Ҳамкорликда силни енгамиз
Инсоният туғилибдики, ҳамиша яхши ҳаёт кечиришга интилиб, мақсад сари ҳаракат қилади. Унинг ижобати йўлида керак бўлса бир умрлик вақтини сарф этади. Бироқ, ҳаётда учрайдиган турли касалликлар борки, режаларимиз ижобатини ҳавога учиради.
Биргина сил хасталигини оладиган бўлсак, бу дард негадир кишиларни бирозгина саросимага солади. Аммо бу умуман нотўғри қўрқув. Шу тобда яна ўша орзу-умидларимиз бизга ёрдамга келади. Кўнгилдаги ишонч эса барчаси ўзимизга боғлиқ эканлигини сездираверади.
Тарихий ҳужжатлардаги маълумотларга кўра сил туфайли инсоният қадимдан азият чекар экан. Ҳиндистонда эса қадимда силни оиланинг бир аъзосидан бошқасига ўтиши ҳақида билишган. Бу ҳақидаги маълумот муқаддас битиклар – Ведаларда акс эттирилган. Айнан ҳинд халқи орасида ўпка сили белгилари хусусида нисбатан аниқ маълумотларни учратиш мумкин. Қадимги Юнонистонда Гиппократнинг қўлёзмаларида сил одатда 18-35 ёшли кишиларда учрайдиган энг кўп тарқалган касаллик сифатида қайд этилган. Олим ўпка сили белгиларини батафсил ифодалади. Сўнгра кўкрак қафасини бевосита аускулътациясини, яъни эшитиб кўришни амалиётга киритди. Бироқ, у силнинг юқиши ҳақида ҳеч қандай маълумотни ёзиб қолдирмаган. Лекин аллома Аристотель силнинг юқумлилигини қайд этган.
Қадимги юнон шифокорлари бу хасталикни қатъий тартиб, тўйимли, сифатли ҳамда ранг-баранг таомнома билан балғам кўчирувчи воситалар ва иссиқ ванналар ёрдамида даволаган экан.
Вақт ўтиб силнинг давоси борлиги ва унинг олдини олиш мумкин эканлиги исботланди. 1881 йил 24 март куни сил касаллиги тарихида янги давр бошланди. Олим Роберт Кох ўз тадқиқотларидан сўнг касаллик қўзғатувчиси – сил бациллаларини кашф этганини эълон қилди. Кейинроқ улар Кох бациллалари (таёқчалари) деб номланди. Бу эса олимларга силга қарши дори воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришга сабаб бўлади.
XX аср ўрталарида бу юқумли хасталикни самарали даволашга қаратилган қатор кашфиётлар қилинди.
1952 йили силга қарши асосий дори воситаларидан бири изониазид кашф этилди. Шу тариқа ўтган аср охирида силни даволаш учун қўлланиладиган дорилар рўйхати сезиларли равишда ортди. Тиббиёт соҳасининг ҳозирги даврда жадал ривожланаётгани сабабли ушбу касалликнинг олдини олишда зарур бўлган кўплаб дори воситалари яратилди.
Аввало, бемордан кучли сабр-тоқат ва ишонч, шунингдек, шифокор тавсиясига қатъий амал қилиш ҳар бир хаста кишининг олдига қўйилган асосий талаблардан бири этиб белгиланди. Бу эса фақат касал одамнинг дарддан фориғ бўлиши ҳамда унинг ўз олдига эзгу мақсадларни қўйиши ва ҳаётдан баҳраманд бўлишига имкон беради.
Гулжаҳон ҲАЙИТОВА