Болаликнинг сўнгги ёзи

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида минглаб китоблар, юзлаб романлар, ҳикоя, қисса, очерк ва мақолалар ёзилган, десак муболаға бўлмайди.

Куни кеча “Ўзбекистон” телеканалида тақдимоти ўтказилган “Болаликнинг сўнгги ёзи” ҳужжатли фильми ана шу эзгу анъананинг мантиқий давоми бўлди. Илло, бу мавзу ҳеч қачон эскирмайди. Чунки уруш бошланганига 77 йил тўлган бўлсада ҳали ҳануз милтиқ ва тўплардан чиққан товушлар кишиларнинг хотирасидан акс-садо бериб турибди.

Сценарий муаллифи ва режиссёр Наби Раззоқовнинг муаллифлик ҳужжатли фильми ўзига хос услуби билан томошабинни ўзига тортади. Агар анъанавий публицистик фильмларда диктор ёки муаллифнинг шарҳида воқеалар тўғрисида изоҳ берилса, мазкур фильмда 77 йил аввалги воқеаларни ўз бошидан кечирган, ночорлик, бир бурда нон илинжида Тошкентга келган, ўзбекларнинг болажон халқлигига, қорнилари тўқ, қадрлари юксак эканигига гувоҳ бўлган инсонларнинг ўз тилларида барча воқеаларни айтилиши, фильмнинг таъсирчанлигини оширган.

Ота-онаси бомба остида қолиб, қурбон бўлганидан сўнг Ўзбекистонга келган ва бу ерда меҳрибон инсонлардан меҳр-шафқат кўрган М. Ружанский ўз хотираларини шундай изоҳлайди: “Вақт яраларни тузатади” деган ибора бор. Йўқ, замон бундай улкан шикастни, жароҳатни даволашга қодир эмас. Фақат вужудимизда эмас, қалбимиз ва хотирамизда урушнинг қонли излари қолган. Умрим давомида ҳар куни сахий ўзбек халқини эслаганимда кўзларимда жиққа ёш пайдо бўлади. Меҳри дарёликни, инсонийликни, одампарварликни жаҳон аҳли айнан ўзбеклардан ўрганишлари керак…”

Тошкентда жон сақлаб қолганлардан яна бири Елена Горошник бундай хотирлайди: “Биз, турли миллатга мансуб болалар пойтахтнинг 148-умумтаълим мактабида ўзбек, рус, немис тилидаги машғулотларга қатнардик. Ўзбекча шеърларни ёдлаганмиз. Бундан 77 йил аввал ёдлаганим бир шеърнинг мисралари ҳали ҳануз ёдимда: “Қалдирғочлар учиб кетди тўп булутларга…”

И. Либус эса ўзини Ўзбекистон фарзанди ҳисоблайди: “Мен ўзимни, аввалло, ўзбек деб ҳисоблайман. Бирор дақиқа бўлсин Ўзбекистонни севишдан толмайман. Томир-томиримгача бу юртга боғланганман.”

Мақоламиз аввалида кўплаб ҳужжатли фильмлардан фарқли ўлароқ ижодкорлар, хусусан сценарий муаллифи, режиссёр Наби Раззоқов диктор учун матндан фойланмаганини айтган эдик. Чунки муаллиф ғояси, унинг позицияси хотираларини сўйлаган иштирокчиларнинг эътирофида тўла ўз инъикосини топган.

 

Тўра МИРЗО

Яна ўқинг:  Ном ва атамалар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: