Гўдакларда аллергия аломати

ёш онани ҳушёрликка чорлайди

Ҳозирги пайтда она ва бола саломатлигини таъминлаш мақсадида давлатимиз томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Бунда энг муҳими, ёш ота-оналарга керак бўладиган маълумотлардан уларни бохабар қилиш мутахассисларнинг асосий вазифасидир. Шундай қилиб, бугунги мавзуимиз янги туғилган гўдакларда аллергия пайдо бўлишининг олдини олишга бағишланган.

Бўлажак она бирор бир аллергик хасталикка чалинган бўлса, у ҳолда бундай касалликка мойиллик янги туғиладиган гўдакда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги туғилган гўдакларда аллергия, албатта, наслдан наслга ўтиш билан юзага келмайди. Чунки, баъзи бир ҳолларда аллергия онада кузатилмасдан гўдакда пайдо бўлиши ҳам мумкин. Нега деганда, янги туғилган чақалоқ организми (аниқроқ қилиб айтганда, унинг иммун тизими) ташқи муҳитдаги бирон бир аллергенга нисбатан ўзига хос тарзда жавоб қайтариши мумкин. Бордию шундай ҳодиса рўй берса, унда болада бу хасталик ривожланади.

Клиник кузатувлар натижасига кўра ёш она организмида бирон бир аллергенга нисбатан ижобий реакция рўй берса, у бир вақтнинг ўзида гўдак организмига ҳам таъсир кўрсатмайди. Чунки ташқи муҳитдаги қандайдир аллергенга нисбатан она организмининг иммун тизими ўзига хос тарзда жавоб реакциясини билдирса, антиген моддалар организмда аллергик реакцияни келтириб чиқаради, бунга жавобан иммун тизими дарҳол антигенларни ишлаб чиқади. Она организмининг ҳимоя воситаси ишга тушгани сабабли аллерген плацентага таъсир қилолмайди.

Ҳомиладорлик вақтида аёл организмида бу хасталик хуруж қилган бўлса, у ҳолда туғиладиган гўдакларнинг 50 фоизида аллергия пайдо бўлиш эҳтимоли юзага келади. Мутахассис шифокорларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатларда аниқ аллергик хусусиятли касаллик (масалан, конъюнктивит, ринит, астма) ривожланмайди, балки чақалоқнинг организми бирон бир аллергенга қарши кураша олмайдиган бўлиб қолади. Янги туғиладиган гўдакда бу касалликка мойиллик ривожланмаслиги учун ҳомиладорлик вақтида соғлом турмуш тарзига катта эътибор бериш керак. Ҳомиладорлик даврида имкон қадар кўпроқ тоза ҳавода сайр қилиш жуда фойдали. Бордию, ҳомиладорлик даврида она организмида бирон бир аллергенга нисбатан ижобий реакция кузатилса, шу заҳоти ўз рационидан аллергияни қўзғатиши мумкин бўлган ҳар қандай маҳсулотни чиқариб ташлаб, мутахассис шифокорга мурожаат қилиши даркор. Яна бир фойдали маслаҳатимиз шуки, ҳомиладорлик даврида иложи борича стресс ҳолатига тушишга сабаб бўладиган турли хил вазиятларнинг олдини олишга ҳаракат қилинг. Негаки, кучли стресс ҳам онада, ҳам болада аллергик реакцияларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Яна ўқинг:  Номи қандли, аммо азоби аччиқ

Чақалоқ туғилгач, унга шу заҳоти кўкрак тутқазинг ва имкони борича узоқроқ вақт давомида уни кўкрак сути билан боқинг. Клиник кузатувларнинг натижасидан маълум бўлдики, янги туғилган гўдакнинг жуда эрта (бола 4 ойлик бўлмасидан илгари) кўкракдан ажратилиши аллергик реакцияларнинг кучайиб боришига сабаб бўлар экан. Шуни унутмангки, кўкрак сути билан гўдакнинг иммун тизими мустаҳкамланиб боради.

Она сути, айниқса, эмизишнинг илк давридаги оғиз сути билан бирга чақалоқ сиҳат-саломатлиги учун муҳим бўлган антитаналарни ўзлаштириб олади. Бордию, янги туғилган чақалоқда аллергик реакцияларнинг пайдо бўлиш эҳтимоли кутилаётган бўлса, сунъий сут маҳсулотларини беришдан аввал, албатта, мутахассис шифокор билан маслаҳатлашиб олинг. Чақалоқ туғилганидан кейин она сути етишмаса, дастлабки 1-2 кун давомида болага қайнатиб совутилган сув бериш мумкин. Янги туғулган гўдакда аллергияга мойиллик сезилса, кўкрак сути етишмай қолганида уни махсус тайёрланадиган сунъий сут маҳсулотлари билан боқиш тавсия этилади.

Ҳомиладорликнинг еттинчи ойидан бошлаб онада ва туғилиши кутилаётган гўдакда аллергия ривожланмаслиги учун гипоаллерген парҳезга қатъий риоя қилиш тавсия этилади. Аввал бошданоқ ҳомиладор аёлнинг бу хасталикка мойил эканлиги аниқланган бўлса, у ҳолда бундай мижоз ҳомиладорликнинг дастлабки куниданоқ гипоаллерген пархезга риоя этиши лозим.

Гипоаллерген парҳезнинг асосий шарти шуки, аёл киши бутун ҳомиладорлик даврида сут, тухум, ёнғоқ, асал, денгиз маҳсулотлари – балиқ, икра (увилдириқ), соя, мевалар, помидор, шоколад, пишлоқ, цитрусли мевалар, консерваланган, аччиқ, тузланган, дудланган ва маринадланган маҳсулотларни истеъмол қилишдан тийилиши шарт. Уларнинг ўрнига турли хил бўтқалар, ёрмалар, ёғсиз гўшт, сувда пиширилган парранда гўшти, сархил мевалар ва сабзавот (жумладан, картошка, карам, бодринг, кабачки, яшил ва сариқ олма, нок ва ҳоказо)ларни еса бўлади.

Ҳомиладор ва гўдакни кўкрак сути билан боқаётган, айниқса, аллергияга мойиллиги бор бўлган аёлларга тамаки маҳсулотларини чекиш қатъиян ман этилади. Бунда фаол (шахсан ўзи чекадиган) ёки пассив (чекувчиларнинг олдида турадиган) чекиш ҳолатларини бирдек истисно этиш зарур. Хонадоннинг озодалигига жиддий эътибор қаратиш керак. Аллергияга мойиллиги бор ҳомиладор аёл яшайдиган хонадонларда имкон қадар хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш, тўшак, гилам, буюм ва мебелларда йиғилиб қоладиган чангларни мунтазам равишда артиш тавсия қилинади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: