Тангоб

Баҳор фаслининг фараҳбахш тонги. Деразадан қуёш чиқишини кутарканман, бетоқатланиб соатга қарайман. Бугун ниҳоят анча вақтдан бери орзу қилганим – Фарғонага боришимни ўйласам, юрагим ҳапқиради.

Тезда нарсаларимни йиғиштириб, сафарга отландим. Ушбу сафардан кўзлаган муродимиз мутасадди ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан водийликларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида ўрганиш, уларга ижобий ечим топишдан иборат.

Йўл-йўлакай гуруҳимиз аъзолари билан бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар ҳақида мириқиб суҳбатлашиб боряпмиз. Катта ёшли, юзлари қуёшда қизарган ҳайдовчи амаки эса мақсадимизни англаб, гапиришга чоғланади: “Одамлар ташвиши билан юрибсизларми? Савоб иш бошлабсизлар, раҳмат сизларга!”

Водийликлар мутойибага уста экани сир эмас. Бир оғиз гап билан “мот” бўласиз. Ҳайдовчи ҳам Юсуфжон қизиқ зуваласидан эканлиги дарров билинди. Одамшавандалигидан тезда тил топишиб кетдик. Ҳазил-мутойиба авжига чиқди. Автомашинамиз эса текис ва равон йўлда елдек учиб бормоқда. Ён-атрофнинг гўзаллиги киши ҳайратини оширади.

Шу ўринда айтиш керакки, истиқлол йилларида Қамчиқ довонида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Довон ошиб ўтадиган автомобиль йўли реконструкция қилинди, умумий узунлиги 1,5 километр бўлган иккита туннель қурилди. Авваллари йўловчиларга жиддий хавф туғдирган илонизи йўллар халқаро аҳамиятга эга бўлган катта трассага айлантирилди. Кейинчалик пурвиқор тоғлар бағридан узоқ масофали, яъни 19,2 километрлик темир йўл туннели барпо этилди. 2016 йилнинг 22 июни санаси эса мамлакатимиз ҳаётида ўчмас из қолдирди. Шу куни 123,1 километрлик Ангрен-Поп темир йўли ва унинг таркибидаги 19,2 километрлик туннель қурилиши ниҳоясига етиб, ишга туширилди. Бугун ушбу темир йўл водийликлар оғирини енгил қилмоқда.

– Ана меҳмонжонлар, бағи бизди переваль. Ҳозир янги қурилган пойиз йўлини кўрасизлар, – ҳайдовчи аканинг сўзларидан сергак тортдим. Шу топда ёмғир ёғишни бошлади. Машина деразасини очиб, салқин ҳавога тўйиндим. Тоғнинг мусаффо ҳавоси элитди. Қанча вақт тин олганимни билмайман. Уйғонсам машинамиз ҳали ҳам катта йўлда елдек учиб бормоқда. Бироз йўл юргач, кўзлаган манзил – Ўзбекистон туманига етиб келдик. Маҳаллий мутахассислар билан учрашгач, улар билан биргаликда Тангоб қишлоғига йўл олдик.

Шу ўринда бир гап. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши айни муддао бўлди. Одамлар ўз дардини айтиб борадиган эшик, муаммоларини тинглайдиган инсонлар борлигидан мамнун бўлмоқда. Энди раҳбарлар хонасида ўтириб эмас, аксинча одамлар орасида юриб, уларнинг дардига шерик бўлмоқда, муаммоларига ечим топмоқда.

Яна ўқинг:  “Ғунча” бағридаги шодон болалар

Биз ҳам шу мақсадда тумандаги “Файзиобод” ва “Фаровон” маҳаллаларида яшаётган аҳоли хонадонларида бўлиб, улар билан дилдан суҳбатлашдик.

Файзиободлик Мамасоли Кимсановнинг дарди аслида халқ дарди экан.

Маҳалламиз йўлини кўрган бўлсаларингиз керак. Ўттиз йил бўлди қурилганига. Бирор марта тузатилмади. Машиналар майли, одамлар ҳам юришга қийналади. Асфальт тупроққа сингиб кетган. Айниқса, қор-ёмғирли кунларда бу йўлда юриш анча қийин. Бу ҳақида беш йилдан бери турли ташкилотларга ёзаман. Бироқ натижа йўқ, – дейди Мамасоли ака.

Ушбу муаммоли масала шу ернинг ўзида мутахассислар билан бирга ўрганиб чиқилди. Шикоят эьтиборга олинди ва назорат дафтарига қайд қилинди. Орадан бир кун ўтгач, телефонимга Мамасоли ака қўнғироқ қилиб, масала ижобий ҳал этилгани, маҳалланинг ички йўлларини текислаш ва асфальт қилиш 2019 йил режасига киритилганини айтиб, бизга миннатдорлик билдирди.

Қишлоғимиздаги электр токи ўтган симёғочлар анча эскирган, – дейди шу маҳалла фуқароси Мансуржон Ҳамдамов. – Бир кун келиб, қулаб тушмаса эди, деб хавотирдамиз. Яна симёғочлар экинзорларнинг ўртасидан ўтган. Бу эса деҳқонларимизга турли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Шу масалани ижобий ҳал этилишига кўмак берсангизлар, хурсанд бўлардик.

Қувонарлиси, ушбу муаммо ҳам жойида ижобий ҳал этилди.

Тангоблик Вафохўжа Йўлдошев афғон уруши қатнашчиси. У қишлоқ бўйича ягона байналмилал жангчи ҳисобланади. Унинг ижтимоий ҳимояси “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди туман таянч маскани ва Ёшлар иттифоқининг туман бўлими вакиллари зиммасига юклатилди.

Шунингдек, “Файзиобод” ва “Фаровон” маҳалла аҳли ичимлик сувининг шўрлигидан шикоят қилди. Уларнинг айтишига қараганда одамлар сувни тиндириб, сўнг истеъмол қилишаркан. Туман мутахассислари ушбу масалага тўхталиб, қишлоқдан 30 километр узоқликда тоза ичимлик суви борлиги, айни пайтда уни ушбу маҳаллаларга ҳам тортиб келиш лойиҳаси устида мутахассислар иш олиб бораётганини айтишди. Биз эса ушбу муаммо тез кунда ижобий ҳал этилишига умид билдирдик.

Яна бир гап. Қайсидир йиллари Тангоб қишлоғига яхши ниятлар билан газ қувури тортилган. Лекин кейинчалик баъзи муаммолар туфайли ҳудудга табиий газ етказиб берилмай қўйган. Афсуски, соҳа ходимларининг масъулиятсизлиги туфайли баъзи хонадонларга фойдаланилмаган табиий газ учун катта миқдорда қарздорлик ёзилган. Қолаверса, аҳоли балонли газ билан тўлиқ таъминланмаган. Ушбу масалалар ҳам ўз ўрнида туман газ идораси вакиллари иштирокида ўрганилиб, керакли ечим топилди.

Яна ўқинг:  Ҳуқуқингизни биласизми?

Шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга кўмак бериш бўйича қатор муаммолар ижобий ҳал этилди. Бир сўз билан айтганда сўлим водийга сафаримиз ҳар томонлама самарали бўлди. Энг асосийси, фарғоналиклар билан суҳбатлашиб, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончи баланд эканидан хурсанд бўлдик.

 

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ,

Тошкент – Фарғона – Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: