Саломатлик йўлида сафар

Кеча Тошкент халқаро аэропортида Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун кетаётган 12 нафар бемор болаларни кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, болалар саломатлигини сақлаш борасида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ҳам кўплаб хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда. Жамғарма, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Fridensdorf International» халқаро ташкилоти ўртасидаги уч томонлама ҳамкорлик битимига асосан 2002-2013 йиллар давомида 218 нафар терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа хасталиклар билан оғриган ўзбекистонлик бемор болалар Германиянинг нуфузли клиникаларида соғломлаштирилиб юртимизга қайтди. Мустақиллик байрами арафасидаги бу галги сафар ҳам ана шу эзгу ишларнинг давомидир.

– Қизим Зуҳрахон ҳозир олти ёшда. Юзида бир ёшлигида куйишдан қолган асоратлари бор, — дейди самарқандлик Моҳичеҳра Холиқова. – Ҳар бир ота-она фарзандининг тўрт мучаси соғлом, баркамол вояга етишини хоҳлайди. Мамлакатимизда болалар саломатлигини сақлаш борасидаги шарт-шароит ва имкониятлардан мамнунман. Фарзандим учун қайғураётган ғамхўр ҳукуматимизга, жамғарма мутасаддиларига миннатдорлик билдираман.

Айтиш жоизки, «Соғлом авлод учун» жамғармаси ҳамда «Fridens­dorf International» халқаро ташкилоти ҳамкорлигида 2013 йилнинг 6 ойи давомида мамлакатимизнинг тиббиёт муассасаларида 118 нафар туғма лаб-танглай нуқсони бўлган ногирон болаларда жарроҳлик операциялари ўтказилди. Шунингдек, жорий йилнинг 6 ойи давомида «Чиройли оёқчалар» лойиҳаси доирасида туғма оёқ нуқсони (маймоқлик) ва қийшиқ бўйин ташхиси қўйилган 15 ёшгача бўлган 149 нафар бемор болалар жарроҳлик операцияси орқали соғломлаштирилди.

Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тадбирда «Соғлом авлод учун» жамғармаси мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

М.ТОЛИПОВА,

«Соғлом авлод» мухбири

Яна ўқинг:  Buvimning oshyoni

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: