Жилоли сочлар – саломатлик “барометри”

Киши ҳамиша ўзининг сочлари соғлом ва қалин бўлиб ўсишини истайди. Инсон организмида янги сочлар пайдо бўлиши билан эски соч толалари тўкила бошлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича ўртача кунлик соч тўкилиши 100 донани ташкил этса, бу ҳолат одатий ҳисобланар экан.

Бироқ айрим ҳолатларда таъбимизни хира қиладиган ҳаддан зиёд кўп соч тўкилишлари бизни ташвишга солади. Кўпинча уларнинг тўкилишига ички аъзолар касалликлари ҳам сабаб бўлади. Сочларнинг меъёрдан кўп тўкилишига организмда витаминлар етишмаслиги, нотўғри овқатланиш, замбуруғли ва юқумли касалликлар, кучли дори воситалари (левомицитин, аспирин) каби дориларни истеъмол қилиш таъсирида, қалқонсимон без касалликларида, стресс (руҳий зўриқиш)лар натижасида соч фоликулалари шикастланади.

Оғир касалликларни бошидан ўтказган беморларда ва ҳаддан зиёд сиқилиш, зўриқиб ишлаш, уйқусизлик ва кун бўйи компьютерда ўтириш ҳам меъёридан ортиқ соч тўкилишига сабаб бўлади, – дейди аллерголог-дерматолог шифокор Раъно Хушвақтова. Бу касалликни даволашдан олдин унинг сабабини аниқлаш зарур. Агар организмга витаминлар етишмаса, стреслар натижасида ёки одам кучли дори воситаларини қабул қилганлиги аниқланса, беморга керакли тавсиялар берилади. Мабодо сочларнинг тўкилиши наслга боғлиқ бўлса, унда хасталикнинг олдини олиш анча мураккаб кечади. Аёлларда соч тўкилиши асосан бўқоқ касаллигида ва ҳомиладорлик даврида кўпроқ кузатилади. Касалликнинг олдини олиш учун хаста одамга зарур дори-дармонлар ва А, В, Е витаминларини қабул қилиш билан бирга витаминларга бой бўлган табиий ҳўл мевалар ва сабзавотларни ҳам истеъмол қилиш тавсия этилади.

Ундан ташқари, ушбу дарднинг юзага келиши яшаб турган экологик муҳитга ҳам боғлиқ эканлигини унутмаслик керак. Фасллар ўзгариши натижасида ҳавонинг ўта иссиқ ёки ўта совиб кетиши ҳам сочларга ўз таъсирини ўтказади.

Бундан ташқари, сунъий таъм берувчи озиқ-овқат маҳсулотлари, рангли ичимликлар, бир зумда тайёр бўладиган овқатлар, ўта шўр ва аччиқ тузламаларни кўп истеъмол қилиш ҳам соч илдизларининг яллиғланишига олиб келади.

 

Ёш болаларда нега соч тўкилади?

Буни қарангки, айрим ҳолатларда катталар қолиб ёш болаларнинг ҳам сочлари тўкилаётганидан тез-тез шикоят қилиб туришади. Гўдакларнинг чақалоқлик давридаги соч тўкилиши қорин сочининг тўкилиши, дея бунга табиий ҳолатдай қаралади. Бироқ айрим пайтларда болаларда сочнинг кўп тўкилиши ёки парча-парча бўлиб тўкилиш ҳолатларини ҳам кузатиш мумкин. Бундай ҳолларда эса ота-оналар сергак бўлишлари даркор. Чунки бу нормал ҳолат бўлиб ҳисобланмайди. Фарзандларининг организмида А, Е витаминларининг етишмаслиги ҳамда юқумли ва гижжа касалликлар борлигидан далолат беради. Уларнинг олдини олиш учун, аввало, болаларни шифокор назорати остида организмини гижжа ва хилтлардан тозалаб, парҳез қилиш орқали даволаш ишлари олиб борилади. Организмдаги паразит гельментлар ёш боланинг сочларигагина эмас, балки уларнинг юзларига ҳам оқ доғлар тушишига ва беморнинг озиб кетишига сабаб бўлади. Болаларда сезиларли даражада лоҳаслик ҳолатларни кузатган ота-оналар уларни албатта, мутахассис шифокор кўригига олиб боришлари зарур. Ёш болаларни даволашда, энг аввало, покизаликка эътибор бериш ниҳоятда муҳим. Болажонларнинг хоналарини тоза тутиш, ўз вақтида уларнинг тирноқларини олиш, қўлларини совунлаб ювиш, ички кийимлари ва чойшабларини тоза тутиш ҳамда уларни тез-тез иссиқ дазмол билан дазмоллаш гижжаларни нобуд қилади.

Яна ўқинг:  Ошқовоқли шўрва

 

Дилфуза АЗИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: