Теннисчиларимиз ғалабаси
Андижонда ташкил этилган теннис бўйича халқаро турнирда Санжар Файзиев ва Сабина Шарипова мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, бош совринни қўлга киритди.
Дунёнинг йигирмага яқин давлатидан келган 100дан ортиқ теннисчилар ўртасидаги мусобақа Ўзбекистон ва Халқаро теннис федерациялари томонидан ўтказилди.
“Фьючерс” туркумидаги мусобақанинг эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида Санжар Файзиев финал учрашувида туркиялик Кем Илкелга қарши кортга чиқди. Ушбу учрашувнинг биринчи сетини тай-брекда ўз фойдасига ҳал қилган теннисчимиз, иккинчи сетда 6: 4 ҳисобида ғалаба қозонди ва мусобақа ғолибига айланди.
Мусобақанинг хотин-қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Сабина Шарипова финал учрашувида словениялик Кая Хуванни 6: 4,6: 2 ҳисобида мағлубиятга учратди.