Қуш қўнмас қишлоқ

Бу ернинг одамлари бирор марта ҳам бўқоқ (қалқонсимон без яллиғланиши) касаллигига чалинмаган. Сувидаги 27 хил шифобахш элементларнинг борлиги бошқа хасталикларга ҳам шифолиги билан аҳамиятли. Ундан ҳам муҳими, ҳудудда ислом дини тараққиётида муҳим ўрин тутган Саййид Жаъфар Ғозий ота номи билан боғлиқ Заркент ота зиёратгоҳининг борлигидир.

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Заркент қишлоғи ана шундай ўзига хос табиати, об-ҳавоси ва шифобахш суви билан кўпчиликнинг меҳрини қозонган. Бу ердаги Заркент ота зиёратгоҳига эса барча вилоятлардан, ҳатто, қўшни республикалардан ҳам зиёратчилар келишади. Ушбу масканга кириб бораркансиз, у ердаги майин шабада, булбуллар хониши ва турфа дов-дарахтларнинг гўзаллиги киши вужудини энтиктиради. Ўнг томон бўйлаб ичкарига юрсангиз, бир неча метр чуқурликдан отилиб чиқувчи булоқ олдидан чиқасиз. Бу ер доимо одамлар билан гавжум. Айни шу обиҳаёт бутун қишлоқни таъминлайди. Айтишларича, бу сув ёзнинг чилласида муздек, қишнинг изғиринида эса бироз илиқ бўлар экан.

Қишлоқнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, бу ердаги бута ва дарахтларга булбулдан ўзга қуш ин қуриб, яшаб қолмас экан. Шу боис ҳам қишлоқнинг иккинчи номи “Қуш қўнмас” деб аталади.

– Қишлоғимизнинг ўзига хос тарихи бор. Унинг номи ислом дини тарғиботчиларидан бири бўлган Саййид Жаъфар Ғозий бобомиз номи билан боғлиқ бўлиб, у киши Суриянинг Молотия шаҳрида туғилган. Диний ва дунёвий таълимни чуқур эгаллаган Ғозий ота душман таъқибига учрайди. Негаки, бу вақтда ислом дини ҳали унчалик кенг ёйилмагани учун унга қарши бўлганлар сони ҳам кўпчиликни ташкил қилган. Ана шу таъқиблардан халос бўлиш мақсадида Жафар Ғозий бу ерларга келиб қолади ва айни шу жойда яшаб, аҳолини ислом динига даъват этади. Шунда ҳам душман таъқибидан қутулолмаган бобомиз чакалакзор орасига кириб кетади ва қайтиб чиқмайди, – дейди Заркент ота зиёратгоҳи масъул ходими Мирсолиҳ Умаров. – Бу ерга келувчиларнинг аксарияти шифобахш сувдан тотиш учун ташриф буюради. Шу боис, бир неча асрлар давомида бу ер муқаддас зиёратгоҳ сифатида тан олиниб, мусулмон инсонлар томонидан Заркент ота руҳига тиловат ва дуолар қилинади.

Қишлоққа кириб бораркансиз, бу ернинг озодалиги ва баҳаволигидан дилингиз яйрайди. Соф ва шифобахш булоқ сувини бир бор тотсангиз, бу ерга такрор-такрор келишни мақсад қиласиз.

Яна ўқинг:  Дўмбоқ боланинг саломатлиги хавф остида...

 

Сулаймон ҲАЙДАРОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: