Экран қаршисидаги “телеболалар”

Тадбир бошланди. Ҳамма хурсанд. Йил бўйи устозлардан сабоқ олган ёшлар ўз истеъдодини намоён этишга интилмоқда. Ота-оналар, ўқувчилар қалбида ҳаяжон.

Бироқ, ёнгинамдаги атлас кўйлак кийган 3-4 нафар қиз аллақандай сериалнинг муҳокамаси билан банд. Бири замонавий кийинган қизни сериалдаги Малакга ўхшатса, яна бири киприги узун тенгдошини Ҳаётга қиёслайди. Шу пайт улар орасидан қўнғироқ сочли, чамаси 13-14 ёшли қиз дугоналари билан шошиб хайрлашди-да, қаёққадир югуриб кетди. Фақат, у айтган сўзлар қулоғим остида анча пайт жаранглаб турди: “Бугун уни кўрмасам бўлмас!”…

Қизларнинг “қиқир-қиқир” кулишларидан аён бўлди-ки, бу ўша зангори экранларда намойиш этилаётган сериалга аталган “илиқ” сўзлар эди.

Афсуски, бугун кўпгина ўқувчи қизларнинг куни миллий телеканалларимизда намойиш этилаётган чет эл сериаллари муҳокамаси билан бошланади. Бири фильмнинг ўтган сонини гапириб тугатмасидан, бошқаси келгуси сонлари ҳақида башорат қилади. Яна бири интернетдан олган қизиқ маълумотларини тенгдош дугоналари билан бўлишади. Бу ҳам етмаганидек, янги сериал бошланиши билан ўзбек қизлари орасида турли соч турмаги, замонавий кийиниш услублари урфга киради. Ҳатто, ўғил болалар ҳам бадиий жиҳатдан савияси паст бўлган фильм қаҳрамонларининг янги қиёфа, соч турмагидан андоза олиш, ўша қаҳрамонларга тақлид қилишдан уялмайди. Четдан кузатсангиз, уларнинг қайси кинони севиб томоша қилишини англаш қийин эмас.

Ачинарлиси, туни билан сериал томоша қилиб, тонг оттирган ўқувчилар эрталаб дарсга келади-ю, партадан бошини кўтармайди. Ўқитувчи эса айтмоқчи бўлган гапларини шунчаки деворга гапиради. Табиийки, бу ҳолатдан устозлар қаттиқ ранжийди.

Шу ўринда айбни фақат телеканалларга ағдариш фикридан йироқмиз. Боиси, ҳар бир кўрсатув, кинофильм эфирга узатилиши олдидан телевизор экранининг бир четида “+…” кўринишида томошабинлар учун ёш тоифаси кўрсатиб ўтилади. Аммо бунга кўпчилик аҳамият бермайди.

Севимли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевнинг “Пешонасига телевизор ёпишган бола” асарида “телебола” ҳақида ҳикоя қилинади. Китобдаги кўзини юмиб, қайси телеканалда қандай кўрсатув бўлишини биладиган болакайнинг саргузаштлари яқин орада фарзандларимизни ҳайратлантирмаслиги турган гап. Чунки бугун ўзбек фарзандлари орасида бундай “зукко”лар жуда кўплаб топилади.

Бугун айрим ёшлар асосий вақтини чет эл сериаллари ва кинофильмларни томоша қилиб ўтказмоқда. Улар учун китоб ўқиш зерикарли, театрда юраги сиқилади, музейга боришни мутлақо истамайди, – дейди психолог Зебинисо Аҳмедова. – Бундай болаларни қуруқ насиҳат билан тарбиялаб бўлмайди. Уларни кўпроқ қизиқарли машғулотларга жалб қилиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш зарур. Ўшанда уларнинг сериалларга вақти қолмайди.

Таҳририятдан: Азиз ёшлар, ушбу мавзу юзасидан сизда қандай таклиф ва мулоҳазалар бор? Бизга бу ҳақида албатта ёзиб юборинг.

 

Яна ўқинг:  Соч оқаришининг сабаблари аниқланди

Мардона ЗОКИРОВА,

Республика ёш ижодкорлар кенгаши аъзоси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: