Қандала қандай зараркунанда?

(Боши. Давоми бу ерда)

 

Тўшак қандаласи инсон соғлиғига зарар етказувчи ўзига хос ҳашарот ҳисобланади. Агарда суварак, чумоли ва куя озуқа захиралари ва кийимларни зарарлаш орқали одамларга зиён етказадиган бўлса, тўшак қандалалари инсонлар соғлиғига тажовуз қилади. Шунинг учун бу ҳашаротлар кўп қаватли уйлардаги хонадонлар, турар жойлар ва дала ҳовлиларда пайдо бўлгандан сўнг кўп ўтмай уларнинг фаоллиги яққол кўзга ташланади.

Бугунги кунгача тўшак қандалаларининг чақиши орқали одамларнинг бактериал ёки вирусли инфекциялар билан зарарланиш ҳолатлари кузатилмаган.

Халқ орасида тахтакана деб аталадиган бу зараркунандаларнинг табиий популяциялари, кўпгина касалликларнинг тарқатувчилари бўлишига қарамасдан бу вирус ва микроорганизмларнинг бирортаси ҳам инсонларни чаққанда улар организмига ўтиб қолиши қайд этилмаган. Бу албатта, қизиқарли ҳолат ҳисобланади.

Олимларнинг олиб борган тадқиқотлари натижасида тўшак қандалалари организмида одамлар саломатлиги учун хавфли бўлган кўпгина касалликларнинг қўзғатувчилари бўлиши аниқланган. Жумладан, ич терлама, бруцеллёз (оқсим), куйдирги, лейшманиоз, ўлат, туляремия, Ку иситмаси ва бошқа қўзғатувчилар тўшак қандалалари организмида бўлади. Аммо, олимларни ҳайратда қолдирган нарса бу қўзғатувчилар тўшак қандалаларининг чиқиндилари ва уларнинг ички аъзоларидан топилган. Уларнинг биронтасига ҳам чақиш сабаб бўлмайди. Эволюцион нуқтаи назардан бу эктопаразитлар учун ниҳоятда қулай хўжайин (одам) қанчалик кам хавф-хатарга дуч келадиган бўлса тўшак қандалалари учун асосий озуқа манбасини сақлаб қолиш имконияти шунча юқори бўлади.

Статистика бўйича тўшак қандалаларининг чақиши 80 фоиз одамларда аллергияга сабабчи бўлади. Аллергик ҳолат папула ва кенг доирадаги қизариш, қичишиш, оғриқ, камдан-кам ҳолларда анафилактик шокка олиб келиши мумкин.

Чаққан жойларни қашиш натижасида яллиғланиш, тери қопламининг жароҳатланиши, йиринглаш ҳолатлари кузатилади. Мана шундай микрожароҳатлар туфайли одам организмига турли касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар ўтиб қолади. Бу ерда академик К. Скрябиннинг “Паразитлар – инфекцияга йўл очади” деган фикри яна бир бор исботланди.

Митти зараркунандаларнинг чақиши болаларда темир етишмовчилиги камқонлигини келтириб чиқаради. Бу жуда кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади. Бир вақтнинг ўзида бир нечта паразит чақадиган бўлса бу ҳолат кўзга яққол ташланиши мумкин. Чунки бунда улар сўрадиган қон миқдори кўпроқ бўлади. Ушбу жонзотлар сўлакларининг таъсири қон таркибида айрим ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Маълумотларга кўра тўшак қандалалари чаққан одамларнинг 70 фоизи чақишни ҳис қилмайди. Айнан шунинг учун ҳам улар аҳоли яшаш пунктлари ва шаҳарларни фаол тарзда забт этиб бормоқда. Кўп қаватли уйлардаги хонадонларда одамлар ҳаттоки, уларни тунда ҳашаротлар чақиши ва қонини сўриши ҳақида гумон ҳам қилишмайди.

Тўшак қандалаларининг чақиши ўзига хос белгига эга. Улар тўрт-бешта қизил доғ ҳолида қатор бўлиб терида жойлашади. Барча қон сўрувчи ҳашаротлар ичида фақатгина тўшак қандалалари тўйиниш учун бир неча яралардан кетма-кет қон сўради. Митти паразит микроорганизмларнинг нафақат мана шу белгиларини инобатга олиш керак, балки уларнинг ташқи тузилиши ҳам ўзига хос – специфик ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Жавоҳирлар сандиғидан

 

Тўшак қандалалари қандай кўринишга эга ва улар хонадондаги бошқа ҳашаротлардан нимаси билан фарқ қилади?

Тахтакана ясси, кенг танага эга. Агар улар оч ҳолатда бўлганида юқоридан қаралса деярли юмалоқ кўринади. Қанотлари бўлмаганлиги сабабли, унинг танасида ҳар доим қорин соҳаси оралиғида тортилган жойлар яхши кўриниб туради. Оч ҳолатда бўлса, у ёрқин ёки деярли қизғиш рангда кўринади. Қон билан тўйинганда эса қорайиб боради. Баъзан батамом қора рангга кириб қолади.

Бундан ташқари, қонга тўйинган тўшак қандалаларининг танаси меъдаси ҳисобига узаяди ва энига йириклашади. Бу ҳолатда суваракларнинг қанотсиз ғумбакларига ўхшаб қолади. Уларнинг тана ўлчами 4 мм. дан 8 мм. гача бўлган оралиқда ўзгариб туради. Эркак ва урғочи ҳашаротлар ўлчамлари ўртасида деярли фарқ бўлмайди. Ясси танаси эса ҳимоя нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга. Чунки одамларнинг каравотда у ёндан бу ёнга ағдарилганда ётишида уларни эзиб юборишдан ҳимоя қилади. Аммо қонга тўйинган тўшак қандалалари анча заиф бўлиб қолади. Уларнинг эзилиши натижасида кўрпа-тўшак ва чойшабларда хунук, қорамтир доғлар пайдо бўлади. Бу доғлар паразитларнинг хонадонда пайдо бўлганини билдиради.

Эслатма учун: Тўшак қандалалари ёшидан қатъи назар бир мартада ўз танасидан икки баробар кўп ҳажмда қон сўради. Шунинг учун ҳам уларнинг ғумбаклари ақл бовар қилмайдиган даражада тез ўсади. Вояга етган урғочиларининг эса деярли ҳар куни йирик ҳажмдаги тухумларни қўйиши албатта, ажабланарли ҳол эмас.

Уларнинг ғумбаклари ташқи кўринишидан вояга етган ҳашаротларни эслатади. Энг эрта ёшдаги личинкалари оч ҳолатда бўладиган бўлса, умуман шаффоф (тиниқ) кўринади. Бироқ, улар тўйингандан сўнг қон томчилари меъдасида яхши кўзга ташланади.

Тўшак қандалаларининг тухумлари кучли кичиклаштирилган гуруч донини эслатади. Уларни бошқа уй ҳашаротларидан фарқ қилиш қийин эмас.

Сувараклар қоринчасининг орқа томонида калта мўйловчаларга ўхшаш иккита ўзига хос ўсимтаси бўлади. Тўшак қандалаларида бундай ўсиқлар бўлмайди. Унинг устига вояга етган сувараклар тўшак қандалаларига нисбатан йирик бўлади. Уларда қанотлар ва бироз чўзинчоқ қоринча мавжуд.

 

(Давоми бор)

 

Эркинжон ШАКАРБОЕВ,

ЎзР ФА Зоология институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари,

биология фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: