Сизга соғлик тилайман…

Тадбирда иштирок этиш учун қўшни мактаб томон кетаётгандик. Йўлда ёши улуғроқ эркак-аёлга салом бердим. Алик олдилар, мамнун жилмайишди. Бироздан сўнг биздан бир-икки синф юқори ўқийдиган ҳамроҳим Наргиза сўраб қолди:

– Қариндошларингми?

– Йўқ, – тушунмай жавоб қилдим.

Жавобимдан ҳайрон бўлгани шундоққина кўриниб турарди.

– Унда нега салом бердинг?

– Салом – Худонинг қарзи.

У менга изтеҳзоли боқиб, лабининг бир чети билан кулиб қўйди. Баттар ҳайрон бўлдим. Хушрўйгина опамиз дугонасига энгашиб, пичирлаб кулди. Елка қисиб қўя қолдим. Балки ўшанда болалигимга бориб, нега кулганини тушунмагандирман. Кейинчалик ҳам шу воқеани кўп ўйладим. Лекин барибир кулгу сабабини тушуна олмадим. Шунчаки, танимаган одамимга салом бергандим…

Салом-алик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган фазилати, керак бўлса қадрияти ҳам. Ҳол-аҳвол сўраш, ишларини суриштириш – ўзбекнинг етмиш икки томирида оқади. Меҳр-оқибат, бир-бирига бўлган ҳурмат…

Саломлашишнинг ҳам тарихи бор экан. Ўтмишда одамлар ўнг қўлида қуролини олиб юрган экан. Агар бирор одам бошқаси билан учрашиб қолса, ўнг қўлини кўрсатар экан. Яъни, мана ўнг қўлим бўш, қуролим йўқ маъносида. Шу тариқа душман эмаслигини билдираркан.

Вақт ҳамма нарсани, жумладан удумларни ҳам ўзгартирганидек, саломлашиш шакллари ҳам ўзгариб бораверган. Ҳар улуснинг ўз саломлашиши бор. Масалан, Африка халқларидан бири бушменлар бурнини бурнига теккизиб ҳол-аҳвол сўраркан…

Ҳозир эса ким биландир қуюқроқ кўришсангиз, айримлар дарҳол ўша одамнинг мансабию мол-дунёсини суриштира бошлайдилар. Бироз таажжубланарли ҳамда ачинарли ҳолат.

Бироқ шуни эсдан чиқармаслик керакки, шу оддий салом-алик одамлар ўртасида муносабатларни мустаҳкамлайди, бир-бирига яқинлаштиради. Кимгадир тинчлик, саломатлик тилашимизга сабаб бўлади. Ёмонми?

Халқимиз доимо бир-бирига суяниб, меҳр улашиб умр кечирган. Эҳтимолки, кўп муаммолар ечими бошида оддийгина салом туради. Бир-биримизни меҳрсизликда айблашдан аввал шулар ҳақида ўйлаб кўрсак бўлар эди.

Ассалому алайкум!

Адҳам АРСЛОНОВ

Яна ўқинг:  Болаларда ясси товонлик

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: