Тилла занжир азоби

“Кўр ҳассасини бир марта йўқотади” дейди доно халқимиз. Бироқ, Абдумажид бу ҳикматга ҳеч қачон амал қилмаган. Амал қилганда эди, бугун қилмишидан уялиб, эл олдида, яқинлари орасида учинчи маротаба юзи шувит бўлмас эди. Агар бирор ишни маҳкам бошини тутиб, оила, рўзғор учун жонсарак бўлганда эди, бугун унга навбатдаги суд ҳукми ўқилмаган бўларди…

Куни бўйи уйда ўтириб зериккан Абдумажид тезда кўчага отланди. Таниш-билишларига қўнғироқ қилди, аксига олиб ҳамма ўз иши билан банд. Ҳафсаласи пир бўлган Абдумажид “Яланғоч” мавзесидаги бозорча атрофида худди ўлжа пойлаётган тулкидек айланиб қолди. Бир маҳал бозорча атрофида сайр қилиб юрган икки аёл унинг эътиборини тортди. Ёш аёлнинг бўйнидаги катта тилла занжирига кўзи тушган йигит бир ютиниб қўйди.

“Она-бола шекилли, бир-бирига жудаям ўхшаркан. Қўлидаги чақалоқ набираси бўлса керак” тусмоллади у. Дарҳол қинғир режа тузди. Унинг хаёлини чақалоқни овутолмай хуноб бўлаётган келинчакнинг бўйнидаги тилла занжир тамоман банд қилган эди. У пайт пойлай бошлади. Гўё телефонда гаплашиб кетаётган йўловчидек аёлнинг ёнига яқинлашди.

Шайтон измига бўйсунган Абдумажид аёлнинг бўйнига қўл солди. Тақинчоқни юлиб олди-ю, ўзини кўп қаватли уйлар орасига урди ва бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Она-боланинг дод-фарёдидан, ёрдамга чақирган ҳайқириғидан воқеага гувоҳ бўлиб турган 3-4 одам ўғрининг орқасидан чопди. Икки жабрдийда кўргулигидан шу ҳудудда хизматда бўлган ички ишлар органлари ходимлари хабар топишди.

Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмасдан тилла занжирнинг вақтинча “хўжайин”и қўлга тушди. Ходимларнинг тезкор харакатлари туфайли узоққа кетолмаган “қахрамонимиз” тақинчоқни ўз қўли билан эгасига қайтарди.

Ўзганинг мулкини талон-тарож қилиб, қабиҳ режаси амалга ошмаган йигит бугун яна қора курсида. Осон пул топиш илинжида нотўғри қўйилган қадам ҳеч қачон хайрли бўлмаган. Шундай килиб, суд Абдумажидни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,166-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, Жиноят кодексининг 25,166-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 60,61-моддаларига асосан илгариги ҳукм юзасидан ўталмаган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 7 (етти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

 

Фаррух ТУРАХОДЖАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси

Яна ўқинг:  Сарвиноз – халқаро гроссмейстер

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: