Фарзандлар саломатлиги – дилимиз ҳаловати
Юртимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб, ҳам маънан ҳам жисмонан соғлом фарзандларни вояга етказиш масаласига давлат аҳамияти даражасида эътибор бериб келинмоқда.
Фарзандлар саломатлиги ота-она учун қанчалик муҳим бўлса, биз шифокорлар учун ҳам шунчалик аҳамиятлидир.
Болалар невропатологи сифатида шуни айтишим мумкинки, она ва бола саломатлиги йўлида олиб борилаётган ишлар натижасида ҳозирда ирсий ёки бошқа неврологик касалликлар бир мунча камайганини кўришимиз мумкин. Вилоятларда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, хусусан, скрининг марказларининг ташкил этилиши натижасида чекка қишлоқларда ҳам ҳомиладор аёллар соғлигини мустаҳкамлашга эришилмоқда.
Бундан ташқари эрта никоҳ, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларга барҳам берилаётгани боис ҳам болаларда ирсий касалликлар билан туғилиш ҳолати кескин камайган.
Мустақиллик туфайли шифохоналар қиёфаси тубдан ўзгарди. Тиббиёт муассаларининг моддий-техник базаси яхшиланиб, касалликлар бўйича изланишлар олиб борилиши учун барча шароитлар яратиб берилган. Бу эса биринчидан беморларга тез ва тўғри ташхис қўйишга кўмаклашса, иккинчидан иш суратининг ошишига ёрдам бермоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, мутахассисларимиз чет давлатларда бўлиб, у ерда тажриба алмашиш ва малака ошириш давомида ўзлаштирган тажрибаларини амалиётда қўллаб келишмоқда.
Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида бизнинг юртимиздаги каби соғлом авлод тарбиясига, унинг саломатлигига давлат даражасида эътибор берилмайди. Бунинг замирида эса ҳеч шубҳасиз Ҳурматли Юртбошимизнинг «Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур», деган сўзлари ётибди. Бу асло муболаға эмас. Истиқлол яратган шароитлар бизга ҳар жабҳада тенглар ичра тенг бўлиш имконини бермоқда. Шундай экан, ушбу дориломон кунларнинг қадрига етиб, Ватанга муносиб фарзанд бўлишга интилишимиз керак.
Жамшид САИДОВ,
Невропатолог