“Махсус монтаж қурилиш” корхонаси – юқори сифат, харидоргир маҳсулот
Мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашда тадбиркорликка қулай шарт-шароит яратиш муҳим ўрин тутади. Айни шу муносабат билан юртимизда хусусий тадбиркорликка, касаначилик ривожига кенг йўл очилмоқда. Соҳада учраётган муаммолар чуқур ўрганилиб, ўз вақтида тўлақонли ечимини топмоқда.
Ҳар қандай корхонада ишлаб чиқариш турлари ошгани сайин янги иш ўринларини ташкил қилишга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифатига катта эътибор қаратилади. Бу эса ўз навбатида, мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга ва тадбиркорлик ривожига хизмат қилади.
Ўтган вақт мобайнида юртимизда барча йўналишлар қатори тиббиёт соҳасида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди, одамларнинг тиббий хизматдан рози бўлиши учун кўплаб амалий ишларга қўл урилди. Буни Ўзбекистонда тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи “Махсус монтаж қурилиш” корхонаси фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин. Корхонада массаж, тиббий кўрик кушеткалари, тиббий стол, тиббий тўсиқли парда, темир мебеллар, дори-дармонлар сақлаш учун тиббий шкафлар, паррандаларни сақлаш стеллажлари, кўргазмалар, кийим-кечаклар, архив ва ёнғин хавфсизлиги шкафлари, стабилизатор қутиси, сейфлар каби ўттиз турдан зиёд тиббиёт муассасалари учун тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Корхона раҳбарлари Россия ва Хитой давлатларида бўлиб, юртимизга инвестицияларни йўналтириш мақсадида хорижий инвесторлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда мамлакатимизда давлат дастури асосида қурилаётган намунавий лойиҳадаги уйларнинг темир эшиклари, кириш жойларидаги ва қаватларга чиқиш зиналаридаги панжараларини ушбу корхона жамоаси томонидан етказиб берилаяпти. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги 5-6-массивларда қурилган ва қурилаётган кўп қаватли уй-жойларнинг бунёд этилишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётир. Айни пайтда “Махсус монтаж қурилиш” корхонаси жамоаси янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.
– Ҳар йили “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтадиган тиббиёт кўргазмаларида ўз маҳсулотларимиз билан иштирок этиб келамиз, – дейди “Махсус монтаж қурилиш” корхонаси раҳбари Хондамир Агзамходжаев. – Кўргазмада йилдан йилга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг сони ортиб бораётгани кишини қувонтиради. Бу ҳам бўлса тадбиркорларимизга давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар самарасидир. Биз яқин келажакда рақобатбордош маҳсулотлар ишлаб чиқариб, дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилишни режалаштирганмиз. Бу орқали 80-100 нафар ёшларни доимий иш билан таъминлаймиз.
Корхона жамоаси эришаётган ютуқларда Комилжон Аҳмедов, Қобил Маҳкамов, Равшан Шокиров, Артур Ҳабибулин, Шарофхўжа Абдуллаев каби ишчиларнинг ҳиссаси катта.
Биз Сергели туман ҳокимининг инвестиция, инновация, кичик саноат зоналарини ташкил этиш, хусусийлаштириш, корхоналарга кўмаклашиш ва туризмни ривожлантириш бўйича ҳоким ўринбосари Искандар Рафиқовга учрашганимизда у қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Туманимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги қарорлар ижросини ҳаётга кенг татбиқ этиб келмоқдамиз. Ҳудудда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик ва саноат маҳсулотлари хорижий давлатларга экспорт қилинаяпти. Хусусан, “Махсус монтаж қурилиш” корхонаси томонидан бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Улкан бунёдкорлик ишлари авж олган маскан – Сергели туманида ким билан учрашманг, қайси тадбиркор билан суҳбатлашманг уларнинг барчаси берилаётган имконият ва яратилаётган шароитлардан сўз очади. Барчада иштиёқ, эртанги кунга умид ва ишонч юқори. Улар орасида Хондамир Агзамходжаев каби тадбиркорларнинг борлиги эртанги кунимизга бўлган ишонч ҳиссини янада оширади.
Ойгул РАЗЗОҚОВА,
журналист