Эл фарзандларига юксак ғамхўрлик

Юртимизда баркамол авлодни тарбиялаш, уларни эртамизнинг муносиб ворислари бўлиб камолга етишлари борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор ва амалда татбиқ этилган ислоҳотлар самараси нафақат юртдошларимизнинг, балки бутун дунё жамоатчилигининг ҳам эътирофига сазовор бўлаётир.

Бугун мамлакатимизда 9 минг 765 та мактаб, 4 минг 962 та мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилги Инвестиция дастурига кўра 381 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан 219 та мактаб реконструкция қилинди, 162 та мактаб эса капитал таъмирланди.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 1 минг 471 та спорт иншооти, Мактаб таълимини ривожлантириш жамғармаси томонидан 3 минг 794 та мактаб спорт заллари фойдаланишга топширилди. Янги ўқув йили учун режалаштирилган 394 номдаги 22,5 миллион нусха дарслик ва ўқув қўлланмалари тўлиқ чоп этилиб, таълим муассасаларига етказиб берилди.

Янги ўқув йилида 1-синфга қабул қилинган 528 минг 972 нафар ўқувчига «Президент совғаси» сифатида 12 номдаги ўқув қуроллари ва портфелдан иборат совғалар тантанали равишда топширилди.

2013-2014 ўқув йилидан бошлаб, мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларининг 1-синфларида чет тили фанини ўқитиш жорий этилди. Ушбу мақсадда янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида 1-синфлар учун инглиз, немис ва француз тилларидаги дарслик мажмуалари яратилди. Мазкур мажмуалар ўқувчи китоби, ўқитувчи учун методик қўлланма ва мультимедия иловаларидан иборат. Шунингдек, чет тили фани ўқитувчиларининг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилдаги қарори билан қишлоқ жойларидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик ставкаларига 30 фоиз ва бошқа таълим муассасаларидаги чет тили муаллимлари учун 15 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланиши борасидаги ўзгартиришлар киритилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий ўқув йилида вазирлик томонидан «Умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари» ишлаб чиқилди. Унда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг таълим-тарбия жараёнидаги ўзаро муносабатлари, мактаб жамоаси аъзоларининг одоб-ахлоққа оид мажбуриятлари ва бурчлари ўз аксини топган. «Одоб-ахлоқ қоидалари» барча умумтаълим мактабларида амалиётга тўлиқ жорий этилади ва унинг мазмун-моҳияти билан нафақат мактаб жамоаси, балки ота-оналар ҳам тўлиқ танишадилар.

Яна ўқинг:  Сурхондарёда бир ҳафтада 160 нафар бемор бола пластик жарроҳлик операцияси орқали соғломлаштирилди

Ж. ҲАЙДАРОВА,

«Соғлом авлод» мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: