Тупроқдан зар топган олим

Тупроқ ҳамиша тирик ва уйғоқдир. Тупроқшунос олим шундай ўйлар билан олис-олисларга тикилади. Кўз ўнгидан Сурхондарё осмони, унинг бепоён адирлари кетмайди, тупроғи оташида соғинч ҳиссини туяди. Тошкент давлат аграр университети “Агрокимё ва тупроқшунослик” кафедраси профессори Хушвақт Намозов шу кенгликлар, олтин Сурхон фарзанди…

Катта оиланинг тўнғич фарзанди, юрт корига яраш мақсадида ота-онасининг дуоларини олиб, Тошкентга йўл олди. Бўлажак олим ўз олдига тупроқ илмини ўзлаштиришдек улкан мақсадни қўйди. Номзодлик диссертациясини ёқлаш асносида “Жиззах чўли мелиоратив шароитлари ва уларни суғориш таъсирида ўзгариши” мавзусини чуқур ўрганди. Кўп ўтмай кафедра доценти этиб тайинланди.

 

Аслида меҳнат фаолиятимни Украинанинг Одесса вилоятидаги “Правда” хўжалигида агрономликдан бошлаганман. Сўнг ЎзФА Агрокимё ва тупроқшунослик институти аспиранти, Тошкент давлат аграр университети ассисенти, 1997 йилдан кафедра доценти, жорий йилдан бошлаб эса профессор сифатида иш фаолиятимни олиб бормоқдаман. Фанларга оид маърузаларим, лаборатория машғулотлари, янги педагогик технологиялар ва мультимедия асосидаги дарслар ҳар бир талабада тупроқ илмини ўзлаштиришга янада қизиқиш уйғотади. Тупроқ сўзининг маъноси теран, кўп қиррали, беқиёс. У – онамиз, Ватанимиз ва борлиғимиз.

 Олим бор имкониятини Ўзбекистон тупроқларини ўрганишга қаратди: У 9 та дарслик, 3 та монография, 16 та ўқув қўлланма, 400 га яқин илмий изланишлар муаллифи ҳамдир.

Ҳар бир рақам ортида йиллар заҳмати, бедор тунлар ва қувончли кунлар завқи яшайди. Тупроқ ҳиди кетмас олим қўллари ва қалбидаги ерга бўлган улкан муҳаббат бу.

 

Шогирдларимга ерни эшитинг, тилини тушунинг, деб уқтираман. Мен тупроқ илмидан қадимийроқ илм кўрмадим. Уни дунё яралганидан то бизнинг давримизгача, биздан кейин ҳам олимлар ўрганишади.

 

Хушвақт Намозов – дунё кўрган олим. Ҳиндистон, Хитой, Миср Араб Республикаси, Нидерландия каби мамлакатларнинг нуфузли илм даргоҳларида дунё тупроқшунослигига оид сир-асрорларни чуқур ўрганди. Ҳозирда “Ўзбекистон тоғли қуруқ субтропик тупроқлари ва улардан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш” мавзусида изланмоқда.

Дунё мамлакатларида эътироф этилган, ЮНЕСКОнинг “ХХI аср фуқароси” мақомига эга олим айни пайтда 20 нафар магистр ва 3 нафар аспирантнинг қадрли устози, илмий раҳбаридир. У олий таълим тизими танловларида муваффаққиятли қатнашди. “Энг яхши педагог”, “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог” танловларининг ғолиби бўлди. Ҳозирда у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари бўйича қўмита эксперт гуруҳи аъзоси, Турон Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси, Россия халқ фанлар академияси академиги ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Синовларда қад ростлаган баҳодирлар

Устоз олим доимо илм, китоб ва тупроқ, дея яшайди. Улар ҳамиша тирик ва уйғоқ, деб санайди. Тупроқдан борлиқ ҳавоси келади. Бу ҳаво инсонга жон, табиатга тириклик, коинотга гўзаллик бағишлайди. Она тупроқ ўйи ва илмдан бахт топган олимга келгуси йўллари бундан-да шарафли ва мунаввар бўлишини тилаймиз.

 

Ойгул СУЮНДИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: