Тоза ичимлик суви муаммоси қачон ҳал этилади?
Байрам арафасида бекободлик дугонамдан ҳол-аҳвол сўраш мақсадида унга сим қоқдим. Гўшакни кўтарган Наргиза сўлғин овозда гапирарди. Билсам, 2 ёшли фарзанди гепатит (“сариқ”) бўлиб қолибди. Шунга шифохонада экан. Тезда йўлга отландим.
Шифохонага келганимда бошланғич синф ўқувчилари биокимёвий лабораторияда қон таҳлили топшираётган экан. Дугонам билан суҳбатлашганимда фарзандида хасталик анча оғир ўтганини айтди. Институтда бирга ўқиб юрган кезларимиз унинг ўзи ҳам тез-тез касалликка чалинарди. Шунга онаси каби боланинг ҳам иммунитети паст бўлса керак, деб ўйладим. Лекин шифокор билан учрашганимда у тумандаги тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммо гепатитга сабаб бўлаётганини айтди.
– Гепатит жигар билан боғлиқ бўлган касалликдир, – дейди юқумли касалликлар бўйича болалар шифокори Дилфуза Ҳамроева. – Истеъмол қилаётган ичимлик сувимиз бевосита жигар фаолиятига боғлиқ. Шу сабаб ундаги кимёвий унсурлар организмга озуқа бериш билан бирга, зарар етказиши ҳам мумкин. Айниқса, сувнинг таркиби ўзгарса, нафақат гепатит, балки бошқа юқумли меъда-ичак тизими хасталикларини юзага келтириши мумкин. Сувга хлор қўшилишининг сабаби айнан юзага келадиган юқумли касалликларнинг олди олишга қаратилган.
Сув қувурлари узоқ вақт хизмат қилгани учун занглайди ва ҳар хил микробларни ўзида сақлаб қолади. Хлор эса бу микробларни парчалайди ва сувни истеъмолга яроқли қилиб беради. Лекин шунда ҳам сувни қайнатиб, совутилган ҳолда истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.
Жорий йилда Юртбошимизнинг Қашқадарё вилоятида ўтказган видеоселектор йиғилишида аҳоли томонидан ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар кўтарилди. Президентимиз ўшанда мавжуд камчиликларни ўрганиш учун мутасаддиларга топшириқ берган эди. Биз ҳам ўз навбатида ушбу муаммо бўйича Бекободдаги аҳвол билан яқиндан танишдик.
– Қишлоғимизда 20 йилдан буён тоза ичимлик суви йўқ, – дейди бемор болалардан бирининг отаси Нурбек Самадов. – Икки қишлоқ наридан сув олиб келамиз. Идишларимизга яшил рангли ҳар хил чўкмалар тўпланиб қолади. Мажбурмиз шу сувдан фойдаланишга. Бунинг ортидан аҳоли ўртасида жигар, буйрак билан боғлиқ хасталиклар тез-тез учрамоқда. Айниқса, болалар гепатит билан касалланаётгани кишини жиддий ташвишга солади.
Айни кунларда “Обод қишлоқ” дастури асосида юртимизнинг чекка-чекка ҳудудларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш мақсадида шинам уйлар, гузарлар, равон йўллар қурилмоқда. Мана шу эзгу ишлар сирасига аҳоли учун табиий тоза ичимлик сувини етказиб бериш ҳам йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Мухтасар қилиб айтсак, болангизни гепатитдан сақлаш учун шахсий гигиенага қоидаларига амал қилинг!
Дилдора ФАЙЗИЕВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири