Гидрофобия қандай дард?

Табиатда вируслар сақланиб қоладиган резервуарлар бўри, тулки, шоқоллар бўлиб, улар орасида қутуриш касаллиги тўсатдан пайдо бўлиб туради. Аммо инсон учун асосий ва доимий инфекция манбаи бу итлардир. Шунингдек, бошқа ҳайвонлар – қорамоллар, қўйлар, эчки, чўчқа, от, эшак, каламуш ва шу каби жонзотлардан ҳам одам ушбу хасталикни юқтириши мумкин.

Қутуриш касаллиги баҳор-ёз ойларида кўп учрайди. Бу даврда дайди итлар билан инсон мулоқоти кўп кузатилади. Унга касаллик қутурган ҳайвон тишлаганда теридаги жароҳат ҳамда шиллиқ қаватларга касал ҳайвон сўлаги тушиши натижасида юқади. Одамнинг бош, юз ва қўл бармоқларини хаста ҳайвон тишлаганда касаллик юқтириш хавфи юқори бўлади. Вирусни юқтирган ҳайвонлар касаллик белгилари пайдо бўлишидан 3-10 кун аввал юқумли бўлади. Шунинг учун ҳам кўп ҳолларда беморни тишлаган ҳайвонда касаллик белгилари бўлмаслиги ва уни соғлом, деб ўйлаш мумкин. Бу хасталик кўпроқ қишлоқ жойларида яшайдиган одамларда учрайди. Чунки ушбу ҳудудларда дайди итларнинг инсонларни тишлаш хавфи юқори бўлади.

Қутуриш вируси организмга тушгандан кейин асаб толалари орқали марказий асаб тизимига ўтади. Унинг бош ва орқа мия ҳужайраларига кириши эса марказий асаб тизимининг функционал ва органик бузилишларига олиб келади. Бош мияга қон қуйилиши ва тўқималарнинг некрози (чириши) кузатилади. Вирус бош мия ярим шарларининг пўстлоқ қавати ва миячани зарарлайди. Бош мия нейронлари ичида “Бабеш-Негри таначалари” пайдо бўлади. Бу таначаларнинг нейронларда аниқланиши қутуриш касаллигини тасдиқлайди. Марказий асаб тизимидан вирус бошқа аъзо ва тўқималар (ўпка, буйрак, жигар ва бошқалар)га тарқалади. Вирус сўлак безларига тушиб, у орқали кўп миқдорда ажралади.

Касалликнинг яширин даври 10 кундан 90 кунгача, ўртача 30-50 кунни ташкил қилади. Лекин, кам ҳолларда бу давр 1 йил ва ундан ҳам ортиқ давом этиши мумкин.

Яширин даврнинг давомийлиги тишланган жой, жароҳатнинг чуқурлиги ва беморнинг ёши (болаларда яширин давр катталарга нисбатан қисқа бўлади)га боғлиқ. Тишланган жой бош мияга қанча яқин бўлса, хасталикнинг яширин даври ҳам шунга яраша қисқа бўлади. Шикастланган жой бош соҳаси ва қўл бармоқларида бўлганда ҳам яширин даврнинг муддати камаяди. Касаллик белгилари вирус бош мияга етиб боргандан кейин бошланади.

Яна ўқинг:  Нотўғри овқатланиш организм учун зарар

Қутуриш касаллигининг кечишида навбат билан алмашиб келадиган 3 босқич фарқланади. Биринчиси, дарднинг бошланиш босқичида хасталикнинг дастлабки белгилари пайдо бўлади. Иккинчиси, қўзғалиш босқичи (беморда агрессив – тажовузкорлик) ҳолати кузатилади) ва учинчиси хасталикнинг фалажланиш босқичи.

Дастлабки белгиларнинг пайдо бўлиш босқичи 1-3 кун, айрим ҳолларда 7 кунгача давом этади. Беморда умумий ҳолсизлик, бош оғриши, мушакларда оғриқ, оғизнинг қуриши, иштаҳанинг пасайиши, томоқда оғриқ кузатилади. Беморда қўрқиш ва ваҳимага тушиш белгилари пайдо бўлади. Хаста одамнинг кайфияти бузилади. У уйқусида ёмон (қўрқинчли) тушлар кўради ва касал киши уйқусизликдан азият чекади. Хаста одамда яна қўрув, эшитув галлюцинация (“вос-вос”)лари кузатилиши мумкин. Унинг тана ҳарорати 37,5 С гача кўтарилади. Жароҳатланган жойда оғриқ пайдо бўлиб, ундаги чандиқ қизаради. Шунингдек, унинг атрофи шишади ва сезгирлиги ошади.

1-3 кундан кейин касалликнинг беморда иккинчи босқичи, яъни, қўзғалиш босқичи бошланади. У безовталана бошлайди. Бу босқичда дардманд одамда турли кўринишдаги фобия (қўрқиш)лар: яъни, сувдан қўрқиш (гидрофобия), ҳаводан қўрқиш (аэрофобия), товушдан қўрқиш (акустикофобия) ва ёруғликдан қўрқиш (фотофобия) кузатилади. Бу даврда унда кўп миқдорда сўлак ажралиши (гиперсаливация) намоён бўлади. Гидрофобияда дастлаб бемор сувни ичишга ҳаракат қилганда, кейин эса уни кўрганда ёки суюқликнинг шариллаш овозини эшитганда, ҳатто, сув ҳақида эслатилганда ҳам бемор безовталанади. Ҳалқум ва ҳиқилдоқ мушаклари талвасасимон қисқариб, хастанинг нафас олиши қийинлашади ва у оғриқли бўлади (касал одам бўғилади). Беморнинг нигоҳи бир нуқтага қаратилган бўлади. Унинг кўз олмаси бўртиб, қорачиқлари кенгаяди. Юрак уриши эса тезлашади. Хастанинг қўли титраб, инсонга хос бўлмаган катта куч пайдо бўлади. Бемор буюмларни синдириб, атрофдагиларга ташланади. Овози кескин пасаяди. Бу босқичда хаста кишининг оғзидан кўп миқдорда сўлак ажралиб, у кўпик шаклида оқиб тушади. Терлаш кучаяди. Бу босқич одатда 2-3 кун давом этади.

Фалажлик босқичида қўзғалиш хуружлари тўхтайди. Бемордаги қўрқинч ҳисси йўқолади. Гидрофобия кузатилмайди. Касал одам ётади, юзи, қўли ва бадани тер билан қопланади. Ундан ҳаддан зиёд кўп сўлак ажралади. Нафас олиши яхшиланади. Бемор ва атрофдагиларда унинг тузалишига умид пайдо бўлади. Лекин юрак ва қон томирлар тизимидаги салбий ўзгаришлар чуқурлаша боради. Унинг томир уриши тезлашади, артериал қон босими пасаяди. Пешоб ажралиши камаяди. Тана ҳарорати кўтарилади. Бу босқич 18-20 соат давом этиши мумкин. Касаллик 3-7 кун давом этади. Ушбу дарднинг оқибати фожиали ва касаллик ўлим билан якунланади. Ўлим сабаби эса юрак ёки нафас олиш марказининг фалажланиши ҳисобланади.

Яна ўқинг:  ГРИПП АСОРАТИ БИЛАН ХАВФЛИ

Қутуришни аниқлашда эпидемиологик суриштирув ва унга хос бўлган клиник белгилар муҳим роль ўйнайди. Одамни тишлаган ҳайвонда касалликнинг бор-йўқлиги тасдиқлаш орқали инсонда хасталик ривожланмаслигининг чоралари кўрилади. Беморга якуний ташхисни қўйиш катта аҳамиятга эга. Уни қоқшол, энцефалит (бош мия яллиғланиши), атропин моддасидан заҳарланишдан фарқлаш лозим. Бу фақат шифокорлар томонидан амалга оширилади.

Ҳайвон тишлаганда биринчи навбатда жароҳатланган жойни кир совунли сувда ювиб, яқин жойдаги травматологик пунктга мурожаат қилиш зарур. Эмлашнинг кор қилиши эса беморнинг яқинлари уни шифокорга қанчалик барвақт олиб келишига боғлиқ.

Қутуришни даволаш учун тиббиётга маълум бўлган кўплаб даволаш воситаларини қўллаб кўрилган бўлсада, у ҳамон самара бермаган. Ҳозирги кунда қутуриш давоси йўқ касаллик ҳисобланади (хасталик белгилари пайдо бўлгандан кейин беморнинг тузалиб кетган ҳолатлари кузатилмаган). Сўнгги йилларда илмий адабиётларда қутуришни даволашга уринишлардан бири сифатида реанимацион кузатув остида интерферонни қўллаш бўйича маълумотлар мавжуд. Қутуришни даволаш ҳанузгача тажриба тарзида амалга оширилмоқда. Фақат эмлаш орқалигина инсонни қутуриш касаллиги ривожланишидан халос қилиш мумкин.

Касаллик профилактикасида хонадонларда боқилаётган итларни албатта рўйхатга олиш ва уларни қутуришга қарши эмлаш, дайди итларни йўқ қилиш, аҳоли орасида санитария-ветеринария соҳаси бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш катта аҳамиятга эга. Нотаниш ит ёки бошқа ҳайвон тишлаганда қутуриш юқишининг олдини олиш учун эмлаш ўтказилади. Беморнинг тишланган жароҳатига ишлов бериш ва уни қутуришга қарши эмлаш жараёни травматологик пунктларда амалга оширилади. Эмлаш даврида ва яна 6 ойгача ҳаддан ортиқ жисмонан толиқиш, совқотиш ёки аксинча иссиқда кўп бўлиш (ҳаммом, саунада бўлиш) тақиқланади. Чунки бу ҳолатлар, айниқса спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, қутуришга қарши ўтказиладиган эмлаш самарасини кескин пасайтириши мумкин.

 

Аллаберган БАЙЖАНОВ,

Самарқанд вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси бош шифокори,

тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: