра Шониёзова.

Ўқув-семинарларда фаол иштирок этган ўқитувчи ва услубчиларга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик жам­ғармасининг сертификат ва эсдалик сов­ғалари топширилди.

Н. НОРБОБОЕВ

Яна ўқинг:  Ошкоралик ва холислик

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: