ЁШЛАР кўргазмаси очилди
Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, «Келажак овози» ёшлар ташаббуслари маркази ва БМТнинг Аҳолишунослик бўйича жамғармаси (UNFPA) ҳамкорлигида 12 август – Халқаро ёшлар кунига бағишланган фотокўргазма очилди.
БМТ Бош Ассамблеяси ташаббуси билан 2000 йилдан буён 12 август Халқаро ёшлар куни сифатида кенг нишонланмоқда. Бу ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, авлодлар ва маданиятлар ўртасидаги бирдамликни янада мустаҳкамлаш, йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Кўргазмада «Келажак овози» ёшлар ташаббуслари маркази лойиҳалари», «Биз – 22 ёшдамиз!», «Мен ва менинг ҳаётим» йўналишлари бўйича саралаб олинган икки юзга яқин фотосурат намойиш этилмоқда. Уларда ёшлар ҳаёти, ўқиши ва фаолияти, ижтимоий-сиёсий тадбирлардаги иштироки, улкан ютуқлари турфа жанр ва услубларда акс эттирилган.
Шу куни БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида БМТ ресурс хонаси ҳам очилди.
Янги ресурс маркази аҳоли ва китобхонларга БМТнинг Ўзбекистондаги фаолиятига оид янгиликлар, турли манбалар, лойиҳалар, дастурлар ва услубий қўлланмалар базасидан фойдаланиш учун янада қулай шароит яратади.
Феруза Ҳайитбоева