“Йўқ” дейишни ўрганамиз

Ҳар бир ота-она эртами, кечми, фарзандига қатъиян “йўқ” дейиши керак бўлган вазиятларга дуч келиши аниқ. Масалан, бола электр ускунаси билан ўйнамоқчи бўлганда ёки музқаймоқни меъёридан кўп егиси келганда “хўп” дейишнинг иложи йўқ. Бундай вазиятларни кўплаб санаш мумкин. Бу сўзни боланинг кўнглини оғритмасдан ва унга тушунарли қилиб қандай айта билиш керак? Бунинг бир нечта қоидасини муҳокама қиламиз.

“Йўқ” сўзи камдан-кам ишлатилиши керак. Чунки, бу сўзни ҳадеб эшитаверган бола кейинчалик унга эътибор бермайдиган бўлиб қолади.

“Йўқ” дедингизми, фикрингиздан қайтманг. Бир марта тақиқланган нарса ҳар доим тақиқланган бўлиши керак. Акс ҳолда бу сўз ўз қадри ва жиддийлигини йўқотиши мумкин.

Бу сўзни айтиш билан иш битмайди. Кейинги келадиган босқичга тайёр туринг. Чунки бола гапингизга дарров кўниб, “хўп” деб кетавермайди. У норозилик билдира бошлаганда, хотиржамлик билан ўз фикрингизда қатъий тураверишингиз керак. Бола тақиқни қабул қилгач, уни енгилгина мақтаб қўйинг.

“Йўқ”нинг сабабини болага узундан-узоқ илмий сўзлар билан эмас, у тушунадиган содда ва осон тилда тушунтиришга ҳаракат қилинг.

Бу сўзни хотиржам ва ишонч билан айтинг. Жаҳл билан айтсангиз, болага уришаётгандек, кулиб айтсангиз, ҳазиллашаётгандек бўлиб туюласиз. Болани қўрқитиш ҳам тўғри эмас.

Тақиқланган нарсани кейинги гал қилмасликка ҳаракат қилаётганини кўрсангиз, далда беринг, тўғри қилаётганини айтиб, кўнглини кўтаринг.

Тақиқланган нарса ҳақида оиланинг барча аъзолари хабардор бўлиб, уларнинг фикри бир жойдан чиқиши керак. Бу нарса барча ёшдаги болалар тарбияси учун жуда самарали усулдир. Оилада болага нима тақиқланганлиги ҳақида барча катталар огоҳлантирилган бўлиши керак.

Биз катталарга ниманидир бола учун тақиқлаш осон бўлиб туюлади. “йўқ” деган сўзни баъзан кўп ишлатгимиз келади. Бунинг тагида катта жавобгарлик ётишини яхши тасаввур қилолмаймиз. Аслини олганда ҳар бир тақиқ тарбиядек мураккаб жараённинг бир бўлагидир. Болага ниманидир тақиқлашдан олдин яхшилаб ўйлаб кўринг. Бу нарсанинг фойда ва зарарларини тарозига тортиб кўринг. Фақат ўзингизнинг тинчингизни кўзламанг. Шундан сўнггина, болангизга “йўқ” сўзини айтинг. Унга шу сўзни айтганда ҳам тўғри айта билинг.

 

Васила ПЎЛАТОВА тайёрлади.

Яна ўқинг:  Гўштли пирог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: