ХАЛҚАРО ТАОМЛАР ФЕСТИВАЛИ

Мамлакатимиз “Tashkent Palace New” меҳмонхонаси ҳовлисида Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши томонидан Мустақиллигимизнинг 21 йиллик қутлуғ санасига ва “Мустаҳкам оила йили”га бағишланган анъанавий “Тасанно – 2012” Халқаро миллий таомлар фестивали ўтказилди.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган чет эл ваколатхоналари ўртасида ўтказилган ушбу фестивалда 19 та ваколатхоналар иштирок этгани ҳолда у миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ҳамда маданий-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу мақсадларимизни яна бир бор намоён этди.

Тадбирда Ўзбекистонда фаолият юритаётган кўплаб хорижий давлатлар элчилари ва ходимлари, республикамиздаги нуфузли ташкилотлар раҳбарлари, дўстлик жамиятлари раислари, кенгашнинг вилоят бўлимлари бошлиқлари ва кенг жамоатчилик иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши раиси, академик Саидаҳрор Ғуломов очиб, барча иштирокчиларни Мустақиллигимизнинг 21 йиллиги ва ушбу анъанавий танлов билан қутлади ҳамда миллатларнинг ўзига хос маданияти ва урф-одатлари, бетакрор миллий таомлари, хорижий давлатлар билан ҳамдўстлик алоқалари борасида эришган ютуқларимиз ҳақида сўзлади.

Шундан сўнг Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов, Азербайжон, ваколатхонаси вакили Намиқ Аббос ва бошқалар мамлакатимизда эришилган ютуқлар, мустақилликнинг дунё халқлари билан дўстлик алоқалари ўрнатилишидаги муҳим роли ҳақида сўз юритдилар.

Тадбирда Ҳиндистон, Индонезия, Туркия, Германия, Ўзбекистон, Чехия, Корея Республикаси, Россия, Миср, Малайзия, Қирғизистон, Азербайжон, Туркманистон, АҚШ, Покистон, Польша ва Украина давлатларининг миллий таомлари, ҳамда уларнинг урф-одатлари, тарихи ва маданиятларини ўзида акс этган кўргазмалар намойиш этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди давлат гранти маблағларидан фойдаланилди.

Танловда энг олий соврин — Гранд При соҳиби Сурия ваколатхонасига, 1-ўрин Индонезия ваколатхонасига, 2-ўрин Россия ваколатхонасига, 3-ўрин эса Польша ваколатхонасига насиб этди.

Ушбу анъанавий фестиваль барча иштирокчилар қалбида чуқур таассурот қолдириш билан бирга мамлакатлар ўртасидаги меҳр-оқибат, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда, шунингдек, меҳмондўстлик туйғуларини мустаҳкамлашда кўприк бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Марям АҲМЕДОВА

Яна ўқинг:  Президент мактаблари унда ўқитиш тизими қай йўсинда йўлга қўйилади?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: