Қандала қандай зараркунанда?
(Давоми, боши бу ерда)
Улар тунда, аниқроғи, тонг отишдан олдинги пайтда – соат 300 дан 600 гача энг фаол бўлади. Айнан мана шу вақтда улар ўлжаларини (одамларни) энг кўп чақишлари кузатилади. Уларнинг тез ҳаракатлари туфайли хонадоннинг ҳар қандай бурчагидан каравотгача жуда қисқа вақт ичида етиб келиши, қон сўришга 20-25 дақиқа сарфлаши ва пана жойларга яширинишлари мумкин.
Тўшак қандалалари 5-10 кунда бир маротаба озиқланади. Тўйинган ҳашарот озуқани ҳазм қилаётган кунда пана жойларда бўлади. Бу пайтда улар кўзга ташланмайди. Мана шунинг учун ҳам қандалаларни фақат улар тўпланадиган жойларидангина топиш мумкин. Шунингдек, улар жуда серпушт бўлади. Ҳар бир урғочи ҳашарот ҳаёти давомида 300 дан зиёд тухум қўяди. Унинг тухум қўйиши ҳар 4-5 кунга тўғри келади. Ғумбаклари эса тухумдан 5-6 кунда чиқади ва 4-5 ҳафтада вояга етган паразитларга айланади. Бу вақт мобайнида улар бир неча бор туллайди ва хитин пўстлоқларига қараб, уйда тўшак қандалалари борлигини билиш мумкин.
Ушбу паразитлар тухумдан то вояга етган давригача – бир қанча босқичларни ўтайди. Ҳар бир босқичдан кейингисига ўтиши учун тўшак қандаласига қон керак бўлади. Урғочи тўшак қандаласи қулай шароит қидиради. У ўзига керакли қон миқдорини сўриб олади ва кейин ҳар куни тухум қўя бошлайди. Натижада ўзининг янги колониясини ҳосил қилади. Одатдаги шароитда тўшак қандаласи 10 ойдан 12 ойгача яшайди. Бу даврнинг асосий қисми вояга етган ҳашарот босқичига тўғри келади.
Тўшак қандаласи қонсиз қанча вақт яшаши мумкин?
2011 йили “Insects” журналида Виржиния политехника университетининг энтомолог-тадқиқотчиси Андреа Поланконинг “Тўшак қандаласининг оч қолган вақтида яшовчанлик қобилияти” номли мақоласи чоп этилди.
Бу мавзудаги дастлабки тадқиқотлар ХХ асрнинг биринчи ярмида тўлиқ ўтказилган. Бироқ, олинган ушбу маълумотлар ўтган давр мобайнида анча эскирди. Тадқиқотчи олим кузатувлари натижасида қуйидаги натижаларга эришди:
I босқичда ғумбак 11 кундан 38 кунгача, II босқичда 22,5 кундан 74 кунгача, III босқичда эса ғумбак 25 кундан 123 кунгача, IV босқичда 30,5 кундан 132 кунгача, V босқичда ҳашарот личинкалари 41,5 кундан 142,5 кунгача, вояга етган урғочи тўшак қандалалари 39 кундан 99 кунгача, эркак зараркунандалар эса 42 кундан 106 кунгача яшаши мумкин. Ушбу маълумотлардан кўриниб турибдики, қандалаларнинг қонсиз яшаб қолиш қобилияти анча қисқа муддатларни ташкил этади.
Унга қарши кураш усуллари
Улар тамаддуннинг ривожланиш тарихи давомида инсон билан бирга бўлиб келаётганлиги сабабли, бу паразитга қарши кўплаб курашиш усуллари ишлаб чиқилган. Тўшак қандалалари биологиясининг ўзига хос хусусиятлари бўлганлиги сабабли уларга қарши курашда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш лозим:
Тўшак қандалалари бинодаги ҳаво ҳароратига жуда сезгир бўлади. Улар +10°Сдан +30°С гача бўлган оралиқдаги ҳароратда ўзларини яхши ҳис қилади. +50°С дан юқори ҳароратда бу ҳашарот ва уларнинг тухумлари дарҳол нобуд бўлади. +5°С дан паст ҳароратда тўшак қандалалари анабиоз (чуқур уйқу ҳолати)ни эслатувчи жараённи бошдан ўтказди. Ҳарорат – 10-15°С гача пасаядиган бўлса, унинг тухуми умуман ривожланишдан тўхтайди.
Ушбу ҳашаротлар турли кимёвий инсектицидларга қарши тезда чидамлилик намоён қила олади. Шунинг учун ҳам тўшак қандалаларига қарши кимёвий воситалар ишлаб чиқарувчилар доимо ўз маҳсулотларини такомиллаштириб боришади. Улар зумда кўчади ва биноларга тезда жойлашиб олади. Бу паразит билан зарарланган уйда битта хонадонни улардан халос этиш ва яна бир ойдан кейин зараркунандаларни қўшнилардан ўтмаслигига кафолат бера олмайди. Тўшак қандалаларининг бу хусусиятларини инобатга олган ҳолда бугунги кунда қуйидаги кураш усулларидан фойдаланилади:
Уни кимёвий инсектицидлар билан йўқотиш зарур. Замонавий инсектицид воситалари ёрдамида қандалаларни маълум даражада самарали йўқотиш мумкин. Ушбу препаратлар ҳеч қандай ҳидга эга эмас ва инсон соғлиги учун зарарсиздир.
Уларга қарши курашда иссиқ ёки совуқ ҳароратдан фойдаланиш жуда самарали ҳисобланади. Аммо, бу усул техник жиҳатдан бироз мураккаброқдир.
Бугунги кунда тўшак қандалаларига қарши курашда биологик кураш усулларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Уларнинг ғумбаклари танасига тухумларини қўювчи паразитларни олимлар аниқлашган. Кейинчалик бундай ҳашаротларнинг ғумбаклари тўшак қандалаларнинг нимфасини ёки вояга етганларини нобуд қилади.
Ундан ташқари яқинда фанда моғорлайдиган замбуруғ тури топилди. Паразитнинг бу тури қандалалар жамоасини зарарлаши аниқланди. Натижада моғор сабабли уларнинг ёппасига нобуд бўлиши кузатилади. Аммо, бундай кураш усуллари ҳозирча фақатгина ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, халқ табобатидан ҳам самарали фойдаланиш мумкин. Сирка, денатурат, янги ўрилган аччиқ шувоқ ўсимлиги тўшак қандалалари учун кучли чўчитувчи таъсирга эга. Лекин бу воситалар уларни бутунлай йўқ қилиб юбормайди.
Ультратовушли чўчитувчи мосламалар қандалаларга таъсир этмайди. Зараркунандаларда юқори товушлардан қочиш инстинкти ривожланмаган. Қандалалар тез тарқалганлиги сабабли кўп қаватли уйларда битта хонадоннинг ўзида уларга қарши курашиш самара бермайди.
Бугунги кунда ном чиқарган инсектицид бўр ва қаламчалар тўшак қандалаларига қарши курашда у ёки бу даражада самарали ҳисобланмоқда. Хонадон эгалари тўшак қандалаларига қарши мустақил равишда курашишлари мумкин. Ёки бунинг учун махсус санитария хизмати мутахассисларини чақиришлари зарур.
Эркинжон ШАКАРБОЕВ,
ЎзРФА Зоология институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари,
биология фанлари доктори, профессор