Чўмилиш – танга роҳат, аммо у хавф-хатардан холи эмас

Ёз мавсумида аҳолининг сув ҳавзаларида дам олишга ҳамда сувда чўмилишга эҳтиёжи ортади. Бу ўз навбатида инсонларнинг сувда чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Самандар Ҳикматуллаев бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ҳозирги кунда республикамизда 50 дан ортиқ сув омборлари, сунъий кўллар ва истироҳат боғларидаги сунъий кўлларда қўриқланадиган пляжлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Ундан ташқари жойларда эса сувда чўкиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жорий йилнинг июнь ойидаги “Сув ҳавзаларида аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида респуб­ликамизнинг 970 та умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида таҳсил олувчи жами 286 минг нафар ўқувчилар билан “Фуқаро муҳофазаси куни” доирасида “Сув ҳавзаларида чўмилиш қоидаси – саломатлик ва хавфсизлик гарови” мавзусида учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, респуб­лика бўйича жами 204 та болалар оромгоҳларининг мавсумга шайлиги кўрикдан ўтказилди. Мавзуга доир махсус бурчаклар ташкил қилинди.

Умуман олганда чўмилиш мавсуми 15 майдан – 15 сентябргача ҳисобланади. Иссиқ кунларда рухсат этилган очиқ сув ҳавзаларида кундузги соат 10:00 дан 16:00 гача чўмилиш мумкин. Чунки бу вақтда сув исиб, инсонда совуқ сабабли юзага келадиган томир тортишиши ҳолати кузатилмайди. 14 ёшгача бўлган болажонлар катталардан алоҳида жойда чўмилишлари зарур. Сабаби улар ҳали яхши сузишни билмасаларда катталарга тақлид қилиб, ҳавзанинг чуқурроқ жойларига шўнғишлари мумкин. Болалар сув ҳавзасининг нисбатан сайёз жойларида ёшларига мос ҳолда махсус шиширилган қутқарув нимчалари ва қўлга кийиладиган, белга тақиладиган мосламалар ҳамда сув юзасида туришига кўмак берадиган балонларга эга бўлишлари шарт. Махус очиқ ёки ёпиқ сув ҳавзаларида душлар мавжуд. Сузишни ўрганаётган ўғил-қизларга махсус ўргатувчи – мураб­бий ёрдам беради. Фақат унинг назорати остида чўмилиш мумкин. Бундай ҳудудларда мавжуд душларда сув ҳавзасига келувчи кўнгиллилар аввал, яхшилаб ювиниб олишлари керак. Сув ҳавзасидан чўмилиб чиққандан сўнг ҳам душда совун ва шампунь қўллаган ҳолда ювиниш тавсия этилади. Чунки бассейн­лардаги сув ҳар ўн кунда алмаштирилади.

Нопок сувдан ҳам уни бехосдан ютиб юбориш сабабли турли меъда-ичак тизими хасталик­лари юқади. Шунинг учун ҳар бир одам гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда чўмилишга борган маҳали ўзининг алоҳида елим шиппаги, сочни ўраш учун махсус бош кийимига эга бўлиши талаб этилади. Душхоналарда оёқ яланг, шиппаксиз юриш тавсия этилмайди. Сабаби бу ерда оёқнинг замбуруғ касаллигини ва бошқа тери касалликларини юқтириб олиш мумкин.

Яна ўқинг:  “Жиззаки, қўрс ва инжиқ…” - болалар руҳшуносига 7 савол

Ёпиқ тизимли ва суви алмаштирилмайдиган қурилма ҳисобланмиш фаввораларда чўмилиш тугул ҳатто, қўл ювиш мумкин эмас. Чунки кун давомида атроф-муҳитдан ўзига чангу ғуборларни сингдириб олган фавворалар фақатгина ўша ҳудуднинг микроиқлимини мўътадил қилишга хизмат қилади, холос. Ундаги сув қайта-қайта махсус қувурлар орқали босим остида сўриб олинади ва такроран ишлатилади. Яна бу ерда чўмилиш тақиқланишига яна бир сабаб шуки, уларга махсус учли ва турли шаклдаги темир мосламалар ўрнатилган.     

Республикамиз бўйи­ча сув ҳавзаларида 92 та ҳар хил турдаги бахтсиз ҳодисалар бўйича фуқаролар ФВВга мурожаат этишган. Ушбу чақирувларнинг 26 маротабасида шахсларнинг чўкиши гумон қилинган, 43 маротаба одамлар эҳтиётсизлик оқибатида, 6 маротаба эса ўз жонига қасд қилган шахслар ҳамда 15 та ҳолатда чўмилиб чўкканлар аниқланган.

Юқорида айтиб ўтилган барча салбий ҳолатлар чўмилиш тақиқланган ва сузиш мумкин бўлмаган сув ҳавзаларида содир бўлган. Республикамиз бўйлаб 39 пляж ва 170 та бассейнлар чўмилиш учун мўлжалланган.

Пляжда дам олишни ташкил этиш учун яроқли бўлган соҳил ҳудудлари шаҳарсозлик ҳужжатларида асосида белгиланади. Жойни танлашда зарур майдоннинг ҳисоб-китоби, пляж учун керакли асбоб-ускуналар ва уни жиҳозлашда сув объектларида рекреация ҳудудларига қўйиладиган талаблар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ҳисобга олиш даркор. Пляж ва аҳолининг сувда оммавий дам олиши учун ажратилган жойлар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

Соҳил бўйи ҳудуди режалаштирилган ва ободонлаштирилган бўлиши зарур. Акваториянинг чуқурлиги 3 метр қирғоқдан 50 метргача майдон дам олувчиларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавф туғдириши мумкин бўлган турли-туман нарсалардан тозаланган бўлиши лозим. Чўмилишга рухсат этилган ҳудудларда паст ҳароратли ер ости сувлари чиқмаслиги, гирдоблар бўлмаслиги, оқимнинг тезлиги 0.5 м секунддан ошмаслиги лозим.

Ушбу ҳудудлар порт иншоатлари, причаллардан Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан рухсат этилган масофада жойлашган бўлиши лозим. Пляж саноат ва маиший оқова сувлар чиқариб ташланадиган жойлардан узоқда жойлаштирилиши мақсадга мувофиқдир.

 

Гулчеҳра ШИРИНОВА ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: