Болаларда ўткир аппендицит касаллиги

Cабаблари, белгилари, текширув усуллари

Маълумки, тиббиётда минглаб синдромлар ёки касаллик белгилари мавжуд. Шулардан, болаларда қорин оғриғи энг кўп учрайди.
Ҳатто, қорин ва қорин бўшлиғига умуман алоқаси бўлмаган тана аъзолари касалликлари ҳам болаларда қорин оғриғи билан кечиши мумкин. Шулардан бири ўткир кўричак (аппендицит) касаллигидир.
Хўш, ушбу хасталикнинг пайдо бўлишига қандай омиллар сабаб бўлади? Унинг саломатликка хавфи нимада? ССВ Матбуот хизмати шу ва шу каби саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош хирурги Нозим Ўрмоновга мурожаат қилди.

– Болаларда ўткир кўричак касаллигининг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлади?


– Ўткир аппендицит – чувалчангсимон ўсимтанинг яллиғланиши ҳисобланиб, у гўдак болаларда камроқ, катта ёшли болаларда эса кўпроқ учрайди. Ушбу касаллик турли вирусли хасталиклар, бодомча безлар, қулоқ пардасининг яллиғланиши ва бошқа йирингли касаллик­лардан сўнг бошланиши мумкин. Бола қанча ёш бўлса, чувалчангсимон ўсимтадаги яллиғланиш ва чириш жараёни шунча тез ривожланади.
Касалликнинг келиб чиқишига асосан овқатланиш тартиби ва ичак фаолиятининг бузилиши, сурункали яллиғланишлар сабаб бўлади.


– Касаллик белгилари боланинг ёшига қараб қандай фарқланади?


– Катта ёшли бола бу касалликда қорнидаги оғриқдан шикоят қилади, иситма кўтарилади, қайт қилади, қабзият кузатилади.
Оғриқ дастлаб қоринни бутунлай қамраб олади, сўнг ўнг ёнбош соҳасига ўтади ва доимий кузатилади. Бола одатда чалқанчасига ёки ўнг ёнбоши билан ётади.
Боиси, бунда оғриқ бироз сусаяди, бироқ ҳар қандай ҳаракат оғриқни зўрайтираверади. Вақт ўтиб, оғриқ бироз пасаяди, лекин йўқолмайди. Қорин пайпаслаб кўрилганда ўнг ёнбош соҳасида кучли оғриқ сезилади, қорин мушаклари таранглашган бўлади.
Аппендицитда гўдак бола безовта бўлади, инжиқ бўлиб қолади. Уйқуси бузилади, қайт қилади, иситмаси 38-39 даражага кўтарилади. Боланинг ўнг ёнбоши пайпасланганда чўчиб уйғонади ёки оғриқдан йиғлайди.

– Болаларда ўткир аппендицитнинг неча хил тури учрайди?


– Уларда бу касалликнинг икки – оддий ёки катарал ва деструктив тури учрайди. Деструктив аппендицит ўз навбатида флегмонали ҳамда гангренали ўткир кўричакка бўлинади.
Деструктив аппендицит кўринишларидан бири шуки, у тешилади ва перитонит – қорин пардасининг яллиғланишига сабаб бўлади. Баъзида чувалчангсимон ўсимта атрофида йирингдон пайдо бўлиши ҳам мумкин.

– Бу касаллик қанчалик тез ривожланади?


– Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўткир аппендицит катталарга қараганда болаларда кучли ва тез ўтади. Яъни, 6-12 соат ўтмасиданоқ, аппендикс девори чириб, ёрилиши ва қорин бўшлиғига йиринг тарқалиб кетиши мумкин.
Шу боис, ота-оналар фарзандининг қорин соҳасидаги оғриқларига асло беэътибор бўлмасликлари зарур.
Афсуски, кўпинча айрим ота-оналар боладаги қорин оғриғи билан кечувчи хирургик хасталикларда шифокорга мурожаат қилмасдан, беморни уйда сақлаб, оғриқни қолдириш учун қоринга иссиқ жисмлар қўйишга, ични юритувчи ва оғриқни қолдирувчи дори воситаларини ичиришга, ҳуқна қилишга ҳаракат қиладилар.
Ушбу муолажалар баъзан боланинг қорин оғриғини бироз енгиллатиши ва унинг умумий аҳволини яхшилаши мумкин.
Бироқ яллиғланиш жараёни тўхтамагани учун бироздан сўнг оғриқ яна авжига чиқади. Қорин деворлари таранглашиб, нафас олиш қийинлашади. Юрак тез yра бошлайди. Ҳолбуки, бу пайтда қимматли вақт бой берилиб, қорин бўшлиғига йиринг тарқалган бўлади.
Бунда бирдан-бир охирги чора болани зудлик билан шифохонага олиб бориб, операция қилишдир. Афсуски, баъзида жарроҳлик амалиёти ҳам фойда бермаслиги мумкин.
Шу боис, шифокор сифатида ота-оналарга бундай ҳолларда касалликни ўзбошимчалик билан даволамасликларини маслаҳат бераман.

– Касалликни аниқлаш учун қандай тиббий текширувлар амалга оширилади?


– Болалардаги ўткир аппендицит бир неча хил лаборатор текширувлар орқали аниқланади. Аниқ ташхис қўйиш ва бошқа касаллик­лардан фарқлаш учун ультратовуш текшируви, рентген ва компьютер томографияси орқали амалга оширилади.

Яна ўқинг:  Мастопатия

Соғлиқни сақлаш
вазирлиги
Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: