Шаҳарлик келин

Ҳаловат хола кенжа ўғли Эркинжонга шаҳардан келин олаётганини эшитган қўни-қўшнилар “Ўзлари гапга етарман кайвони аёл бўлса, “дом”да ўсган қизни келин қилиб, қариган чоғида рўзғорнинг ишларини ким қиларкан, қишлоқчилик, сигир-бузоқ, тандир-ўчоққа қараш нима бўлади?..” деб гап қилишган эди. У бу гапларни ичига ютиб, “Ўғлим шунга кўнгил қўйди, пешонамда борини кўраман”, деб ўйнаб-кулиб тўйни ўтказди. Ўтказдию, ичидаги ҳадик барибир йўқолмади.

“Чилласи чиққандан кейин кўчага шим кийиб чиқаман деса ёки рўзғор ишларини қилолмайман деб лабини буриб турса, говмишим туғиб ўтирибди, эрта-кеч бир челакдан сут беради. Уни соққинча қўлимнинг мадори етмайди, келин соғмаса ким соғади? Сигирдан қўрқаман деса-чи? Ўзи мен нима қилиб қўйдим, уй-жойимга эгалик қиладиган кенжа келинни билаги бақувват қишлоқ қизларидан танласам бўлмасмиди, Эркинжонни ҳам бир амаллаб кўндирардим-да”. Ҳаловат холага шу каби ўй-хаёллар тинчлик бермасди.

Сарви келин ўтган йили коллежни тугатган. Соч турмаклаш, пишириқ пишириш, тикиш-бичиш сингари ишларни билади. Аммо сигир соғиш, нон ёпишни умуман кўрмаган. Улар ҳамма нарсани бозордан сотиб олишарди. Кўп қаватли уйдаги ҳаёт тарзи шундай бўлгандан кейин у нима ҳам қилсин?

Тўйдан бирон ҳафта ўтгандан кейин Ҳаловат хола ҳовли супираётган келинининг ёнига келиб, “Болам, секин-секин ўрганаверасиз, қишлоқда яшайдиган аёлларнинг ишлари кўпроқ. Сигир соғади, нон ёпади, кези келганда даладан ўт олиб келади”, деди юмшоққина кулиб.

Ҳаловат хола нонни ёпиб олгач, қолган иккита кулчани кўрсатиб “Келинжон мана шуларни ёпинг, ўрганиб кетасиз”, деди. Келин юз-кўзини рўмол билан ўраб, кулчаларни ёпиб, тандир ичига қараса, шунча жой туриб икки кулчани устма-уст ёпиб қўйган эди.

– Ойижон бунча уқувсиз бўлмасам, ҳеч ишни эплолмаяпман-ку, – деди йиғламсираб ораси оппоқ пишган кулчаларни кўрсатиб.

– Қўйинг, хафа бўлманг, ҳали ҳаммасини ўрганиб кетасиз. Сиздек пайтимда мен ҳам кўп қийналганман. “Одам қилган ишни одам қилади” дейди халқимиз. Фақат қунт билан, чин юракдан қилиш керак, – дея келинини юпатди хола.

Эртадан бошлаб келинчак астойдил ишга киришди. Тонг қоронғусида Ҳаловат холанинг кўйлагини кийиб, рўмолини ўраб сигирнинг ёнига борган эди, сигир бузоғини ялаганча индамай турди. Бир пасда ярим челак сут соғилди. Севиниб кетганидан сигирнинг бўйинларини силаб, эркалаб қўйди. Келиннинг ҳаракатларини узоқдан кузатиб турган қайнона ўзини кўрмаганга олди ва ички бир севинч билан уйга кириб кетди.

Яна ўқинг:  Менинг почтачи жўрам

Сарви келин янги соғилган сутдан ширчой пишириб келганида хола узундан узоқ дуо қилди ва кулимсираб турган ўғлига қараб “Барака топгур қудам яхши қиз ўстирган экан, келиним уй ишларини бирма-бир қўлимдан олаяпти”, деди хурсанд бўлиб.

Келинчак ўзининг қилаётган ишларидан завқланарди, қайнонаси ва эрининг хурсанд бўлаётганини кўриб, янада яхшироқ ишлар қилгиси келарди. У учун битта жумбоқ қолганди, у ҳам бўлса нон ёпиш. Ҳаловат хола бир куни қизиникига кетди. Ҳовлида ёлғиз қолган келин супра ёзиб, нон қилишга аҳд қилди. Тандирнинг кулини олиб, ўтин қалади. “Тандирнинг ичидаги олов ёниб бўлгандан кейин, юзингга тафти урилмаса нонни ёпавер” деган эди хола. Келин енгча-рапидаларни шошмасдан кийиб, ўзини эркин қўйиб “Бисмилло” деб биринчи нонни ёпди. Қараса, қўли келишаяпти. Кейин иккинчисини, учинчисини…

Дастлабки ёпилган нонларнинг юзи қизара бошлади. Ҳовучига сув олиб сепди, нон ялтиллади. 10-15 дақиқадан кейин нонлари қизариб, пишиб қолибди. Охирги нонни узаётганда дарвоза очилиб Ҳаловат хола кириб келди.

– Вой, пазанда келинимдан ўргилай, нон қилиптими? Ўҳў, нонларнинг чиройлилигини қаранг. Хола илдамлаб тандир ёнига келди ва қип-қизил пишган нонларни саватга солаётган келинини дуо қилди, “Умрингиздан барака топинг, қўшганингиз билан қўша қаринг”.

Биринчи пиширган нонингизни қўшниларга улашамиз. Шаҳарлик келин пиширган нонни улар ҳам кўриб қўйишсин, – деди хола. Қайнона-келин бирдай қувонарди, бири рўзғор ишларини уддалай олганидан, бири эса келин бобида омади юришганидан…

 

Бўстон РАҲМОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: