Чет тилини ўрганишга бўлган юксак эътибор
халқ таълими тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда яққол намoён бўлмоқда
Халқимизда тил билган – эл билади, деган нақл бор. Ҳақиқатан ҳам, тил билган киши асло кам бўлмайди. У юрт кезади, дунёни танийди, жаҳон халқлари маданияти, адабиёти ва янгиликларидан тез ва аниқ хабардор бўлади. Демак, фарзандларимизнинг хорижий тилларни билишини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши, ахборот-коммуникация технологияларини фаол ўзлаштириши, замонавий касб-ҳунар, хорижий тилларни ўрганиши учун барча имкониятлар яратилган. Бугун ёшларимиз ана шундай улкан имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Хусусан, таълим тизимининг барча босқичларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юз минглаб ўғил-қизларимиз муайян мутахассислик бўйича таълим олиш билан бирга чет тилларини ҳам пухта ўрганмоқдалар.
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билимли, зукко йигит-қизлар сафини янада кенгайтириш, уларнинг халқаро кўламда илм олишга бўлган қизиқишини кучайтириш, хорижий тилларни билиш даражасини юксалтиришда дастуриламал бўлмоқда.
Ушбу Қарор мамлакатимизда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, хорижий тилларни пухта биладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратмоқда.
Зеро, бугун дунёга юз тутаётган диёримизнинг ҳар бир фарзанди етук салоҳият, юксак билим эгаси бўлиб тарбияланмоғи давр талабидир.
ЎРГАНИШ, ЎҚИТИШ, БАҲОЛАШ
Бу йил нафақат дарс соатлари, балки ўқув дарсликлари ҳам кўпайтирилмоқда. Бу борада Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга ошрилмоқда. Жумладан, «Чет тилини билишнинг умумевропа компетенциялари: ўрганиш, ўқитиш ва баҳолаш» (CEFR) талабларига таянган ҳолда чет тиллари бўйича янги Давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 8 майдаги қарори билан тасдиқланди.
Мазкур қарор асосида чет тилларини 1-синфдан бошлаб босқичма-босқич ўқитиш бўйича янги ўқув режа ҳам тасдиқланди. Унга кўра, 1-4-синфларда ҳафтасига 2 соатдан чет тили фани киритилади. Давлат таълим стандартлари асосида 1-9-синфлар учун инглиз, немис ва француз тилларидан ўқув дастурлари яратилди ҳамда вазирликнинг жорий йил 14 майдаги 163-сонли буйруғи билан тасдиқланди.
Янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида 1-синфлар учун инглиз тилидан («Kid's english»), немис тилидан («Deutsch macht spab») ва француз тилидан («Hirondelle») дарслик мажмуалари яратилди. Мажмуалар ўқувчи китоби, ўқитувчи учун методик қўлланма ва мультимедиали иловалар (DVD-диск)дан иборат.
Шунингдек, шу йили 15 апрелдан, 15 майга қадар 1-синф учун яратилган дарслик мажмуалари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда белгиланган таянч мактабларда тажриба-синовдан ўтказилиб, таклифлар ҳамда халқаро экспертлар фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиб нашрга тавсия этилди.
Чет тилларидан 1-синфлар учун дарсликлар мажмуаларини чоп этиш бўйича нашр режаси ишлаб чиқилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 4 июлдаги фармойиши асосида 1-синфга келадиган ўқувчилардан 497 минг 244 нафарига (94%) инглиз тили, 18 минг 757 нафарига (3,5%) немис тили, 12 минг 971 нафарига (2,4%) француз тили дарслиги чоп этилади. Фармойишга мувофиқ 2-4-синфлар ва 5-9-синфлар учун яратиладиган адабиётлар муддатлари белгилаб олинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги қарорига асосан «2013-2016 йилларда таълим муассасаларининг чет тиллари кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳозлашни (қўшимча жиҳозлашни) жадаллаштириш Дастури» тасдиқланиб, тендер савдоларига эълонлар берилди. Мазкур дастурга асосан 2013 йилда 2457 та бошланғич синфларни замонавий компьютерлар, 17 минг 222 та бошланғич синфларни DVD-магнитол тўплами ва ўқув-кўргазмали қуроллари, шунингдек, 200 та мактабни интерфаол электрон доскаси билан таъминлаш белгиланган. 2013-2016 йилларда 17 минг 222 та бошланғич (1-4-синф) синфлар ва 8 минг 735 та юқори (5-9-синф) синфлар тегишли жиҳозлар билан таъминланади.
ЧЕТ ТИЛИ ЎҚИТУВЧИЛАРИГА ЭҲТИЁЖ ҚАНДАЙ?
Фаолият қанчалик кенгайса, малакали кадрларга шунчалик эҳтиёж ортаверади. Шу маънода халқ таълими тизимида ҳам ўқувчиларга чет тилларининг чуқур ўргатилиши учун кўпгина маҳоратли, билимли ва тажрибали педагоглар керак бўлади. Бу борада тизимда муайян ишлар бажарилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Мисол учун, Британия Кенгаши, Франция ва Германия элчихоналари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда республиканинг барча ҳудудларидаги умумтаълим мактабларидан 160 нафар инглиз тили, 45 нафар немис тили, 40 нафар француз тили тренер-ўқитувчилари саралаб олинди ҳамда олий таълим муассасаларида малакаси оширилиб, махсус сертификатлар берилди.
Ҳозиргача ушбу тренер-ўқитувчилар ёрдамида ҳудудий малака ошириш институтларида чет тили ўқитувчилари малака ошириш курсларидан ўтказилмоқда. Жорий йил апрель ойида 3 минг 188 нафар, май ойида 3 минг 940 нафар, июнь ойида 3 минг 637 нафар инглиз тили, июнь ойида 857 нафар немис тили ва 492 нафар француз тили ўқитувчилари, июль ойида эса 4 минг 251 нафар инглиз тили, 1 минг 251 нафар немис тили ва 824 нафар француз тили ўқитувчилари малака ошириш курсларидан ўтишди.
2013-2014 ўқув йилида чет тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёж таҳлил этилиб, (3 минг 970 ставка) эҳтиёжни амалдаги ўқитувчиларнинг педагогик юкламаларини 1,5 ставкагача ошириш, бошқа чет тили ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга келиши ҳисобидан қоплаш чоралари кўрилди.
Вазирликнинг 2013 йил 12 июлдаги «Инглиз тили ўқитувчиси мутахассислигига касбий қайта тайёрлаш учун даъвогар ўқитувчиларни саралашни ташкил этиш тўғрисида»ги 236-сонли буйруғига кўра, жорий йилнинг 17-20 июль кунлари барча ҳудудлардан инглиз тили ўқитувчилигига қайта тайёрлаш истагини билдирган талабгорлардан А.Авлоний номидаги халқ таълим ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маслаҳат институти томонидан «Инглиз тили ўқитувчиси» мутахассислигига касбий қайта тайёрлов курсларига «ON-LINE» режимида саралаш тестлари ўтказилди.
Натижада, 241 нафар инглиз тилини юқори даражада биладиган педагоглар аниқланиб, саралаб олинди. Сараланган 241 нафар ўқитувчи инглиз тилига қайта ўқитилиши орқали тизимдаги инглиз тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжнинг маълум қисмини қоплайди. Шунингдек, саралаш тестларидан ўтолмаган ўқитувчилар билан ҳам тайёргарлик ишлари давом этади.
Президентимизнинг жорий йил 11 июндаги «2013-2014 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасаларига қабули тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда Давлат комиссиясига узоқ туманлар ва қишлоқ аҳоли пунктларида чет тиллар ўқитувчилари ихтисослиги бўйича етишмайдиган кадрларни тайёрлаш учун олий таълим муассасаларига квота доирасида мақсадли қабулни амалга ошириш ваколатини бериш масаласи ўз аксини топди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 9 апрелдаги қарори билан чет тили ўқитувчиларининг ойлик тариф ставкаларига қишлоқ жойлардаги таълим муассасаларида 30 фоиз ва бошқа таълим муассасаларида 15 фоиз миқдорида қўшимчалар тўлашни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритилди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 майдаги «Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети базавий таълим ва илмий-методик муассасаси этиб белгиланди. Ушбу қарор ижроси юзасидан Халқ таълими вазирлигининг 2013 йил 27 майдаги 187-сонли буйруғи қабул қилиниб, жойларга ижро учун юборилди. Мазкур буйруқнинг ижроси юзасидан барча ҳудудларда қарорнинг мазмун-моҳиятини ҳар бир таълим муассасаларига етказиш бўйича ҳудудий семинарлар ташкил этилди.
ЯНГИ ТЕЛЕКАНАЛДА ЯНГИ ТЕЛЕДАСТУРЛАР
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 майдаги қарорига асосан «Yoshlar» телерадиоканалида «Bolajon» республика болалар рақамли телеканали ташкил этилган эди. Айтиш жоизки, айни пайтда Халқ таълими вазирлиги ва «Bolajon» телеканали ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Болажонларга мўлжалланган ушбу телеканалда айни пайтда ёш авлод камолоти йўлидаги турли хил эзгу ғояларни тарғиб этувчи, ёшларни билим ўрганишга, айниқса, чет тилига бўлган қизиқишларини ошириш мақсадидаги янги кўрсатув ва теледастурлар, мултьфильм ва бадиий фильмлар намойиш этилмоқда.
Жумладан, «Табиатга саёҳат», «Инглиз тили сабоқлари», «Сирли ўрмонча», «Bravo english», «Катта танаффус», «Қувноқ алифбо» «ABC-kids» каби кўрсатувлар бугун болажонларнинг севимли дастурига айланган. Бундан ташқари ушбу телеканалда ёш ўғил-қизларнинг чет тили бўйича билимларини бойитиш мақсадида ҳар куни турли мультфильм ва бадиий фильмлар бериб борилмоқда.
ОРОМГОҲЛАРДА ЧЕТ ТИЛИ ТЎГАРАКЛАРИ
Президентимизнинг «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ёш ўғил-қизларнинг нафақат таълим муассасаларида, балки ёзги дам олиш оромгоҳларида ҳам чет тили бўйича билими ва савияси бойитилмоқда.
Хусусан, таълим муассасалари қошида ташкил этилган 729 та кундузги оромгоҳларда чет тили бўйича тўгарак машғулотлари фаолияти йўлга қўйилди. 210 та стационар оромгоҳларда чет тили тўгаракларини олиб бориш учун олий таълим муассасаларидан 212 нафар талабалар жалб этилди.
Бу ерда болажонлар учун турли кўнгилочар ўйинлар орқали чет тили дарсларини олиб боришлари амалга оширилмоқда. Ҳафтасига 2-3 мартадан ташкил этилаётган ушбу чет тили тўгараклари ўқувчиларнинг мактабда ўрганган сабоқларини янада мустаҳкамлашга замин яратмоқда.
ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ
Ҳамкорликда ҳикмат кўп. Чунончи, киши ҳамкорлик алоқалари орқали билмаганини ўрганади, билганини ўргатади. Халқаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши эса чет эл тажрибаларини ўрганиш ва ўзимизги жорий этишда муҳим аҳамиятга эга.
Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳам тизимни янада ривожлантириш мақсадида Британия Кенгаши билан ҳамкорликда эксперимент тариқасида А.Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институтида қайта тайёрлаш курслари ташкил этилиб, унга 123 нафар тингловчи жалб этилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Вестминстер халқаро университети билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги 73-сонли мактабда ва Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги 630 ўринга мўлжалланган янгидан қурилиши режалаштирилаётган мактаб биносида инглиз тили чуқур ўқитиладиган халқаро мактабларни ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу таълим масканларининг Лондондаги Вестминстер университети, Британия кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги таъсисчилари бўлади. Таълим Ўзбекистон Давлат таълим стандартлари асосида ташкил этилиб, 1-4-синфларда таълим она тилида олиб борилади ҳамда инглиз тилини интенсив ўрганишга қаратилади, 5-9-синфларда аниқ фанлар ҳамда информатика инглиз тилида ўқитилиши режалаштирилмоқда.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Мухтасар қилиб айтганда, айни пайтда Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчиларга чет тилини ўргатиш ва уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш йўлида бир қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Болаларимизнинг келажагини ўйлаб уларнинг ҳар томонлама билимли бўлиши, чет тилларини мукаммал эгаллаши ва жаҳонда ўз сўзи ва ўрнига эга бўлиши йўлида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотлар, албатта, ўзининг юксак натижасини бермасдан қолмайди. Бу борада Президентимиз «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида таъкидлаган «Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади» деган пурмаъно фикрларини эслашнинг ўзи кифоядир.