Баҳоси олтинга тенг гиёҳ
Табобатда ўз қадр-қийматига эга ҳисобланган заъфарон ўсимлиги ҳақида кўпчилик оз бўлсада маълумотга эга бўлса керак. Қарийб 4 минг йиллик тарихга эга ушбу шифобахш ўсимлик ҳақида илк ёзма қайдлар Шумер цивилизациясига бориб тақалади.
Форслар милоддан аввалги X асрда заъфарон толасини газламаларга қўшиб тўқиган ва ундан атир, хушбўй мойлар ишлаб чиқаришган. Қадимги Хитой манбаларида эса ушбу ўсимлик шифобахш дори сифатида тилга олинади. Европада заъфарон бойлик ва юқори мавқе нишонаси ҳисобланган. Сабаби уни етиштириш жуда мушкул бўлиб, 1 кг. қуруқ заъфарон олиш учун 200 мингта ўсимлик гули керак бўлган. Яъни, бир гектар майдондан 4 кг. заъфарон йиғиб олиш мумкин дегани. Шу боис, ўрта асрлардан буён ушбу ўсимлик ўз баҳосини йўқотмаган ягона зиравор ҳисобланади.
Заъфарон Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Жанубий Европа, Озарбайжон каби давлатларда кўп етиштирилади. Буни қарангки, ҳукуматимиз ташаббуси билан ушбу ўсимлик эндиликда юртимизда ҳам етиштирилиши йўлга қўйилди.
– Ҳозирги замон тиббиётида доривор ўсимликларга бўлган талаб ортиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институти Ўсимликлар ресурслари лабораторияси илмий ходими Азизбек Маҳмудов. – Шунга кўра уларни муҳофаза қилиш, ўрганиш, хом-ашёсидан фойдаланиш ва кўпайтириш муҳим масалалардан бири. Мамлакатимизда юздан ортиқ фармацевтика корхоналари мавжуд бўлиб, аҳолига арзон ва сифатли дори-дармон етказиб бериш учун маҳаллий шароитда етиштирилаётган доривор ўсимликлар хом-ашёси билан таъминлаш муҳим ҳисобланади.
Тадқиқотларимиз объекти гулсафсардошлар оиласи Crocus L. туркумига мансуб С. sativus L. тури ана шундай истиқболли доривор ўсимлик ҳисобланади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, C. sativus L. ни қизил рангли гул тумшуқчаси йиғиб олиниб қуритилади ва заъфарон тайёрланади. Заъфарон таркибида эфир мойлари, каротиноидлар, флавоноидлар, В, В2 витаминлари, ёғ, азотли моддалар, қандлар, калий ва кальций бирикмалари мавжуд. C. sativus L. тиббиётда енгил тетиклаштирувчи, аёллар хайз жараёнларини мўътадиллаштирувчи, туғриқдан кейинги оғриқни қолдирувчи, гепатит, қонли ич кетишининг олдини олади. Ундан тайёрланган суртма эса тухумдон яллиғланиши гемаррой (бавосил), томир тортишиши, кўз касалликларида қўлланилади.
Шундай ноёб хусусиятга эга бўлган ўсимликнинг гуллаш жараёнига доир маълумотлар эса адабиётларда деярли йўқ. Шу боис бу борада юртимизда бир қатор илмий изланишлар олиб борилди.
– Интродукция шароитида гуллаш биологиясини ўрганиш тадқиқотларимизнинг асосий мақсадидир, – дейди Азизбек Маҳмудов. – Маълумки, интродукция қилинаётган ўсимликларнинг гуллаш жараёни ва чангланишини ўрганиш, уларни экологик ва биологик тавсифлашга имкон беради. Ўсимликларнинг гуллаш биологияси – уларнинг репродуктив биологиясининг бир қисми бўлиб, уни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Айтиш жоизки, илмий тажрибаларимиз икки шароитда ЎзР ФА Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти Ботаника боғида (Тошкент) ва Фарғона водийси шароитида амалга оширилди.
Олтин баҳосига тенг ушбу ноёб ўсимлик тез орада мамлакатимизда ҳам кенг миқёсда етиштирилса, ўйлаймизки, ҳам даромад манбаи, ҳам фармацевтика соҳасида катта ўзгаришларга олиб келади.
Майна ҲАСАНОВА