Президент номлаган ихтиро. Унга нега ҳомий топилмаяпти?

Атрофимизда шундай инсонлар борки, уларнинг юриш-туриши, турмуш тарзи оддий кўринса-да, қилаётган ишлари, кўзлаган мақсадлари осмон қадар.

Қашқадарёлик Феруз Муродинов билан суҳбатлашганимизда унинг фикрларида теранлик, собитлик ҳамда самимийликни ҳис этдик. Қилган ишлари, келажак режалари ҳақида сўз очганда, очиғи, амалга ошириб бўлмайдиган юмушдек туюлди. Аммо, унинг сўзларини охиригача тинглаб, фикримиз мутлақо ижобий томонга ўзгарди. Сўнг, эшитганларимизни ўзимиз учун ҳақиқатлигини исботлаш илинжида қаҳрамонимизнинг уйига бордик, яқинлари билан суҳбатлашдик, қилган ишларини кўздан кечирдик. Энди эса гувоҳи бўлганларимизни батафсил баён этсак.

Қилаётган ҳар бир ишида табиатни асраш ва ён-атрофидагилар оғирини енгил қилишни ўз олдига мақсад қилган Феруз Муродинов барча лойиҳа ва ихтироларини отаси Тўрақул Дўстов билан бамаслаҳат бажаради. У 1996 йилда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг Лангар қишлоғида туғилган. Ёшлигидан турли предметлар устида тажриба ўтказишни хуш кўрувчи Феруз юқори синфга ўтгач, жиддий ихтиролар устида ишлай бошлади. Дастлаб, у яратган ихтиролар уй юмушларини енгиллатишга хизмат қилувчи кичик қурилма, механизм, аравача ва ҳоказолардан иборат эди. Кейинчалик буларнинг сони ва салмоғи ҳам ортиб борди. Ниҳоят кўп йиллик изланишлари натижасида катта ихтиросини охирига етказди ва 2013 йилда ушбу лойиҳаси билан “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар танловининг республика босқичида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.

 

Ихтиронинг моҳияти

Ушбу ихтиро завод, корхона ва автомобиллардан чиқаётган заҳарли газни қайта ишлаб, уни кислородга айлантириб берувчи қурилмадир. У объектдан чиқаётган СО2 заҳарли газини тўсиб, уни кислородга айлантириш билан бир қаторда сарф бўлаётган ёнилғини бир неча баробар тежаб қолади. Фойдали иш коэффициенти ўн баравар ортади, яъни 10 литр ёнилғи сарф бўладиган иш 1 литр ёнилғи билан бажарилади. Шунингдек, автоматик тарзда фильтрни алмаштиради ва ҳаводаги чангни тозалаб, ташқарига ҳайдаб чиқаради. Қурилманинг тўрт хил турдаги реактив ёнилғи тури билан ишлаши эса ҳар томонлама қулайлик ва енгиллик яратади.

 

Экология “посбони”

Ушбу қурилмани яратиш ғояси 8-синфдалигимда пайдо бўлган, – дейди Феруз Муродинов. – Кимё дарслигининг сўнгги саҳифасида Д. Менделеевнинг кимёвий элементлар даврий жадвалини ўрганиш чоғида органик моддаларнинг табиатда тутган ўрни ҳамда заҳарли газларнинг жамиятга келтирадиган зарари ва бунинг натижасида юзага келадиган салбий оқибатлар ушбу лойиҳага қўл уришимга туртки берган. Бунда дастлаб, отам ва устозим Олим Холиқов яқиндан ёрдам берди. Қилган ҳар бир ишим уларнинг фикри билан бойиб борди. Беш йил деганда қурилма лойиҳаси якунига етди. Ушбу двигатель заводларда асосий заҳарли газ чиқиш жойи ҳамда автомобилларнинг глушителига ўрнатилади. Унинг афзалликлари кўп. Ёнилғини тежаш, машина ичидаги ҳаводан чангни ажратиб, ташқарига чиқариб юборишда ҳам фойдаланиш мумкин. Аммо, бу ихтироим билан ўзим ва оиламни муаммолар гирдобида қолдирдим. Дастлаб, ихтиро учун патент олиш жараёнида анча қийинчиликларга дуч келдим. Доим бир хил саргардонлик: йилнинг иссиқ кунларида меҳнат қиламиз ва топганимизни қиши билан шу ихтиронинг югур-югури учун сарфлаймиз. 4 йиллик оварагарчилик самара бермагач, Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига ариза билан мурожаат қилдим. Шундан сўнг ишим Интеллектуал мулк агентлиги томонидан қайта кўриб чиқилиб, ихтиро учун патент олишга рухсат берилди. Энг қувонарли жиҳати, аризамизни шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзи кўриб чиқиб, ихтирони “Аккумуляторли ёқилғи тизими” деб номлаб берди. Бундай эътибор мени янада руҳлантирди. Энди фақатгина қурилмани ясаб, уни ишга тушириш қолган, холос. Аммо, айни шу жойдан муаммонинг иккинчи қисми бошланди. Дастлаб ихтиронинг намуна лойиҳасини ишлаб чиқариш мақсадида Асакадаги автомобиль заводига, сўнг “GM Uzbekistan” компанияси ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети лабораториясига мурожаат қилдик. Улардан ҳам бирор натижа чиқмагач, лойиҳа учун ҳомий қидириб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ёш олимлар кенгашидан кўмак сўрадик. Афсуски, улардан ҳам садо чиқмади. Айни пайтда лойиҳамиздан хабар топган Россия ва АҚШлик ҳомийлардан таклифлар бўлиб турибди. Лекин юртимиз тараққиёти ва салоҳияти учун қилган шунча йиллик ихтироим ўзга мамлакатларнинг брендига айланиб кетишини сира хоҳламайман.

Шу ўринда мени чуқур ўйлантирадиган бир ҳолатни айтиб ўтсам. Кўп ҳолларда юртимизда ёшларни руҳлантириб, уларга далда бўлиб, тўғри йўлни кўрсатишади-ю, негадир айни ҳал қилувчи паллада ёлғизлатиб қўйишади. Бу эса қаровсиз қолган ниҳолнинг қуриб қолгани каби ёшларнинг ҳам шаҳдини сўндириб, умидларини пучга чиқариши ҳеч гап эмас…

Ҳа, ёш ихтирочининг гапларида жон бор. Ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг, поликлиникада 1 соат навбатда қолиб кетсангиз қанчалар хуноб бўласиз. Агар 4 йил сарсон бўлиб, натижага эришдим деганингизда яна чеки кўринмас муаммога дуч келсангиз, ҳафсалангиз пир бўлиши тайин.

Яна ўқинг:  Улуғ шоирнинг эҳтиромига сазовор бўлган ҳамшира

 

Агар ихтиро амалиётга татбиқ этилса…

Ҳозирда биргина юртимиз кўчаларида 5 миллиондан зиёд автомобиль ҳаракатланмоқда. Бутун дунёда эса бундан бир неча юз баравар кўп. Улардан чиқаётган зарарли газлар атроф-муҳит, атмосфера ва озон қатламига беҳисоб зиён етказмоқда. Буни қарангки, Японияда автомобиллар кўплигидан кўча ҳаракатини бошқарадиган полиция ходими ҳар икки соатда кислород ниқобини алмаштириб туришга мажбур бўлар экан.

Бундан ташқари, транспорт воситаларидан чиқадиган ис гази ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, сув ва тупроқни ҳам зарарлайди. Ифлосланган ҳаво таъсирида ўсимликларда моддалар алмашинуви бузилади, экинлар ва мевали дарахтлар кам ҳосил бўлиб қолади. Бугина эмас, ис гази табиатдаги фотосинтез жараёнига ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.

Маълумотларга қараганда, инсон бир кеча-кундузда ўртача 1,5 килограмм озиқ-овқат, 2,5 литр сув истеъмол қилади. Инсон ўпкаси эса бир суткада 13 кубометр ҳавони ютиб чиқаради. Инсон овқат емасдан бир ой, сувсиз уч кун яшаши мумкин. Бироқ ҳавосиз икки-уч дақиқадан ортиқ яшай олмайди.

Бугунга келиб табиатдаги заҳарли газларнинг 40 фоизи Ер юзида ҳаракатланаётган автомобиллар ҳиссасига тўғри келади. Қолган зарарнинг 20 фоизи энергетика саноати, 14 фоизи корхона ва ташкилотдаги ишлаб чиқариш, 26 фоизи қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ ишлаб чиқариш, маиший коммунал хўжалиги ва бошқа соҳалардан етказилади.

Агарда ёш ихтирочимизнинг яратган ушбу янгилиги амалиётга татбиқ этилса, юқорида келтирилган зарарларнинг камида 75 фоизи ушлаб қолинади. Бундан ташқари, кон ва шахталар, пахта титиш, ёғоч, тош кесиш заводлари ва шунга ўхшаш ҳудудларда ишлайдиган миллионлаб ишчиларнинг кучли чангланишдан жабр чекиши ва соғлигига зарар етиши мумкин бўлган ҳолатларга чек қўйилади. Энди ўйлаб кўринг, ушбу қурилма ёрдамида ер юзидаги мавжуд ишлаб чиқарувчи корхона-ю автомобиллардан чиқаётган миллиардлаб куб метр заҳарли газлар ушлаб қолинса, бунинг самарасини ҳисоб-китоб қилишнинг ўзи кишига қанчалар завқ бағишлайди.

Эндиликда бу каби муаммолар ечимини топиш ва уни бартараф этиш жамият олдидаги энг долзарб масалага айланиб улгурди. Шундай экан бир олам муаммонинг ечими тайёр қўлимизда бўлса-ю ундан унумли фойдаланмасак, бор саъй-ҳаракатларимизни ҳавога учирган бўлиб қолаверамиз.

 

Сулаймон ҲАЙДАРОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: